Жамият | 10:44
1196
1 дақиқада ўқилади

Telegramʼда аккаунтлар сотилишини реклама қилиб, фуқароларнинг пулини ўзлаштириб келган шахс ушланди

Тошкент вилояти ИИББ Киберхавфсизлик бўлими ва Оҳангарон шаҳар ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида Telegram тармоғида PUBG ўйини учун аккаунтлар сотилишини реклама қилиб, фуқароларнинг пулларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб келган шахс ушланди.

Фото: ИИББ

Аниқланишича, оҳангаронлик 20 ёшли йигит ҳудудий ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, Telegram орқали аккаунт сотиб олиш мақсадида номаълум шахснинг банк картасига 9 миллион сўм пул ўтказганини, аммо ваъда қилинган аккаунт берилгач, бир кундан кейин қайтариб олинганини маълум қилиб қонуний чора кўришни сўраган.

Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида ушбу қилмишни Навоий вилоятида яшовчи 20 ёшли йигит содир этгани аниқланган ва у процессуал тартибда ушланган. У Telegram'даги турли каналларда эълон жойлаштириб, аккаунтларни сотиш баҳонасида фуқароларни чув тушириб, уларни бир кунга синов тариқасида фойдалантириб, кейин эса аккаунт паролларини ўзгартириб, пулларни ўзлаштириб келган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2005 й.т (Д.Ф) шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид