Бир ойда 590 мингдан ортиқ йўл ҳаракати қоидабузарлиги аниқланди — ИИВ
«Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари натижасида аниқланган қоидабузарликларнинг 3 мингдан ортиғи транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш билан боғлиқ.

Фото: Видеодан кадр
Ички ишлар вазирлиги 15 апрелдан 15 майга қадар ҳамкор ташкилотлар иштирокида республика миқёсида ўтказилган «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирларининг натижалари билан бўлишди.
Қайд этилишича, тунги вақтларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳудудларда ўнтадан соҳавий хизматлардан иборат ҳамкор гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган. Натижада, республика бўйича кўча ва жамоат жойларида безорилик жинояти 25,6 фоизга камайишига эришилган. Тезкор профилактик тадбирлар давомида ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли тиғли буюмларни олиб юрган жами 17 мингдан ортиқ шахс аниқланган.
Шунингдек, жиноят содир этиб, суд ва тергов идораларидан яшириниб юрган 100 дан ортиқ қидирувда бўлган шахслар профилактика инспекторлари томонидан аниқланган. Бундан ташқари, майда безорилик содир этган 10 мингдан ошиқ шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган.
Профилактик чора-тадбирлар натижасида республика бўйича олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 36 фоизга, шунингдек, вояга етмаган ва ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар 20 фоизга камайишига эришилган.
Таъкидланишича, тадбир давомида 590 мингдан ортиқ йўл ҳаракати қоидабузарликлари қайд этилган бўлиб, 67 мингдан ортиқ транспорт воситаси жарима майдонларига жойлаштирилган. Уларнинг 3 мингдан ортиғи — транспорт воситасини маст ҳолда бошқарган, 1900 дан ортиғи — ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмаган, 700 дан ортиғи — ҳайдовчи транспорт воситаларига ноқонуний жиҳозлар, яъни сирена ва мигалка ўрнатган, 48 мингдан ортиқ шахсда машинани бошқариш бўйича тегишли ҳужжатлар бўлмаган.