Ўзбекистон | 08:55 / 12.05.2025
9900
5 дақиқада ўқилади

Тошкентда кўп қаватли турар жой қуриш учун берилган хулоса судда бекор қилинди

Мирзо Улуғбек туманидаги саноат зонасида қурилаётган “Ботаника” турар жой мажмуаси ҳудуддаги тадбиркорларнинг эътирози сабаб тўхтатиладиган бўлди: суд Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасининг ушбу манзилда кўп қаватли турар жой қуриш учун берилган хулосасини ҳақиқий эмас деб топди. Бош прокурор қурувчи фойдасига суд қарорини бекор қилиш бўйича протест киритган.

Мирзо Улуғбек туманидаги “Ботаника” боғи яқинида жойлашган саноат зонаси ҳудудида қурилаётган “Ботаника” номли турар жой мажмуаси бўйича 1 йилдан буён судлашув давом этмоқда. Тадбиркорлар ушбу турар жой мажмуаси белгиланган талабларга зид равишда саноат зонасида қуриляпти, деб ҳисоблашмоқда. Kun.uz ишга доир суд ҳужжатлари билан танишди. 

Иш ҳужжатларига кўра, “United Industrial Equipment” МЧЖ судга мурожаат қилиб, Тошкeнт шаҳар қурилиш бош бошқармасининг саноат зонасида “дом” қуриш ҳуқуқини берувчи 2023 йил 15 августдаги 1726269-126017-сонли рухсатномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Бундан ташқари суддан қурилиш бош бошқармасининг 2023 йил 22 сентябрдаги 95161354-сонли хулосасини ҳам ҳақиқий эмас деб топиш сўралган.

Тошкент туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 19 апрелдаги ҳал қилув қарори билан МЧЖларнинг талабларини қаноатлантириш рад қилинган. Сўнгра иш Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанциясида кўриб чиқилган.

Судда иштирок этган Санитария – эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси мутахассиси “дом” қурилаётган манзил саноат зонасида жойлашганини, белгиланган талабларга асосан турар жой бинолари омборлардан камида 50 метр масофада жойлашган бўлиши кераклигини, мавжуд санитария меъёрларига мос келмаслигини билдирган. 

Мирзо Улуғбек тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими мутахассиси эса “United Industrial Equipment” ва “Unieq Finance Leasing” МЧЖлар ҳудудидан “Ботаника” кўп қаватли турар жой биноси фундаментигача бўлган орқалиқ масофа 4,6 метрни ва энг узоқ масофа 8,3 метрни ташкил этишини, шу боис бинони жойлаштириш схемасида кўрсатиб ўтилган оралиқ масофа талаби бузилганини маълум қилган. 

Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2024 йил 29 июндаги қарори билан дастлабки суд қарори ўзгартирилган ва жавобгар Тошкeнт шаҳар қурилиш бош бошқармасининг 2023 йил 22 сентябрдаги 95161354-сонли хулосаси ҳақиқий эмас деб топилган. Шунингдек, апелляция инстанцияси суди Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасига нисбатан хусусий ажрим ҳам чиқарган. Унда бошқарма томонидан қайд этилган хато ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида чора-тадбирлар белгилаш ва натижаси юзасидан бир ой муддатда Тошкент шаҳар маъмурий судига хабар бериш белгиланган.

Тошкент шаҳар маъмурий суди тафтиш инстанциясининг 2024 йил 13 сентябрдаги қарори билан апелляция инстанцияси қарори ва хусусий ажрими бекор қилиниб, дастлабки суд қарори ўз кучида қолдирилган.

Иш шу тариқа бир инстанция бошқасининг қарорини бекор қилган ҳолда Олий судга етиб келган. Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2025 йил 27 январдаги қарори билан эса Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2024 йил 29 июлдаги қарори ва хусусий ажрими ўз кучида қолдирилган.   

Бош прокурор Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг қарорини бекор қилиш бўйича протест киритган. 

"Ботаника" ТЖМ вакилининг Kun.uz'га тушунтиришича, мазкур ҳудуд президентнинг 2023 йил 26 июлдаги "Тошкент шаҳрини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 мартдаги 149-сонли қарорига мувофиқ Тошкент шаҳрида реновация лойиҳалари доирасига тушган. 

Ҳукуматнинг тегишли қарорига мувофиқ низоли ҳудуд реновация ҳудуди ҳисобланиб, у ерда жойлашган саноат, коммунал-омбор, ишлаб чиқариш объектларини шаҳардан ташқарига чиқариш белгиланган. Қурилаётган турар-жой мажмуаси эса, Тошкент шаҳрининг янги Бош режасида акс этган. 

"TOSHKENTBOSHPLANLITI" ДМнинг маълумотида Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган янги Бош режаси бўйича М.Улуғбек тумани, Немаът кўчасида жойлашган саноат объектлари шаҳар ташқарисига чиқарилиши кўрсатилган.

Қўшимча қилинишича, буларнинг барчаси Бош прокурор томонидан Олий суд Раёсатига киритилган протестда асослантириб берилган.

Мавзуга оид