ЕЧЛда яна бир суперўйин. «Барселона» ва «Интер» жами 6 та гол уришди
Каталонлар ўйин икки тўп фарқини биринчи бўлимнинг ўзида йўққа чиқаришди. Бу – Чемпионлар лигасининг олтин фондидан ўрин оладиган яна бир ўйин бўлиб қолди.

Фото: AFP
Чемпионлар Лигаси. Яримфинал, биринчи ўйин
«Барселона» – «Интер» 3:3
Голлар: Ямал 24, Торрес 38, Зоммер (автогол) 65 – Тюрам 1, Дюмфрис 21, 64
«Барселона»: Шченсни, Мартин (Араухо 46), Мартинес, Кубарси (Кристенсен 83), Кунде (Гарсия 42), Педри (Гави 83), де Йонг, Олмо (Лопес 67), Рафиня, Торрес, Ямал
«Интер»: Зоммер, Бастони, Ачерби, Бисек, Димарко (Карлос Аугусто 55), Мхитарян, Чалхонўғли (Фраттези 71), Барелла, Дюмфрис (Дармиан 81), Тюрам (Зелински 81), Мартинес (Торимий 46)
Огоҳлантиришлар: Кубарси 70 – Чалхонўғли 59
Ҳанс-Дитер Флик Испания кубоги финалидаги ғалабадан кейин шогирдларида навбатдаги муҳим ўйин учун энергия етиши борасида хавотирда бўлгани тайин. Аммо у бундай ёмон стартни кутмагани аниқ – «Барселона» 33-сониядаёқ гол ўтказиб юборди. «Интер» мезбонларнинг юқори жойлашган ҳимоя чизиғидаги хатодан фойдаланди. Ҳужумнинг иккинчи темпида Барелла Кунде қайтарган тўпни эгаллади ва ўнг қанотга, Дюмфрисга узатди, у эса жарима майдони марказида турган Тюрамни топди. Жароҳатидан яқинда фориғ бўлган француз ҳужумчиси эса шунчаки ажойиб ўйнади. Унинг товони билан урган голи Чемпионлар лигасининг бу мавсумдаги энг яхши голи деб топилиши мумкин. Бу вазиятда «Барса» марказий ҳимоячиси Мартинес йиқилиб тушгани ҳам унга қўл келди.
Кўк-анорранглилар дарҳол олдинга ташланди ва рақибни жарима майдони ичига қамаб қўйишга ҳаракат қилди, кучли прессинг уюштирилди ва тўп тез қайтариб олинаверди. «Нерадзуррилар» жарима майдони ичида де Йонг ва Ямал йиқилиб пеналти сўрашди, аммо ҳакам уларга ишонмади. Вазият мезбонларнинг голига қараб кетаётганди, «Барса»нинг стандарт вазиятлари ҳам хавфли тус олганди. Аммо биринчи бўлим ўрталарида «Интер» бурчак зарбасидан иккинчи голини урди. Биринчи голга ассистентлик қилган Дюмфрис жарима майдони ичида Ачерби ташлаб берган тўпни акробатик услубда дарвоза тўрига йўллади.
«Барселона» мухлислари тинчиб қолишди. Бўлим давомида ўйиннинг 70 фоиз вақтида тўпга эгалик қилган ва тинимсиз комбинация уюштирган Флик шогирдлари «Интер» жарима майдонига марказдан ёриб кира олишмади, меҳмонлар бу ҳудудни марказий ҳимоячилар учлиги, шунингдек ҳавбеклар ва форвардлар орқали бетонлаб қўйганди.
Шундай паллада Ямал катта саҳнага чиқди. Ушбу ўсмир амалга оширган ҳаракатларни сўз билан ифодалаш қийин. «Барса» ҳужум чизиғидаги асосий воқеалар ўнг қанотда рўй бера бошлади. Аввалига Ламин Димаркони ҳамда унинг ортидаги Мхитарян ва Бастонини доғда қолдириб, хавфли зарба йўллади. Кўп ўтмай эса барибир шедевр голини урди: тўпни Тюрамдан олиб қўйиб олдинга юрди, Генрихни алдаб ўтди ва ҳимоячилар ортидан кутилмаганда зарба бериб қолди – тўп аввалига устунга тегди, кейин дарвоза тўрига бориб тушди. Зоммер жойидан қимирлай олмади.
Биринчи бўлим Ямалнинг бенефисига айланди. 17 ёшли футболчи голдан кейин ҳам яна бир рейд амалга оширди, яна финтлари билан Димаркони бошини айлантириб ташлади, аммо бу сафарги зарбаси тўсинга тегди. Танаффус арафасида эса «Барса» бошқа юлдузларининг саъй-ҳаракатлари билан ҳисобни тенглаштирди. Педри тўпни жарима майдонига оширди, Биссекк Рафиня тўпни марказга ташлаб беришига халақит қилмади, Ачерби эса ортидан тўпга очилган Торресни сезмай қолди. Ферран ўз голини нишонлашда ҳам бу вазиятда рақиб ухлаб қолганига ишора қилди.
Иккинчи бўлимга жамоалар ўзгарган таркибларда чиқишди. Биринчи бўлим охирида «Барселона»да Кунде жароҳат олганди, «Интер»да – Лаутаро. Мартинес амаллаб 45 дақиқа ва унга қўшиб берилган дақиқаларда ўйнаб берди, танаффусда эса ўз ўрнини Торимийга бўшатиб берди. Флик яна бир ўзгартириш ўйлаб топди: ҳимоя марказида Араухо (Мартин ўрнига) пайдо бўлди, каталонияликлар Мартинеси эса чап қанотга ўтказилди. Биринчи голли вазият айнан шу қанотдан амалга оширилганди, Иниго Биссек бу ҳудудга кириб келиши ва хавфли узатма амалга оширишига йўл қўйиб берганди – фақат Димарко кўк-анорранглиларни кечирганди.
Флик жамоаси иккинчи бўлим давомида тўпга эгалик қилиш ва прессинг орқали «Интер»ни узил-кесил таслим этишни кўзлаганди. Аммо «нерадзуррилар»нинг бу оқшом учун ўз қаҳрамони – Дюмфрис бор эди. Ўйиннинг бир соати ортда қолаётганида нидерландиялик ҳимоячи бурчак зарбасидан кейин дублни расмийлаштирди. У «Барселона» жарима майдонида идеал позиция танлади ва бош билан ажойиб зарба йўллади, Араухо тўпни тўса олмади.
Аммо «Интер»нинг ҳиосбда олдинга бориши узоқ чўзилмади. «Барселона» яна камбэк амалга оширди. Мезбонларга ҳам стандарт вазият қўл келди. Меҳмон жамоа ҳимоячилари тўп ҳаводан оширилишини кутишганди, аммо Олмо тўпни жарима майдонига марказдан яқинлашиб келган Рафиняга узатди, у эса 25-30 метр масофадан туриб зарба йўллади. Бу гол ҳам Ямалнинг иштирокисиз кечмади, пас йўналишида турган футболчи уни айёрлик билан оёқлари орасидан ўтказиб юборди ва бу бразилиялик зарба бераётганида унинг атрофида рақиблардан ҳеч ким бўлмаслигини таъминлади. Тўп йўл-йўлакай рикошет бўлиб тўсинга борди, майдонга қайтганида эса дарвозабон Зоммернинг елкасига тегиб дарвоза тўрига йўл олди.
Бу охирги дақиқагача натижасини олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган шиддатли баҳс эди. «Барса» очиқ ўйин олиб борди, «Интер» эса ўта хавфли қарши ҳужумлар уюштирди. Мхитарян гол ҳам урганди, аммо миллиметрлик офсайд туфайли гол бекор қилинди.
Италияликлар иккинчи бўлимда Ямални анча зарарсизлантирган бўлса-да, у дриблинг ишлатишдан тортинмади ва ўз арсеналида Зиданнинг финти борлигини ҳам намойиш этди.
Ўйин охирида Ламин каталонияликларга ғалаба келтириши ҳам мумкин эди, аммо унинг оригинал зарбасидан кейин тўсинга тегди.
Энди барчаси бир ҳафтадан кейин «Сан-Сиро»да кечадиган жавоб учрашувида ҳал бўлади.
Мавзуга оид

10:12
«Сити» КДБ билан хайрлашди ва ЕЧЛга яқинлашди

11:33 / 19.05.2025
«Рома» «Милан»ни енгди ва ЕЧЛ учун курашда қолди, «Барса» соврин олган кунида ютқазди. Кун ўйинлари

09:37 / 16.05.2025
«Барселона» — Испания чемпиони! Ямал «Олтин тўп» учун асосий даъвогар

14:01 / 12.05.2025