Жаҳон | 21:10 / 25.05.2025
1190
2 дақиқада ўқилади

Hannover банки Германия собиқ канцлери Шрёдернинг ҳисобрақамини блоклаган — Bild

Герҳард Шрёдернинг ҳисобрақамига ҳар ярим йилда тахминан 200 минг евро пул тушиб турган. Банк бўлса АҚШ санкцияларидан қўрқиб, собиқ канцлернинг ҳисобрақамини блоклаган.

Герҳард Шрёдер Фото: РИА Новости / Алексей Витвицкий

Sparkasse Hannover банки Германия собиқ канцлери Герҳард Шрёдернинг Россиядан пул ўтказмалари келиб тушган ҳисобрақамини блоклаб қўйди, деб хабар беради Bild. Таъкидланишича, ўтказмалар ҳозирда амалга оширилмаяпти.

Собиқ канцлерга йўлланган хатда қайд этилишича, банк раҳбарияти бу каби қарорни АҚШнинг молиявий ташкилотларга нисбатан эҳтимолий санкцияларидан қўрққани боис қабул қилган. Шунга қарамай Шрёдер бирорта санкциялар рўйхатига киритилмаган.

Нашр маълумотларига кўра, блокланган ўтказмалар унинг Nord Stream 2 AG бошқарув раиси лавозимидаги фаолияти билан боғлиқ.

Шрёдер газ қувури операторидан ҳар ярим йилда тахминан 200 минг евро пул олиб келган. Чекловлар жорий этилгач, банк ушбу маблағларни қайтаришни бошлаган, натижада, собиқ канцлер қарийб ярим миллион евросиз қолган. Bild’га кўра, блоклашлар Германиянинг Ҳанновер шаҳрида «Яшиллар» партиясидан бўлган Белит Онай ҳокимият тепасига келганидан атиги бир неча ҳафта ўтиб содир бўлган. У аввалроқ Шрёдерни танқид қилиб, ундан шаҳар фахрий фуқароси унвонини олиб қўйишни ёқлаб чиққан эди.

Мавзуга оид