Жаҳон | 17:04
13374
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Ўзбекистон пахта саноатини молиялаштирганини эшитган Илон Маск кулиб юборди

АҚШ меҳнат вазири ташқи ёрдам дастурларини бекор қилиб, 250 миллион доллар тежалганини айтди. Бу дастурлар орасида Ўзбекистон пахта саноатидаги шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш каби лойиҳалар ҳам борлигини эшитган Илон Маск кулиб юборди. «Бу нарсалар шу қадар кулгилики, ишониб бўлмайди. Ўзбекистон пахтачилари. Бу худди комедияга ўхшайди», деди DOGE раҳбари.

Фото: AP

30 апрел куни Оқ уйда президент Доналд Трамп иштирокида навбатдаги ҳукумат йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда АҚШ меҳнат вазири Лори Чавес ҳукумат молиялаштирган ташқи манбалар ҳақидаги ҳисоботини ўқиб эшиттираётганда Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари Илон Маск кулиб юборди.

«Биз America Last (Трамп жамоаси Америка манфаатларига хизмат қилмайдиган дастурларни шундай номлашади — таҳр.) доирасида ташқи ёрдам дастурларини бекор қилиб, 250 миллион доллар тежадик. Хусусан, Ўзбекистон пахта саноатидаги шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш каби лойиҳаларни молиялаштириш. Бундай нарсаларга бизнинг маблағимиз сарфланиши мантиққа тўғри келмайди. Тежамкорлик учун DOGE’га раҳмат. Биз нима топдик, аниқланган фирибгарликлар», деди Лори Чавес.

Бу Илон Маскнинг кулгисига сабаб бўлди.

«Бу нарсалар шу қадар кулгилики, ишониб бўлмайди. Ўзбекистон пахтачилари. Бу худди комедияга га ўхшайди», деди DOGE раҳбари.

Маълумот учун, жорий йил март ойи охирида АҚШ Меҳнат вазирлиги Ўзбекистон пахта саноатида шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш лойиҳасини ҳам ўз ичига олган 38 млн доллардан ортиқ хорижий ёрдам грантларини бекор қилганди.

«Сизлар машаққат билан топган долларларингиз Ўзбекистон пахта саноатида шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш, Бразилия ва Колумбияда иқлим ўзгариши дастурлари билан боғлиқ сиёсатни илгари суриш, Индонезия ва Гватемалада жамоавий музокараларни қўллаб-қувватлаш ва Конго Демократик Республикасида меҳнат стандартлари соҳасидаги тараққиётни назорат қилиш каби нарсаларга сарфланаётганини билмас эдингиз. Оддий қилиб айтганда, биз Американи охирги ўринга қўядиган дастурларни бекор қиламиз», - деганди Лори Чавес.

«Ўзбекистон пахта саноатида шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш» лойиҳаси 2022 йил август ойида бошланган ва 2026 йил декабригача давом этиши керак эди. 2022 йилда унга 2 миллион доллар ажратилган бўлса, 2025 йилда яна 1 миллион доллар ажратиш режалаштирилганди.

Мавзуга оид