Жаҳон | 17:22
2641
2 дақиқада ўқилади

Ватиканда янги Рим папасининг инаугурацияси бўлиб ўтди

Маросимга ташриф буюрган хориж давлатлари етакчилари орасида Украина президенти Володимир Зеленский, АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс, Еврокомиссия раҳбари, Испания ва Белгия қироллари ҳам бор.

Фото: David Ramos / Getty Images

Ватиканда янги Рим папаси Лев XIV нинг лавозимга киришиш маросими бўлиб ўтди.

Маросим аввалида Лев XIV «папамобил»да Авлиё Пётр майдонини айланиб, йиғилганлар билан кўришди. Шундан кейин у Авлиё Пётр базиликасидаги қабр олдида месса (католикларда ибодат ва шу ибодат вақтида айтиладиган куй) ижро этди. Сўнгра Лев XIV га папалик ҳокимиятининг рамзлари — «балиқчи узуги» ва қўй жунидан тикилган, устига хочлар тасвири туширилган лента — паллий топширилди.

Ватиканнинг маълум қилишича, маросимга 150 мингга яқин одам тўпланган. Инаугурация ибодати давомида янги Рим папаси тинчлик ва бирликка даъват этди ҳамда «Ер ресурсларини эксплуатация қиладиган ва энг камбағалларни четга чиқарадиган» иқтисодий ҳақиқатни қоралади.

Рим папасининг лавозимга киришиш маросимига хориж давлатлари ва диний конфессияларнинг 150 дан ортиқ делегациялари ташриф буюрди. Улар орасида Украина президенти Володимир Зеленский, АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ва давлат котиби Марко Рубио, Италия бош вазири Жоржа Мелони, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен, Испания қироли Филипп VI, Белгия қироли Филипп ва бошқа қатор дунё етакчилари ҳам бор.

Қайд этилишича, маросимдан кейин Рим папаси Володимир Зеленский билан учрашув ўтказади. Эртага эрталаб эса Лев XIV Жей Ди Вэнс билан кўришади. Бундан ташқари, Зеленский ва Вэнс маросим доирасида бир-бири билан қўл бериб кўришган. Бу уларнинг феврал охирларида Оқ уйда содир бўлган баҳсидан кейинги биринчи учрашуви ҳисобланади.

Америкалик кардинал Роберт Прево 8 май куни янги Рим папаси этиб сайланган эди. У ўзига Лев XIV исмини танлаган. Ундан олдинги Рим папаси Франциск эса 21 апрел куни 88 ёшида вафот этганди.

Мавзуга оид