Ўзбекистонликлар гўшт, сут ва ёнилғи нархлари ошишини кўпроқ сезишяпти
Апрел ойида Ўзбекистон аҳолисига сезилган инфляция 14,4 фоизни ташкил этди. Марказий банк сўровномасида қатнашганларнинг катта қисми гўшт ва сут ҳамда электр ва табиий газ нархлари юқори даражада ўсганини таъкидлаган. Ой давомида ўсимлик ёғи, дорилар, қурилиш моллари, кафе-ресторан хизматлари, тиббий хизматлар нархларида ўсишни сезганлар улуши ҳам кўпайган.

Фото: Getty Images
Марказий банк апрел ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан сезилган инфляция даражасига оид сўровнома натижаларини эълон қилди.
Унга кўра, аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 14,4 фоизни ташкил қилган. Ҳудудлар кесимида инфляциянинг энг юқори даражаси Тошкент шаҳри (18,2 фоиз) ва Андижон вилоятида (16,4 фоиз), энг паст даражаси эса Навоий вилояти (12,8 фоиз) ва Қорақалпоғистон Республикасида (12,4 фоиз) сезилган.
Сўровномада қатнашганларнинг катта қисми гўшт ва сут ҳамда электр ва табиий газ нархи юқори даражада ўсганини таъкидлаган.
Шунингдек, ой давомида бензин ва ёқилғи, мева-сабзавотлар, ўсимлик ёғи, дорилар, қурилиш моллари, кафе-ресторан хизматлари, тиббий хизматлар, ижара ҳақи, таълим хизматлари, шакар ва қандолат, таъмирлаш, маиший хизматлар нархларида юқори даражада ўсишни сезганлар улуши кўпайган.
Даромадга эга бўлмаганлар ва даромадлари 5 млн сўмдан юқори бўлган аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси республика бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори даражада шаклланган. Хусусан, 15 млн сўмдан кўп даромад эгалари сезган инфляция 19,6 фоизни ташкил қилган.
Аввалроқ апрел ойида истеъмол секторидаги нархларнинг йиллик ўсиш даражаси 10,1 фоизни ташкил этгани хабар қилинганди. Ўтган ойда сезилган ва расмий инфляция ўртасидаги фарқ 4,3 фоиз бўлган.
Мавзуга оид

17:35 / 04.06.2025
Ўзбекистон кетма-кет учинчи ой энг кўп олтин сотган давлат бўлди

16:23 / 02.06.2025
Май ойида инфляция 1,5 фоизгача тезлашди. Бунга электр ва газ нархларининг ошиши катта таъсир кўрсатган

18:41 / 29.05.2025
Самарқандда 15 давлат Марказий банклари раҳбарлари молиявий инклюзивлик ва “яшил молия” бўйича мулоқот ўтказди

22:41 / 24.05.2025