Жаҳон | 21:52 / 11.05.2025
3596
2 дақиқада ўқилади

Хитой Ернинг электромагнит майдонини кузатиш учун 3 та сунъий йўлдошни орбитага учирди

Сунъий йўлдошлар орқали олинган маълумотлар коинот об-ҳавосини прогноз қилиш, радиоалоқа ва навигацион тизимларга таъсир кўрсатадиган ионосфера бузилишларини ўрганишда қўл келади.

Фото: Xinhua

Хитойнинг «Чанчжэн-6А» ташувчи ракетаси 11 май куни учта «Яоган-40-02» электромагнит мониторинг сунъий йўлдошини орбитага олиб чиқди.

Қайд этилишича, енгил уч поғонали ракета Хитой шимолидаги Шанси провинциясида жойлашган Тайюан космодромидан амалга оширилган. Космик аппаратлар белгиланган орбитага муваффақиятли чиққан.

ХХР аэрокосмик илм-фан ва техника корпорацияси маълумотларига кўра, сунъий йўлдошлар ер атрофи орбитасида электромагнит мониторинг ўтказиш ва янги технологияларни синовдан ўтказиш учун мўлжалланган.

Узунлиги 50 метрга етадиган модификация қилинган «Чанчжэн-6А» керосин/суюқ кислород жуфтлигидаги экологик тоза ёқилғида ишлайди ва 6,5 тоннагача фойдали юкни 500 километр баландликкача олиб чиқишга қодир.

Ернинг электромагнит майдонини кузатишга мўлжалланган сунъий йўлдошлар орқали олинган маълумотлар коинот об-ҳавосини прогноз қилиш, радиоалоқа ва навигацион тизимларга таъсир кўрсатадиган ионосфера бузилишларини ўрганиш, шунингдек, фойдали қазилмаларни қидириш ва сейсмик фаолликни кузатишда қўлланиши мумкин.

Аввалроқ Хитой Ер атрофидаги орбитада ўзининг космосдаги имкониятларини кенгайтириш мақсадида сунъий йўлдошлар ўртасида «ҳаво жанглари» ўтказишни бошлагани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид