Ўзбекистон | 16:06
3831
2 дақиқада ўқилади

Хонанда Дилфуза Исмоиловани чув туширган аёл озодликдан маҳрум қилинди

​​​​​​​55 ёшли аёл Дилфуза Исмоиловага ўзини цитрус мевалар олди-сотдиси билан шуғулланувчи тадбиркор сифатида кўрсатиб, унинг 80 минг АҚШ доллари маблағини ўзлаштирган. Суд уни жуда кўп миқдорда фирибгарлик жиноятини содир қилганликда айбли деб топди.

Хонанда Дилфуза Исмоилова ва бошқаларни чув туширган шахс жиноий жазога тортилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, кеча, 29 апрел куни жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида 1970 йилда туғилган М.Ж.га (аёл) суд ҳукми ўқилган. Иш судя Дилшод Комилов раислигида кўриб чиқилган.

Суд ҳужжатига кўра, М.Ж. фирибгарлик ва ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш жиноятларини содир қилган. Суд ишида Дилфуза Исмоиловадан ташқари яна 4 киши жабрланувчи сифатида кўратилган. Судланувчи уларни турли миқдордаги пул маблағларига чув туширган.

Жумладан, Дилфуза Исмоиловага етказилган моддий зарар миқдори 80 минг АҚШ долларини ташкил этади. Судланувчи аввалига хонанданинг “гап”ига қўшилган. Сўнгра ўзини цитрус мевалар савдоси билан шуғулланувчи тадбиркор сифатида кўрсатиб, унинг ишончига кирган. У четдан келаётган цитрус меваларнинг ҳар бир юк машинасидан 25-30 минг доллар фойда олаётганини айтган. Бунга ишонган Дилфуза Исмоилова “Мен ҳам бизнес бошламоқчи эдим, яхши режа экан, пул тикаман”, деган. Улар фойдани тенг бўлишга келишган. Шу тариқа хонанда судланувчининг тузоғига тушиб қолган.

Суд ҳукми билан М.Ж. Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 6 йил-у 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, судланувчидан жабрланувчиларга етказилган зарар, хусусан, Дилфуза Исмоилова фойдасига 80 минг доллар ундирилиши белгиланган.

Аввалроқ хонанда Дилфуза Исмоилова 80 минг долларга чув тушгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид