Ўзбекистон | 13:30
11189
4 дақиқада ўқилади

Учқудуқда овчи эҳтиётсизлик оқибатида шеригини отиб қўйди

Овчининг қамишлар орасида тўнғизга қарата отган ўқларидан бири ўзидан бироз узоқроқда турган шеригига бориб теккан. Яраланган овчи ҳодиса жойида вафот этган.

Навоий вилоятининг Учқудуқ туманига ов қилиш учун бориб, ўз шеригини отиб қўйган шахс жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳукми билан танишди.

Суд ҳужжатида келтирилишича, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида яшовчи 30 ёшли Д.Н. Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида яшовчи таниши А.Р. билан бирга 2025 йил 2 феврал куни Учқудуқ тумани ҳудудига ов қилиш учун борган. Уларга навоийлик таниш овчилар ҳам қўшилган.

Ов қилиш учун Мингбулоқ овули атрофи, туман марказидан 270 км олисдаги чўл ҳудудида танланган. Овчилар Қирғин номли ҳудудга боришган. Ов жараёнида Д.Н. тўнғизни отиш учун қамишзорга кирган. У ортидан шериги А.Р. ҳам келганини билмаган. Шу тариқа Д.Н. тўнғизга қарата ов қуролидан икки марта ўқ узган. Аммо у отган ўқлардан бири ўзидан 120 метр узоқликда турган шеригига бориб теккан.

Жароҳат олган А.Р. воқеа жойида вафот этган.

Д.Н. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган ва бу ишни атайлаб қилмаганини айтган.

Иккита машинада эдик. Тўхтаганимизда 3 та ит машинадан тушиб, қамиш ва саксовул оралаб югуриб кетди. Улар ичкарида тинимсиз ҳура бошлади. Шунда итлар тўнғиз топганини сездим. Сўнг ҳаммага “кирманглар, мен ўзим ичкарига кираман” деб, қуролни машинадан олдим ва югуриб ичкарига кириб кетдим.

Итлар ҳураётган томонга қараб 200 ёки 300 метрлар югурдим. Кейин секин юра бошладим. Шунда мен томонга қамишлар оралаб тўнғиз югуриб келаётганини кўрдим. Тўнғиз мени кўриб ўнг томонга қараб қоча бошлади. Тезликда икки маротаба унга қарата ўқ уздим. Лекин тўнғиз йиқилмади.

Шу орада А.Р. ким отди, деб бақирди ва ёрдамга чақирди. Олдига югуриб борсам, унинг чап кўксига ўқ теккан экан. Рация орқали қолган шерикларимизга А.Р. тан жароҳати олганини айтдим. Улар етиб келишди. А.Р.га қўлимиздан келганча ёрдам қилишга уриндик, аммо фойдаси бўлмади, орадан 15 дақиқалар ўтиб у вафот этди. Унинг жасадини машинага ортиб, Учқудуқ туманидаги шифохонага олиб бордик. Шифокорлар А.Р.нинг вафот этганини тасдиқлашди”, деган Д.Н. ўз кўрсатмасида.

Шунингдек, у шеригини отиш нияти бўлмаганлигини, эҳтиётсизлиги оқибатида уни кўрмай қолганини билдирган ҳамда суддан енгиллик сўраган.

ЖИБ Учқудуқ туман судининг 2025 йил 14 майдаги ҳукми билан Д.Н. Жиноят кодекси 102-моддаси (Эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) 1-қисми ва 248-моддаси (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 1-қисми билан айбли деб топилган. Унга 2 йил овчилик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Мавзуга оид