Ўзбекистон | 11:20
6460
4 дақиқада ўқилади

«10 йилгача депорт ва 26 минг доллар жарима» – Саудия ҳукумати ноқонуний Ҳаж учун жазо чораларини эълон қилди

Саудия Арабистони ички ишлар вазирлиги жорий йилги мавсум – 29 апрелдан 10 июнга қадар Ҳаж зиёратига бориш учун рухсатнома тартибларини бузган, шунингдек, бундай ҳуқуқбузарликларга кўмаклашган шахсларга жазо чораларини эълон қилди.

Фото: Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги

Қироллик ички ишлар вазирлигига кўра, Ҳаж зиёратига бориш учун рухсатнома тартибларини бузганлар учун жазо чоралари жорий йил Ҳаж мавсумида – 29 апрелдан 10 июнга қадар қўлланади. Хусусан:

1.    Рухсатномасиз Ҳаж зиёратини адо этаётган ёки қилмоқчи бўлган шахслар, шунингдек, кўрсатилган муддат давомида Макка шаҳри, муқаддас қадамжоларга киришга ёки қолишга уринган барча турдаги зиёрат визаси эгаларига 20 000 Саудия рияли – тақрибан 5,3 минг долларгача жарима солинади.

2.    Ташриф визаси орқали Ҳажни рухсатсиз бажаришга уринган ёки Макка ва муқаддас жойларга кирган шахслар учун виза олганларга 100 минг Саудия рияли – тақрибан 26,6 минг долларгача жарима қўлланади. Бу жарима ҳар бир виза олинган шахс учун алоҳида ҳисобланади.

Шунингдек, рухсатномасиз шахсларни Макка ёки муқаддас жойларга ташиганлар, уларни яширишга уринганлар, меҳмонхоналар, квартиралар, хусусий уйлар ёки Ҳажга мўлжалланган бошқа жойларда жойлаштирганларга ҳам худди шу миқдорда жарима (тақрибан 26,6 минг долларгача) солинади. Бу уларга ёрдам кўрсатган ёки яширган ҳар бир шахс учун алоҳида-алоҳида ҳисобланади.

3.    Қонунга хилоф равишда Ҳажни адо этишга уринган шахслар, уларнинг яшаш муддати тугаган бўлса ёки ноқонуний равишда яшаётган бўлса, ўз юртига депортация қилинади ва 10 йил давомида Саудия Арабистонига кириши тақиқланади.

4.    Ташриф визасига эга бўлган шахсларни Макка ёки муқаддас жойларга ташишда фойдаланилган транспорт воситалари, агар улар ташувчи ёки ёрдам берган шахсларга тегишли бўлса, суд томонидан мусодара қилинади.

Аввалроқ, Саудия ички ишлар вазирлиги, Қироллик ҳудудида виза муддати тугагач чиқиб кетмаган хорижликлар учун 50,000 саудий рияли – 13,3 минг долларгача жарима, 6 ойгача қамоқ ва депортация жазолари белгиланганини маълум қилганди.

Шунингдек, қироллик Ҳаж ва Умра вазирлиги ҳам ташриф буюрувчиларни рухсатномасиз Ҳаж қилишдан огоҳлантириб, ҳар бир зиёратчи «Nusuk» ва «Tasreeh» платформалари орқали рухсатнома (permit) олиши зарурлигини таъкидлаган эди.

«Бу чора Аллоҳнинг меҳмонлари хавфсизлиги ва уларнинг осойишта тарзда Ҳаж амалини бажаришлари учун зарур. Шунингдек, Ҳаж фақат расмий Ҳаж визаси билан амалга оширилиши мумкин. Бошқа ҳар қандай виза тури билан Ҳаж қилиш тақиқланган.

Вазирлик сохта Ҳаж дастурлари, ижтимоий тармоқларда ёлғон реклама билан тарқатилаётган қонунсиз хизматлар ҳақида огоҳлантиради. Умра визаси билан келган зиёратчилар учун Қиролликни тарк этишнинг охирги куни – 2025 йил 29 апрель этиб белгиланган», дейилади Ҳаж вазирлиги баёнотида.

Жорий йил Саудия Арабистони 1,8 миллион бўлажак ҳожиларни кутиб олишни режа қилмоқда. Ўтган 2024 йилдаги мавсумда Саудия Арабистони расмийлари Ҳажда қатнашиш учун рўйхатдан ўтмаган 300 мингдан ортиқ зиёратчиларни аниқлагани хабар берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони Туризм вазирлиги жорий йил 23 апрелдан 9 июнга қадар ўндан ортиқ давлатлар, хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари учун электрон визага мурожаат қилиш хизматини вақтинчалик тўхтатиб қўйди. Бу ҳолат ҳам айнан – Ўзбекистон ва Тожикистондан Умра ёки саёҳат учун бориб, рухсатсиз Ҳаж учун қолиб кетаётган фуқароларнинг кўплиги сабаб бўлгани айтилган эди.

Маълумот учун, 2025 йилги Ҳаж мавсумида Ўзбекистон фуқаролари учун 15 минг дона квота ажратилган. Ўзбекистон Ҳаж зиёрати, ҳукумат қарорига кўра, фақат Дин ишлари бўйича қўмита ва Мусулмонлар идораси томонидан амалга оширилади.

Мавзуга оид