Швейцария банки америкаликларга солиқдан қочишда ёрдам бергани учун 511 млн доллар жарима тўлайди
Credit Suicce банки ўз мижозларига камида 475 та офшор ҳисобрақам орқали активлари ва даромадларини яширишга ёрдам берган.

Фото: AP
Швейцариянинг Credit Suicce банки мижозларига 4 миллиард доллардан ортиқ маблағни солиқ органларидан яширганлик бўйича айбини тан олишга ва АҚШга 511 миллион доллар тўлашга рози бўлди. Бу ҳақда Қўшма Штатлар Адлия вазирлиги маълум қилди.
2023 йилда Credit Suicce’ни ўз таркибига қўшиб олган UBS’нинг маълум қилишича, банкнинг шуъба тузилмалари иккита жарима — сохта солиқ декларацияларини тайёрлаганлик учун 372 миллион доллар ва жиноий таъқибни тўхтатиш учун 139 миллион доллар тўлайди. Иккинчи жарима америкалик мижозларнинг Сингапурдаги Credit Suicce филиалида очган ҳисобрақамларига тааллуқли. «UBS ушбу ҳаракатларда иштирок этмаган ва солиқлардан бўйин товлашни маъқулламайди», — дейилади банк хабарида. Таъкидланишича, UBS 2009 йилда шу каби иш доирасида АҚШ ҳукумати билан 780 миллион долларлик тинчлик келишувига эришган.
АҚШ Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, Credit Suicce мижозларига камида 475 та офшор ҳисобрақам орқали активлари ва даромадларини яширишга ёрдам берган. «Банк ходимлари ҳужжатларни сохталаштирган, фиктив хайрияларни расмийлаштирган ва 1 миллиард долларлик ҳисобрақамларга солиқ бўйича тегишли текширувларсиз хизмат кўрсатган», — дейилади идора хабарида.
Тергов бир неча йил давом этган ва Credit Suicce 2014 йилда 2,6 миллиард доллар — АҚШ жиноий солиқ ишларидаги рекорд суммани тўлаганидан кейин ҳам ноқонуний амалиётини давом эттиргани аниқланган. 2014-2023 йиллар давомида Сингапурдаги ҳисобрақамлар орқали беркитилган жами активлар қиймати 2 миллиард доллардан ошади. АҚШ ҳукуматининг қайд этишича, тергов Credit Suicce’нинг собиқ ходимлари баёнотларидан кейин бошланган.
Мавзуга оид

20:13
АҚШ армиясида генераллар оммавий равишда ишдан бўшатилади

15:58
Тирик ва соғ-саломат: АҚШда 63 йил аввал бедарак йўқолган аёл топилди

21:51 / 05.05.2025
АҚШни ўз хоҳиши билан тарк этадиган ноқонуний мигрантларга 1000 доллардан пул берилади

21:12 / 05.05.2025