Ўзбекистон | 13:29
1444
3 дақиқада ўқилади

Божхона органлари томонидан фуқароларга пулли хизматларни кўрсатиш тартиби эълон қилинди

Давлат божхона хизмати органлари томонидан жисмоний ва юридик шахслар учун ихтиёрий пулли хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Instagram / bojxona.official

Низом давлат божхона хизмати органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга шартнома асосида ёки интерактив хизматлар орқали электрон шаклда пуллик хизматлар кўрсатиш тартибини белгилайди.

Божхона органлари тузилмалари томонидан кўрсатиладиган пулли хизматлар буюртмачи учун ихтиёрий ҳисобланади.

Бунда, божхона органлари тузилмалари томонидан пулли хизматлар бўйича қилинган мурожаатни кўриб чиқилишини рад этишга йўл қўйилмайди.

Буюртмачи пулли хизмат кўрсатишни сўраб, ўз ихтиёрига кўра исталган божхона органлари тузилмаларига ёзма ёки Божхона қўмитасининг расмий веб-сайти орқали электрон тарзда мурожаат қилади.

Жисмоний шахслар Миллий кинология марказига оғзаки тарзда мурожаат қилишлари мумкин, бунда ушбу марказ томонидан мурожаатларнинг ҳисоби алоҳида тартибда юритилади.

Веб-сайт орқали мурожаат қилинганда, ушбу мурожаат Божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига автоматик равишда келиб тушади.

Ёзма шаклда тақдим этилган мурожаат келиб тушган кундан кечиктирмай Божхона қўмитасининг масъул ходими томонидан ЯАТга киритилади.

Мурожаат ЯАТда келиб тушган куннинг ўзида электрон тарзда рўйхатдан ўтказилади.

Мурожаат келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида тегишли божхона органлари тузилмаси ходими томонидан кўриб чиқилади ва кўриб чиқиш натижаси бўйича мурожаат қабул қилинади ёки рад этилади.

Божхона органлари тузилмалари томонидан мурожаатдаги маълумотларнинг тўғри ва тўлиқ эмаслиги аниқланганда, мурожаат рад этилади ҳамда бир иш куни ичида бу ҳақда буюртмачига рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда, жавоб хати юборилади.

Буюртмачи мурожаат рад этилишига асос бўлган сабабларни бартараф этган ҳолда, такроран мурожаат қилиши мумкин. Такроран киритилган мурожаат ушбу низомга мувофиқ умумий асосларда кўриб чиқилади.

Мурожаат пулли хизмат кўрсатиш учун қабул қилинганда, бир иш куни ичида буюртмачи ва тегишли божхона органлари тузилмаси ўртасида шартнома тузилади (бундан оғзаки тарзда қилинган мурожаатлар мустасно) ҳамда буюртмачига пулли хизмат кўрсатиш бошланади.

Пулли хизмат учун тўловларни ва хизмат кўрсатишни амалга ошириш тартиблари, муддатлари ҳамда бошқа шартлари шартномада белгиланади.

Пулли хизмат кўрсатиш қуйидаги ҳолларда якунланган деб ҳисобланади:

  • Божхона қўмитасининг марказий аппарати томонидан – белгиланган хизматларни кўрсатиш якунланганидан сўнг;
  • Миллий кинология маркази томонидан – хизмат туридан келиб чиқиб, диагностик, даволаш, ўқитиш, сақлаш ва/ёки бошқа хизматлари якунланганидан сўнг;
  • Божхона институти томонидан – пулли ўқув курси битирувчиларига белгиланган намунадаги сертификатлар тақдим этилганда ва/ёки бошқа хизматларни кўрсатиш якунланганидан сўнг;
  • Марказий божхона лабораторияси томонидан – мутахассис фикри тақдим этилганидан ва/ёки бошқа турдаги хизматларни кўрсатиш якунланганидан сўнг.

 

Мавзуга оид