Жаҳон | 14:51 / 07.05.2025
11487
6 дақиқада ўқилади

Москва аэропортларида коллапс: дронлар ҳужуми туфайли авиакомпаниялар ўнлаб рейсларни кечиктирди ва бекор қилди

Пулковода йўловчилар 6-7 соат давомида самолётдан чиқарилмаган. Шу куни Ўзбекистон шаҳарларидан Москва ва Нижний Новгородга рейслар ҳам Уфа ва Санкт-Петербургдаги аэродромларга йўналтирилди, Тошкентдан учган рейслардан бирининг йўловчилари тунни самолёт салонида ўтказган.

Фото: @moscowach

«Аэрофлот» авиакомпанияси Москванинг Шереметево аэропортида тунги парвозларга киритилган чекловлар ортидан йўловчиларни рейслар бекор қилиниши ёки бирлаштирилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди. Бу ҳақда авиаташувчи пресс-релизида айтилади.

7 майга ўтар кечаси Шереметево аэропорти украин дронлари ҳужуми хавфи туфайли икки марта рейсларни қабул қилиш ва жўнатишни тўхтатди. Чекловлар аввалига соат 01:00 дан 04:07 га қадар амал қилинди, кейин соат 04:25 дан 05:30 гача ҳам такроран жорий этилди. «Аэрофлот» рейсларининг бир қисми захира аэродромларига йўналтирилди ёки кечиктирилди. 6 май куни кечқурун пойтахтдаги бошқа аэропортлар — Домодедово, Внуково ва Жуковскийда ҳам чекловлар жорий этилганди. 

Авиакомпаниядагилар «айрим рейслар мажбуран бекор қилиниши ёки бирлаштирилиши мумкинлиги»ни маълум қилиб, «Аэрофлот» сайтидаги онлайн-табло маълумотларини кузатиб боришни тавсия қилганди. 

«Аэрофлот» гуруҳига кирувчи «Россия» авиакомпанияси ҳам шу каби чоралар ҳақида хабар берган. Ташувчи баёнотида айтилишича, Шереметево, Внуково ва Нижний Новгород аэропортларида келиш ва кетиш чекловлари туфайли рейсларнинг бир қисми захира аэродромларга йўналтирилган ёки парвоз кечиктирилган. Шу муносабат билан «баъзи рейслар мажбурий бекор қилиниши ёки бирлаштирилиши мумкин».

Авиакомпаниянинг онлайн таблосига кўра, «Аэрофлот» 7 май, чоршанба куни Москвадан учувчи 52 та, шунингдек, пойтахтга учиб келувчи 54 та рейсни бекор қилди, деб ёзади «Интерфакс». Москвадан ва Москвага парвоз қиладиган жами 140 дан ортиқ рейслар кечиктирилди. Гап «Аэрофлот»нинг Шереметеводан ва «Россия» авиакомпаниясининг Внуководан рейслари ҳақида кетмоқда.

«Победа» авиакомпанияси («Аэрофлот» шуъба корхонаси) аэропортларда жорий этилган чекловлар туфайли «6 ва 7 май кунлари баъзи рейсларни бекор қилишга мажбур бўлгани»ни маълум қилди. Бундан ташқари, компания кечикишлар ва захира аэродромларга йўналтиришлар бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

«Осторожно, Москва» телеграм-канали Шереметевода маълумотлар кўрсатилган пештахталар қаршисида улкан навбатлар ҳосил бўлгани, йўловчилар ўз рейслари қачон учиши бўйича маълумот олишга, чипталарини алмаштиришга ёки сотиб юборишга уринаётгани ҳақида хабар берган. Внуковода ўнлаб рейсларнинг вақти ўзгартирилган, 50 та рейс бекор қилинган. Канал маълумотига кўра, йўловчилар рейсларга чиқишни бир неча соат давомида кутишган, уларнинг айримлари учиб кетишини 6 майдан буён кутиб турибди. «Рейсларини кутаётган одамлар аэропортнинг декоратив зоналарида ухламоқда ва навбатда туриб чемоданларида ўтирибди», — дейилган хабарда. 

Москва томон учиб келаётган рейсларнинг бир қисми Санкт-Петербургдаги Пулково аэропортига йўналтирилган. Baza телеграм-канали ёзишича, Дубай — Москва (Домодедово) йўналишида учган Emirates рейси йўловчилари Пулковога қўнгач, олти соат давомида самолётдан ташқарига чиқарилмаган, «кейин эса уларга шунчаки Москвагача мустақил етиб олиш таклиф қилинган». Анталя — Москва рейси йўловчилари «Осторожно, новости» билан суҳбатда Петербургда самолётдан тушишни етти соатдан ортиқ вақт давомида кутишганини айтиб беришган. Baza маълумотига кўра, Uzbekistan Airways’нинг Тошкент — Москва ҳамда «Аэрофлот»нинг Челябинск — Москва рейсида учиб, Пулковога йўналтирилган йўловчилари ҳам тунни самолётлар салонида ўтказган.

Uzbekistan Airways матбуот хизмати хабарида Наманган — Москва (Внуково) ҳамда Тошкент — Нижний Новгород йўналишидаги самолётлари Уфага қўндирилган. Шунингдек, Тошкент — Москва (Внуково), Фарғона — Москва (Внуково), Тошкент — Москва (Домодедово) ҳамда Самарқанд — Москва (Внуково) рейслари Санкт-Петербургга йўналтирилган.

Baza телеграм-канали ёзишича, «Аэрофлот»нинг Дубайдан Москвага учган ва Шереметевога қўниши керак бўлган рейси Қозон шаҳрига йўналтирилган. Йўловчиларнинг сўзларига кўра, парвоз чоғида экипаж командири борт Шереметевода эълон қилинган «Ковёр» режаси туфайли ёнилғи тўлдириш учун Қозонга мажбурий қўнишни амалга оширишини маълум қилган. Самолёт шу шаҳарга қўнган ва йўловчилардан бирининг сўзларига кўра, тураргоҳда икки соат қолиб кетган. Кейин экипаж командири автобус йўловчиларнинг барчасини «номаълум муддатга» меҳмонхонага олиб кетишини айтган. Аммо, гувоҳларнинг айтишича, якунда йўловчиларни аэропортнинг кутиш залида қолдиришган.

Шимолий-Ғарбий транспорт прокуратураси Пулковога жами 74 та самолёт қайта йўналтирилганини хабар қилган.

6 май куни кечқурун ва 7 майга ўтар кечаси Москва мэри Сергей Собянин бир неча бор пойтахтга ҳужум қилган украин дронлари ҳақида хабар берди. Москвадаги аэропортлардан ташқари, тунда Қозон, Нижнекамск, Киров аэропортларида ҳам чекловлар жорий этилган. Украин дронлари тун давомида Мордовия, Тула ва Ярославск областларига ҳам ҳужум қилган.

Россия Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, сешанба оқшомида Украинанинг 57 та учувчисиз учоғи йўқ қилинган ва тутиб олинган - улардан 31 таси Брянск области осмонида тўхтатилган. Украина қуролли кучларининг яна 14 та дрони Курск, 7 таси Орёл, 2 таси Калуга ва Рязан областларида, биттаси Қрим устида зарарсизлантирилди, дейилади вазирлик баёнотида.

6 майга ўтар кечаси Россия ҳудудлари осмонида 105 та, шу жумладан, Москва области ҳудудида 19 та дрон уриб туширилган. Маълум қилинишича, уриб туширилган бир дроннинг қолдиқлари Каширское шоссесидаги турар жой биноси ёнидан, иккинчиси эса Янги Москвадаги Кувекино қишлоғида топилган.

Мавзуга оид