Спорт | 11:31 / 26.05.2025
7994
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ўсмирлар жамоасининг ЖЧ гуруҳ босқичидаги рақиблари маълум бўлди

Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси U-17 Жаҳон чемпионати қуръаси натижаларига кўра, Парагвай, Панама ва Ирландия билан бир гуруҳдан жой олди.

Фото: ЎФА

Жорий йилнинг 3 ноябридан 25 ноябрига қадар Қатар майдонларида ўтказиладиган U-17 жаҳон чемпионатига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси J гуруҳида Парагвай, Панама ва Ирландия вакилларига қарши баҳс олиб борадиган бўлди.

Барча гуруҳлар:

A гуруҳи: Қатар, Италия, Жанубий Африка, Боливия
B гуруҳи: Япония, Марокаш, Янги Каледония, Португалия
C гуруҳи: Сенегал, Хорватия, Коста-Рика, БАА
D гуруҳи: Аргентина, Бельгия, Тунис, Фижи
E гуруҳи: Англия, Венесуэла, Гаити, Миср
F гуруҳи: Мексика, Корея Республикаси, Кот-д’Ивуар, Швейцария
G гуруҳи: Германия, Колумбия, КХДР, Салвадор
H гуруҳи: Бразилия, Ҳондурас, Индонезия, Замбия
I гуруҳи: АҚШ, Буркина-Фасо, Тожикистон, Чехия
J гуруҳи: Парагвай, Ўзбекистон, Панама, Ирландия
K гуруҳи: Франция, Чили, Канада, Уганда
L гуруҳи: Мали, Янги Зеландия, Австрия, Саудия Арабистони.

Ўзбекистон илк ўйинни 5 ноябр куни Парагвайга қарши ўтказади. 8 ноябр куни Ирландияга қарши майдонга тушади, гуруҳ босқичи 11 ноябр куни Панамага қарши ўйин билан якунланади.

Ўйинларнинг барчаси Доҳадаги Aspire zone стадионида бўлиб ўтади.

Қуръа маросимидан сўнг жамоа бош мураббийи Исломбек Исмоилов мусобақа ва рақиблар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Ҳар учала рақиб ҳам ўз минтақасининг кучли вакиллари саналади ва бу мусобақага муносиб тарзда йўл олишган. Шу боис ҳар бир ўйинга алоҳида ва пухта тайёргарлик кўрамиз.

Парагвай – Жанубий Американинг жисмоний куч, интизом ва техника уйғунлиги билан ажралиб турадиган жамоаси. Улар ҳеч қачон курашдан чекинмайди. Панама эса CONCACAF минтақасида йилдан-йилга ўсиб келаётган футбол мактабига эга. Уларнинг ўйин услуби тезлик, қарши ҳужум ва юқори прессингга асосланган. Ирландия классик Европа футболи вакили бўлиб, кучли шаклланган ўйин ва интизом билан ажралиб туради», – дея унинг сўзларини келтиради ЎФА матбуот хизмати.

У «гуруҳда осон рақиблар йўқлиги»ни таъкидлади.

«Шубҳасиз, гуруҳдаги барча жамоалар кучли. Бу босқичда осон рақиб йўқ. Аммо биз ҳам Осиё чемпионлари сифатида ушбу мусобақада шунчаки иштирок учун эмас, балки исталган жамоага қарши рақобат кўрсатиш, ўз салоҳиятимизни намоён этиш ва юртимиз номини муносиб ҳимоя қилиш учун ҳаракат қиламиз.

Жамоамизда ишонч бор, сўнгги йилларда катта тажриба орттирган, бир қатор оғир баҳслардан ўтган ва энди ҳар бир ўйинга чуқур таҳлил, аниқ режа ҳамда юксак руҳий тайёргарлик билан чиқади. Бор эътиборимизни рақибларни чуқур ўрганишга, иқлим ва муҳитга мослашишга, шунингдек, футболчиларимизни руҳий ва тактик жиҳатдан энг юқори даражада тайёрлашга қаратамиз. Юртимиз байроғини жаҳон миқёсида юқори кўтариш ва футбол мухлисларига қувонч улашиш биз учун шарафдир», – дея таъкидлади Исломбек Исмоилов.

Маълумот ўрнида, мазкур мусобақа 327 ноябр кунлари Қатарда бўлиб ўтади. 12 гуруҳда дастлабки икки ўринни эгаллаган 24 жамоа ва энг яхши 8 та 3-ўрин соҳиблари 1/16 финал босқичига чиқади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси апрел ойида Саудия Арабистонида бўлиб ўтган Осиё кубоги финалида икки киши кам бўлиб ўйнаганига қарамай, мезбонларни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, чемпион бўлганди.

Бу Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси тарихидаги иккинчи Осиё кубоги бўлди.

Ушбу турнирда Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси мағлубиятга учрамади, гуруҳда Таиланд (4:1), Хитой (2:1) ва Саудия Арабистони (3:0), чоракфиналда БАА (3:1), яримфиналда КХДР (3:0) каби рақиблар устидан ғалаба қозонди.

Жамоа чоракфинал йўлланмаси билан биргаликда U-17 жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳам кафолатлаганди.

Мавзуга оид