Электрон тижоратда курьерлик фаолиятини тартибга солиш режалаштириляпти
"Электрон тижоратда курьерлик фаолиятини амалга ошириш тартибини тасдиқлаш тўғрисида"ги ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Фото: Getty Images
Тартиб курьерлар ва етказиб бериш хизмати операторларининг жисмоний ва юридик шахсларга тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи субъектлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан сотувчи сифатида товар ва маҳсулотларни электрон тижорат операторларининг ахборот тизимлари (электрон савдо платформалари, буюртма агрегаторлари) орқали расмийлаштирилган буюртмаларини харидорларга етказиб бериш фаолиятини тартибга солади.
Етказиб бериш хизматига буюртма харидор ёки сотувчи томонидан электрон тижорат операторининг ахборот тизими орқали ёки иштирокчилар ўртасидаги шартномада белгиланган бошқа усул орқали расмийлаштирилади. Етказиб бериш хизмати шартлари ва параметрлари (муддати, нархи, тўлов усуллари, етказиб бериш ҳудуди) буюртма расмийлаштирилаётган пайтда харидорга маълум қилиниши шарт.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар етказиб бериш хизматларини сотувчилар, етказиб бериш хизмати операторлари ёки тўғридан тўғри харидорлар билан тузилган фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида кўрсатиш ҳуқуқига эга.
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтмаган жисмоний шахслар етказиб бериш фаолиятини иш берувчи ёки хизматлар буюртмачиси сифатида иштирок этувчи сотувчилар ёки етказиб бериш хизматлари операторлари билан тузилган меҳнат шартномалари ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида амалга оширишлари мумкин.
Етказиб бериш хизматларини кўрсатувчи ижрочилар, агар сотувчи ёки электрон тижорат оператори билан тузилган шартномада назарда тутилган бўлса, харидорлардан товар ва/ёки етказиб бериш хизмати учун тўловни (жумладан, нақд пул шаклида) қабул қилиш ҳуқуқига эгадирлар. Бунда Ўзбекистон қонунчилиги талабларига, жумладан, назорат-касса техникасидан мажбурий фойдаланиш ва чек (квитанция)ни электрон ёки қоғоз шаклда тақдим этиш талабларига риоя этилиши лозим.
Етказиб бериш хизматларини кўрсатиш бўйича параметрлар, шартлар ва талаблар электрон тижорат иштирокчилари ўртасидаги келишув асосида белгиланади, бироқ ушбу тартиб ва Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилиги талабларига зид бўлмаслиги шарт.
Етказиб бериш хизматларини кўрсатувчи ижрочилар ушбу тартиб, Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилик ҳужжатлари меъёрлари, техник регламентлар, санитария қоидалари ва меъёрларини, шунингдек, электрон тижоратнинг бошқа иштирокчилари билан тузилган шартномалар шартларини бажаришга мажбур.
Етказиб бериш хизматларини кўрсатишда Ўзбекистон ҳудудида харидорларга товар реализация қилаётган тадбиркорлик субъектлари ва/ёки етказиб бериш хизмати операторлари, амалдаги қонунчилик ҳамда тузилган шартномаларга мувофиқ белгиланган талаблар доирасида харидорлар ва курьерларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни кўради.
Етказиб бериш хизматлари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
- ишончлилик: товарни ташиш вақтида унинг бутлигини, истеъмол хусусиятлари ва товар кўриниши сақланишини таъминлаш;
- ўз вақтида етказиш: харидор билан келишилган муддат ва етказиб бериш интервалларига риоя қилиш. Кутилган ёки юзага келган кечикишлар ҳақида харидор ўз вақтида хабардор қилиниши шарт;
- хавфсизлик: товар, харидор ва курьер хавфсизлигини таъминлайдиган барча меъёр ва қоидаларга риоя қилиш;
- ахборот бериш: харидорга етказиб бериш ҳолатини кузатиш имкониятини (техникавий имконият мавжуд бўлса) ҳамда курьер етиб келишининг тахминий вақти ҳақида ахборот олиш имконини яратиш.
Мавзуга оид

09:54 / 11.06.2024
Ўзбекистонга тижорат мақсадида энг кўп қайси давлат фуқаролари келгани айтилди

12:35 / 12.04.2024
Ўзбекистонга тижорат мақсадида энг кўп қайси давлат фуқаролари келгани айтилди

07:20 / 23.02.2024
Ўзбекистонга январда тижорат мақсадида қанча чет эл фуқароси келгани маълум қилинди

09:42 / 02.02.2024