Фан-техника | 21:41 / 08.05.2025
2345
2 дақиқада ўқилади

Сунъий интеллект 2 минг йиллик тарихий ўрамни виртуал тарзда очди ва ўқиди

Ўрам вулқон кули остида куйиб кетган ва жуда мўрт бўлиб, қўлда очиш имконсиз эди.

Фото: Vesuvius Challenge

Олимлар биринчи марта эрамизнинг 79 йилидан бери Везувий вулқони кули остида ётган ва куйиб кетган тарихий ўрамда яширинган матн муаллифи ва номини аниқлади.

Ўрам Геркуланом шаҳридаги вилладан топилган ва Оксфорднинг Бодлиан кутубхонасида сақланаётган эди. У сунъий интеллект ёрдамида виртуал тарзда очилди. Матн эпикурчи-файласуф Филодимнинг «Иллатлар ва уларга қарши фазилатлар тўғрисида»ги рисоласи бўлиб чиқди.

Геркуланом ўрамлари вулқон кули остида куйиб кетган ва жуда мўрт бўлиб, қўлда очиш имконсиз эди. Ўрамларни анъанавий усуллар ёрдамида очиб бўлмади, аммо замонавий технологиялар, жумладан, рентген томографияси ва матнни машина ёрдамида ўрганиш технологияси уни шикастламасдан «ўқиш» имконини берди.

Vesuvius Challenge лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган сунъий интеллект ўрамнинг 3D моделини яратиш учун углерод сиёҳининг микроскопик изларини таҳлил қилди. Кентукки университети олимлари томонидан яратилган Volume Cartographer дастури ҳарфлар ва сўзларни аниқлашга ёрдам берди.

Филодимнинг рисоласи иллатлардан сақланиш ва эзгулик билан яшаш бўйича фалсафий қўлланмадир. Тадқиқотчилар янги технологиялар Геркуланум кутубхонасидаги бошқа варақ ва ўрамлардаги матнларни ўқиш имконини беришига умид қилмоқда.

Мавзуга оид