Жаҳон | 10:07
2881
2 дақиқада ўқилади

Берлинда канцлер Шольцни истеъфога кузатиш маросими бўлиб ўтди

Берлинда истеъфога чиққан канцлер Олаф Шольц билан хайрлашув маросими бўлиб ўтди. У ўз нутқида демократияни ҳимоя қилишга чақирди ва вориси Мерцга муваффақиятлар тилади.

Фото: Ebrahim Noroozi/AP Photo/picture alliance

5 май, душанба куни Берлиндаги Бендлерблок ҳарбий мажмуаси ҳовлисида Германия канцлери Олаф Шолцни истеъфога кузатиш маросими бўлиб ўтди. Анъанавий «Буюк оқшом шон-шуҳрати» (Der Große Zapfenstreich) хайрлашиш маросимида сўзлаган Шольц ҳамжиҳатликка, демократик қадриятларни асраб-авайлашга чақирди. Унинг сўзларига кўра, 6 май куни бўлиб ўтадиган ҳукумат алмашинуви «демократик меъёрнинг кўринишидир».

Олаф Шольцнинг таъкидлашича, ҳокимиятнинг «маданий, коллегиал ва обрўли» ўтказилиши, худди Германияда кузатилаётгани каби, «аслида оддий нарса эмас». Шунинг учун ҳам «демократлар ўртасидаги цивилизациялашган мулоқот»ни ҳимоя қилиш жуда муҳим, чунки бу «қимматли», деб таъкидлади лавозимини тарк этаётган канцлер. «Демократик давлатда мансаблар ҳар доим маълум муддатга берилади. Бизни бутун дунёдаги автократиялардан ажратиб турадиган нарса шу», — дейди Шольц.

Шольц канцлер лавозимини эгаллашга тайёрланаётган Фридрих Мерцга «муваффақиятлар, омад ва енгиллик» тилади. Ўз нутқини якунлар экан, Шольц шундай таъкидлади: «Германия федерал канцлери сифатида хизмат қилиш мен учун шараф бўлган ва шундай бўлиб қолади».

Бендлерблокдаги маросимда 300 га яқин аскар ва офицер иштирок этди. Меҳмонлар орасида федерал президент Франк-Валтер Штайнмайер ва бўлажак канцлер Фридрих Мерц ҳам бор эди. Тадбир давомида Бундесвер оркестри анъанавий тарзда истеъфога чиққан канцлер танлаган учта композицияни ижро этди. Олаф Шольц хайрлашув учун турли даврларнинг классик қўшиқларини танлади — Beatles гуруҳининг In My Life, Бахнинг концертларидан биридан парча ва Арета Франклиннинг Respect қўшиғи.

Мавзуга оид