Непал тажрибасиз алпинистларга Эверестга чиқиш учун рухсат бермайди
Энди мамлакатдаги бирорта 7 минг метрдан баланд тоғ забт этилганидан кейингина Эверестга кўтарилиш учун рухсат олиш мумкин бўлади.

Фото: REUTERS
Непал энди фақат мамлакатдаги 7 минг метрдан баланд бирорта тоғни забт этган алпинистларга Эверестга чиқиш учун рухсат беради. Ҳукумат шу орқали туристлар хавфсизлигини таъминлашга уринмоқда, деб ёзади Reuters.
Бунга қадар Непал раҳбарияти таржибасиз алпинистларнинг ҳам баландлиги 8,8 минг метрдан ошадиган Эверестга кўтарилишига рухсат бераётгани учун танқид қилинганди. Мамлакат даромадининг катта қисмини қояга чиқиш, треккинг ва туризмдан келадиган маблағлар ташкил этади.
Кўпинча «ўлим зонаси»да — қоя остидаги ҳудудда узундан-узоқ навбатлар юзага келади. У ерда табиий кислород етишмаслиги боис ҳудудда узоқ вақт қолиш ҳаёт ва соғлиқ учун зарарли. Ҳар йили Эверестда бир неча алпинист ҳалок бўлади.
Непалда чиқиш мумкин бўлган 400 дан ортиқ тоғ мавжуд. Уларнинг 74 таси баландлиги 7 минг метрдан ошади. Аммо расмийларнинг сўзларига кўра, ушбу чўққилар алпинистлар орасида у қадар машҳур эмас.
Эверестга чиқишга қўйиладиган чекловларга оид қонун лойиҳаси парламент юқори палатасида рўйхатга олинган. Халқаро экспедиция фақат Непалдаги эмас, балки исталган 7 минг метрдан баланд чўққи забт этилганидан кейин Эверестга йўл олишга рухсат берилишини сўрамоқда.
Январ бошларида Непал ҳукумати хорижликлар учун Эверест чўққисига чиқиш тўловларини оширганди. Янги қоидаларга кўра, чет элликлар учун баҳор мавсумида (март—май) чўққига чиқиш учун тўлов 11 минг доллардан 15 минг долларга, куз мавсумида (сентябр—ноябр) 5,5 минг доллардан 7,5 минг долларга, қишда (декабр—феврал) ва ёмғирли мавсумда (июн—август) — 2,75 минг доллардан 3,75 минг долларгача кўтарилган.
Мавзуга оид

15:06 / 22.01.2025
Ўлим учун “навбат кутиш” – дунёдаги энг баланд чўққига чиқиш машаққатлари ҳақида

17:56 / 21.01.2025
Непал Эверестга чиқиш нархини 15 минг долларгача оширди

15:25 / 17.10.2024
Британиялик алпинист дунёдаги барча баланд чўққиларини забт этган энг ёш аёлга айланди

23:19 / 11.10.2024