Жаҳон | 01:02
1377
3 дақиқада ўқилади

«Мен Украинани қутқаряпман» — Трамп

Доналд Трамп The Atlantic бош муҳаррири Жеффри Голдбергга берган интервюсида ўз ҳаракатлари билан Украинани «қутқараётганини» айтди. АҚШ президентининг фикрича, унинг ёрдамисиз «бу мамлакат жуда тез мағлуб бўлади».

Фото: AP

Суҳбат давомида Голдберг Трампдан нега у аввалги президентлардан фарқли равишда Россия томонидан «зулмга» учраган давлатлар ва халқларга ҳамдардлик билдирмаётганини сўради.

Бунга жавобан Трамп ўзининг биринчи президентлик муддати давомида Украинага танкка қарши Javelin тизимларини берганини эслатди. Унинг фикрича, бу қурол бўлмаганида, Россия қўшинлари 2022 йилги ҳужум бошида Киевга кириб борган ва «уруш бир кунда тугаган бўларди».

«Бу мамлакатни қутқаряпман, деб ўйлайман. Менимча, ушбу мамлакат жуда тез мағлуб бўлади. Келинг, ҳақиқатга юзланайлик — бу катта ҳарбий машина (афтидан, у Россияни назарда тутмоқда). Менимча, Украинага катта ёрдам кўрсатяпман», — дейди Трамп.

Голдберг Трампдан Россия президентининг қандай хатти-ҳаракати уни «Мен Зеленский томонидаман» дейишга мажбур қила олиши мумкинлигини, деб сўради. «Айнан Зеленский тарафида эмас, лекин Украина тарафидаман, ҳа. Мен Зеленский билан қийинчиликларга дуч келдим. Сиз буни шу ерда, у айнан ушбу креслода ўтирганида кўрдингиз [февраль ойи охирида Оқ уйда Украина етакчиси билан бўлган тортишув]. У қилиши керак бўлган ягона нарса сукут сақлаш эди, тушуняпсизми?..», — дейди АҚШ президенти ушбу саволга жавобан.

Шунингдек, у уруш бошланиши учун масъулиятни яна ўзидан олдинги президент Жо Байденга юклади. «Кўрамиз, келаси ҳафталарда нималар содир бўларкин. Биз сўнгги босқичга етиб келдик», — дейди у жанговар ҳаракатлар қачон тўхтатилиши ҳақида гапираркан.

АҚШ феврал ўрталаридан бери Россия ва Украина билан урушни тугатиш бўйича алоҳида-алоҳида музокаралар олиб бормоқда. Ҳозирча Вашингтон ўт очишни тўлиқ тўхтатишга эриша олмади.

АҚШ тақдим этган тинчлик режасида Вашингтон Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олиши ҳам кўзда тутилган. Украина президенти эса ўз навбатида ҳуқуқий жиҳатдан ҳеч қачон Қримни Россияники дея тан олмаслиги билдирди. 

Мавзуга оид