Жаҳон | 19:47 / 12.05.2025
840
4 дақиқада ўқилади

Буюк Британия мигрантларни қабул қилиш қоидаларини кучайтирмоқчи

Янги ёндашув доирасида ҳукумат доимий яшаш учун рухсатнома ва фуқароликни тезда олиш имкониятидан воз кечмоқчи. Шунингдек, виза асосида ишчиларнинг жалб қилинишига чекловлар киритилиши режалаштирилмоқда.

Фото: REUTERS

Буюк Британия ҳукумати миграция сиёсатини кучайтиради ва мамлакатда яшашни хорижликлар учун «ҳуқуқ» эмас, балки «имтиёз»га айлантиради. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Кир Стармер маълум қилди.

«Бизда кўпроқ назорат бўлиши учун миграция тизимининг барча йўналишлари, жумладан, иш, оила ва таълим янада кучайтирилади. Қонун ижроси ҳар қачонгидан ҳам кескинлашади ва мигрантлар сони камаяди», — дейди Стармер.

Унинг сўзларига кўра, кўп йиллар давомида Британияда бизнесни хориждан кам маош оладиган ишчиларни жалб қилишга ундайдиган тизим мавжуд бўлган, бу эса маҳаллий ёшларга сармоя киритишни орқага сурган. 2022 йил июнидан 2023 йил июнига қадар мамлакатга соф миграция деярли 1 миллион кишини ташкил этган — бу 2019 йилга нисбатан тўрт баравар кўп. 2023 йил июнидан 2024 йил июнигача бу кўрсаткич 728 мингга қадар тушганига қарамай, Миллий соғлиқни сақлаш ва таълим тизимлари ҳаддан ташқари юкланган, уй-жой нархи эса кескин ошган. Стармер бу тизимни «ишдан чиққан» деб атади ва уни ўзгартириш ниятида эканини маълум қилди.

Янги ёндашув доирасида ҳукумат доимий яшаш учун рухсатнома ва фуқароликни тезда олиш имкониятидан воз кечмоқчи. Эндиликда Буюк Британияда доимий яшаш ҳуқуқи учун ариза топшириш учун мамлакатда беш йил эмас, ўн йил қонуний яшаш талаб қилинади. Фақатгина мамлакат иқтисодиёти ва жамиятига сезиларли ҳисса қўшганларга истиснолар қўлланади.

Инглиз тилини билиш бўйича талаблар ҳам оширилади. Барча мигрантлар, шу жумладан, ўзгалар қарамоғида бўлган вояга етган шахслар ҳам инглиз тилини асосий даражада билишини исботлаши шарт бўлади. Бу интеграцияни яхшилаш, эксплуатациядан ҳимоя қилиш ва иш топиш имкониятларини кенгайтириш учун керак, дейилади ҳукумат ҳужжатида. Яшаш ҳуқуқини олишда устуворлик юқори малакали мигрантларга берилади. Хусусан, тезлаштирилган фуқаролик олиш ҳуқуқига шифокорлар, муҳандислар, IT-мутахассислар ва мамлакат учун зарур бўлган бошқа касб эгалари эга бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, виза асосида ишчиларнинг жалб қилинишига чекловлар киритилиши режалаштирилмоқда. Вақтинчалик визалар орқали доимий яшаш ҳуқуқини олиш имконияти ёпилади, иш, ўқиш ва оилани бирлаштириш каби барча йўналишлар бўйича талаблар кучайтирилади. Skilled Worker визасини олиш учун олий маълумот мажбурий шарт бўлади, ижтимоий парвариш соҳасида (care sector) эса хорижликларни ишга олиш тақиқланади. Чет эллик битирувчиларнинг ўқиш тугаганидан кейин мамлакатда қолиш муддати 2 йилдан 1,5 йилгача қисқартирилади. Миграция қоидаларини бузган иш берувчилар ва олий ўқув юртларига молиявий жазолар жорий этилади.

Шу билан бирга, Стармер ҳукумат миграцияга квоталар жорий қилиш ниятида эмаслигини, чунки сўнгги ўн йилдаги бундай уринишларнинг барчаси муваффақиятсизликка учраганини таъкидлади. BBC’нинг қайд этишича, бош вазирнинг режаси парламентда тасдиқланиши керак, у ерда лейбористлар мутлақ кўпчиликка эга. Агар тасдиқланса, ушбу чоралар 2026 йилдан эрта бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Мавзуга оид