Ўзбекистон | 12:26
2245
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ҳафта давомида қуруқ ва иссиқ ҳаво бўлиши кутилмоқда

Ўзбекистонда ҳафта давомида қуруқ ва иссиқ об-ҳаво сақланиб туради, фақат айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Чоршанба куни ҳаво ҳарорати +25…+30 даражагача пасаяди, сўнгра яна кўтарила бошлайди ва жума куни +33 даражага етади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистоннинг катта қисмида ҳафта давомида қуруқ об-ҳаво сақланиб туради, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Душанба куни Ўзбекистон ҳудуди бўйича қуруқ об-ҳаво сақланиб туради, фақат республиканинг энг шимолида, Қорақалпоғистон Республикасида айрим жойларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

Мамлакатнинг катта қисмида ёз каби +35…+38 даражагача иссиқ бўлади. Сешанба ва чоршанба кунлари ҳаво ҳарорати пасаяди, чоршанба кунига келиб ҳарорат +25…+30 даражани ташкил этади.

Ҳафтанинг иккинчи ярмидан ҳарорат яна кўтарила бошлайди ва иш ҳафтаси охирига бориб ҳаво +30…+33 даражагача исийди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида сешанба куни +15…+20 даража атрофида энг салқин кун бўлади, сўнг ҳарорат аста-секин +28…+30 даражагача кўтарилади.

Фақат 29–30 апрел кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида айрим жойларда, 1–2 май кунлари Фарғона водийсида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ кузатилиши мумкин.

Шамол шарқдан 7–12 метр/сония тезликда эсади, 28–30 апрелда баъзи жойларда 15–20 метр/сониягача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

Тошкент шаҳрида 28–30 апрел ва 1–2 май кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Душанба кундузи ҳарорат +36…+38 даража, сешанба куни +31…+33 даража, чоршанба куни +26…+28 даража бўлади. Иш ҳафтасининг иккинчи ярмида ҳарорат +29…+31 даражагача кўтарилади.

Мавзуга оид