Ўзбекистон | 15:13
5399
3 дақиқада ўқилади

“Ҳаммамиз ватан ҳимоясига ҳар куни тайёр бўлишимиз керак” – Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ғалаба боғига ташриф буюрди ва хотира маросимида иштирок этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари сўнгги йилларда шаклланган анъанага мувофиқ, “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди ҳамда “Хотира нури” композицияси билан танишди.  

Ҳужжатларнинг далолат беришича, фашизмга қарши қонли жангларда ўша пайтда 6 млн 800 минг нафарни ташкил этган Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 2 млн нафари иштирок этган. Шундан 540 мингга яқини ҳалок бўлган, 158 минг нафари бедарак йўқолган, 50 мингдан ортиғи концлагерларда мислсиз қийноқ ва азоблар туфайли ҳалок бўлган, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб қайтган.

Ўзбекистонлик аскар ва офицерлардан 214 мингга яқини жанговар орден ва медаллар билан мукофотлангани уларнинг жасоратидан далолат беради.

Мамлакат уруш йилларида фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланган, жанг майдонларига жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, кийим ва озиқ-овқатлар етказиб турилган. Ғоят оғир шароитга қарамай, Ўзбекистон халқи уруш ҳудудларидан кўчириб келинган 1 млн 500 мингга яқин инсонни, жумладан, ота-онасидан жудо бўлган 250 минг нафар етим болани ўз бағрига олиб, меҳр кўрсатган.

“Булар чинакам мардлик ва қаҳрамонлик солномасидир. Бундай мураккаб ва шонли ғалабага муносиб ҳисса қўшган матонатли халқимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Бу қаҳрамонликларни ҳеч қачон унутмаслигимиз, ёшларимизга етказишимиз керак. Айниқса, ҳозирги таҳликали замонда бунинг аҳамияти ниҳоятда катта. Ҳаммамиз ватан ҳимоясига ҳар куни тайёр бўлишимиз керак”, деди Шавкат Мирзиёев.

Президентнинг 19 февралдаги қарорига мувофиқ, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш куни муносиб нишонланмоқда. Бугунги авлодлар тинчлиги, мамлакат барқарорлиги учун жон фидо қилган инсонлар хотираси ҳурмат билан ёдга олинмоқда. Айни вақтда ҳаёт бўлган меҳнат фахрийлари ва кексаларга эҳтиром кўрсатилмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Қуролли Кучлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар ҳам иштирок этиб, мазкур ёдгорлик пойига гуллар қўйишди.

Давлат раҳбари боғда ўрнатилган “Хотира нури” композициясини ҳам кўздан кечирди. У Иккинчи жаҳон уруши ва фронт ортида меҳнат қилган ўзбекистонлик қаҳрамонлар хотирасига бағишлаб барпо этилган. Монумент парвоз қилаётган икки қуш шаклида бўлиб, катта ва ёш авлодлар ўртасидаги ворисийликни ифодалайди.

Асар тарихий мерос ва замонавий санъатни ўзида мужассам этган. Унга QR-ҳавола ўрнатилган бўлиб, ташриф буюрувчилар мажмуа ва уруш қаҳрамонлари ҳақида ўқиши, “Хотира нури” китобини юклаб олиши мумкин.

Мавзуга оид