Жаҳон | 21:55 / 02.05.2025
3121
2 дақиқада ўқилади

Шаҳзода Ҳаррига Британияга ташрифи давомида шахсий қўриқчилар ажратилмайдиган бўлди

Англия ва Уэлс апелляция суди Сассеск герцогини давлат қўриқлови билан таъминламаслик бўйича қарор чиқарди.

Фото: Reuters

Англия ва Уэлс апелляция суди шаҳзода Ҳаррини Буюк Британияга ташрифи давомида давлат қўриқчилари билан таъминлаш ҳуқуқини тиклашни рад этди. Судялар бир овоздан 2020 йилда Сассеск герцогини ҳимоядан маҳрум қилган Ravec идоралараро қўмитаси қарорини қўллаб-қувватлади, деб ёзади The Guardian.

«Герцогнинг норозилик ҳисси Ravec’нинг қарорига қарши чиқиш учун қонуний асос бўла олади деб ўйламайман», — дейди судья Жефри Вос. Унинг қўшимча қилишича, қарор ишни кўриб чиққан бошқа икки судя томонидан ҳам маъқулланган. Қарордан норози бўлган тақдирда герцог Олий судга мурожаат қилиши мумкин, аммо бунинг учун унинг адвокатлари Апелляция ёки Олий суддан тегишли тартибда шикоят киритиш ҳуқуқини қўлга киритишлари керак.

2020 йил мартда шаҳзода Ҳарри ва унинг рафиқаси Меган Маркл расман Британия қироллик оиласининг юқори мартабали аъзолари мақомидан воз кечган, олий ҳазрат унвонларидан маҳрум қилинган ва давлат томонидан молиялаштириш тўхтатилган эди. Шундан сўнг, улар АҚШга кўчиб кетган, Буюк Британия ИИВ эса уларни мамлакат ҳудудида полиция қўриқчилари билан таъминлашни тўхтатганди.

Шаҳзода Ҳаррининг адвокатлари ушбу қарорни «ноқонуний ва адолатсиз» деб атаб, унинг устидан судга даъвога киритган. Улар герцог хавфсизлигига таҳдид мавжудлигини кўрсатган. Аммо суд инстанцияси, жумладан, Юқори ва Апелляция судлари ҳукумат позициясини қўллаб-қувватлаб, давлат ҳимояси ҳуқуқи шаҳзода Ҳарри ихтиёрий равишда воз кечган расмий қироллик вазифаларини бажариш билан боғлиқлигини таъкидлаган.

Сассекс герцогига индивидуал хавфсизлик хизматидан фойдаланиш таклиф қилинган. Тартиб-қоидага кўра, улар Буюк Британияга саёҳат режалари ҳақида 30 кун олдин Букингем саройини хабардор қилишлари керак, шундан сўнг ҳар бир ташриф хавф ва хавфсизлик зарурияти учун баҳоланади.

Мавзуга оид