Ўзбекистон | 11:39 / 11.05.2025
56386
2 дақиқада ўқилади

Андижон вилояти ҳокимлиги Шуҳрат Абдураҳмонов 15 ёшли қизни зўрлагани айтилган хабарга муносабат билдирди

Интернетда Андижон вилояти ҳокими вояга етмаган қизга нисбатан жинсий ҳаракатлар содир этгани ва бу бўйича далиллар борлиги айтиб чиқилди. Вилоят ҳокимлиги бу маълумотни «иғвогарона ва шахс шаънига тажовуз» деб атаган.

Фото: Википедия

Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Шуҳрат Абдураҳмонов вояга етмаган қизга нисбатан жинсий зўравонлик содир этгани айтилган хабарга раддия берди.

Ҳокимлик 9 май куни блогер Улуғбек Ашур YouTube саҳифасида «Андижон вилояти ҳокими ҳақидаги компромат бор гапми ёки тузоқми?» сарлавҳаси билан эълон қилинган видеога муносабат билдириб, видеода вилоят раҳбари Шуҳрат Абдураҳмоновга нисбатан «оғир ва асоссиз айбловлар» келтирилганини билдирган.

Видеода «андижонлик бир йигитда вилоят ҳокимининг катта бир жинояти ҳақида далил борлиги, унга кўра, ҳоким бир аёл ва унинг 15 ёшли қизига хонадон олиб бергани, аёлни ишга ҳам жойлагани, аммо унинг қизини бир неча бор зўрлагани» ҳақида гап кетади.

«Фуқаро маълумотига асосланган, ҳеч қандай далилга эга бўлмаган бундай постлар шахс шаъни, қадр-қиммати ва нуфузига очиқдан-очиқ тажовуздир», — дейилади ҳокимлик раддиясида.

Ижтимоий тармоқлардаги туҳмат ва ҳақоратларга асос бўлаётган манбалар шубҳали ва ноқонуний экани, бу ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилиши қўшимча қилинган.

«Айни пайтда Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан ушбу асоссиз маълумотларни тарқатганлар ва жамоатчилик онгида нотўғри фикр уйғотишга уринган шахслар юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинган. Қонунга мувофиқ равишда уларга нисбатан жазо чоралари қўлланади», — дейилади хабарда.

Ҳокимлик жамоатчиликдан фақат расмий ва ишончли манбаларга таянишни, иғвогарона маълумотларга учмасликни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил апрел ойида тармоқларда Шуҳрат Абдураҳмоновга тегишли экани тахмин қилинган интим видео тарқалганди. Ўшанда вилоят ҳокимлиги видео бўйича прокуратурага шикоят аризаси юборилганини билдирган, видеони тарқатганларни аниқлаш ва уларга чора кўриш бўйича ишлар бошланганди.

Мавзуга оид