Жаҳон | 21:59 / 23.05.2025
1251
2 дақиқада ўқилади

Финландия парламенти бош котиби давлатга хиёнатда гумонланмоқда

Гап миллий хавфсизликка боғлиқ давлат сири ҳақида кетмоқда. Парламент бош котиби Антти Пелттари махфий маълумотни ошкор этганликда гумон қилиняпти.

Фото: Mikko Stig / Lehtikuva

Финландия парламенти бош котиби Антти Пелттари махфий маълумотни ошкор этгани учун давлатга хиёнатда гумонланмоқда, деб хабар беради Helsingin Sanomat.

Маълумотларга кўра, гап миллий хавфсизликка боғлиқ давлат сири ҳақида кетмоқда. Yle телерадиокомпанияси ушбу маълумотни тасдиқлатишга муваффақ бўлган. Пелттари тўрт йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

22 май куни парламент бош котиби Финландия хавфсизлик полицияси (SUPO) бошлиғи лавозимида мансаб жиноятини содир этганликда гумон қилинаётгани маълум бўлди. Пелттарининг ўзи ҳам сўроққа чақирилганини айтган. Унинг сўзларига кўра, терговчиларнинг асосий эътирози у «SUPO’нинг истеъфодаги ходимлари хизмат фаолияти тўғрисидаги махфий маълумотларни қўлга киритиш имкониятига чек қўймагани учун» бўлмоқда. Пелттари ўзини айбдор ҳисобламаслигини таъкидлаган. У 2011-2024 йиллар давомида SUPO’ни бошқарган.

Хавфсизлик полицияси ходимларининг эҳтимолий мансаб жиноятларига қарши тергов 2024 йилнинг май ойида бошланган. Iltalehti’нинг ёзишича, иш Россия махсус хизматлари 2023 йил ёзда амалга оширган ахборот операцияси билан боғлиқ. Пелттаридан ташқари SUPO контрразведка бўлими бошлиғи Пертти Хааксулуото ҳам гумонланувчилар қаторида. Хавфсизлик полицияси ходимлари россиялик информаторлар билан алоқада бўлгани айтилмоқда. Бу эса Хаакслуотонинг компютери бузиб кирилишига олиб келган, натижада, махфий маълумотлар бегоналар қўлига тушиб қолган.

2023 йил августда РТ ва «Россия-24» телеканали SUPO ходимлари разведка маълумотларини олиш учун Финландияда яшовчи россияликларни оғдириб олишга уринаётгани ҳақида сюжет намойиш этганди. Видео «қаҳрамон»ларидан бири музёрар кемалар қуриш билан шуғулланадиган Helsinki Shipyard Oy компанияси вице-президенти Валерий Тимофеев эди. 2024 йил ёзда у давлатга хиёнатда айбланиб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Мавзуга оид