Жаҳон | 21:34 / 01.05.2025
5669
2 дақиқада ўқилади

Исроил олов ичида

30 апрел куни Исроилда кучли ўрмон ёнғинлари бошланди. Бир нечта туман аҳолиси эвакуация қилинган. Ёнғинлар сабаб пойтахт Тел-Авивни Қуддус билан боғловчи Исроилдаги энг асосий автомагистрал йўл ёпиб қўйилган. Қуддусга авиарейслар бекор қилинган, Қуддус ва Модийин ўртасидаги поезд қатнови тўхтатилган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ёнғин Қуддус тоғлари яқинидаги Эштаол ўрмонида бошланган. Қутқарув хизматлари «Ёнғин зарбаси» режимида ишламоқда. Бу режим вазият назоратдан чиқиб кетиши эҳтимоли ошган вақтда кучга киради. Бу Исроил тарихидаги энг катта ўрмон ёнғинлари бўлаётгани айтилмоқда.

Оловни ўчириш учун 100 дан ортиқ ўт ўчирувчи бригада, шунингдек, самолёт ва вертолётлар жалб қилинган.  Ўт ўчиришга ҳарбийлар ва полиция ҳам жалб қилинган. Исроил офатни мустақил бартараф этишда қийналгани учун Греция, Болгария, Хорватия, Италия ва Кипрдан ёрдам сўраган. Греция, Италия ва Хорватиядан ёрдам кучлари етиб келган. Фаластин миллий мухторияти ҳам ўз ёрдамини таклиф қилган. Ёнғин сабаб Исроил мустақиллик куни муносабати билан режалаштирилган тадбирлар бекор қилинган.
Кучли шамол ёнғин аввал ғарбга, кейин шарққа тарқалишига сабаб бўлган. Ҳаво иссиқлиги ўт ўчирувчилар ишини қийинлаштирган.

Исроил томони ёнғин атай уюштирилгани ҳақида версияни ёзмоқда. Исроил нашрларига кўра аввалроқ ҲАМАСга алоқадор Теlegram-каналларда Қуддус ва Ғарбий соҳилда ёнғин уюштиришга чақириқлар янграган. Ёнғин ташкиллаштиришда гумонланиб уч киши қўлга олинган.

1 майга келиб Исроилни соҳилбўйи ҳудудлар билан боғлайдиган шоссе очилгани хабар қилинмоқда. У ерда ёнғиндан қўрққан одамлар машинасини ташлаб қочгач, ҳаракат чекланганди.

Ёнғин 2 минг гектар майдонга тарқалгани айтилмоқда. Мамлакатдаги энг катта миллий боғлардан ҳисобланган «Канада парки» буткул ёниб кетган. Ҳозирча исроиллик ўт ўчирувчилар ёнғинни жиловлай олгани йўқ.

Мавзуга оид