Жаҳон | 15:24 / 27.04.2025
13549
5 дақиқада ўқилади

Эрондаги портда даҳшатли портлаш рўй берди

Эроннинг Бандар-Аббос шаҳри яқинидаги портлаш оқибатида камида 28 киши ҳалок бўлган, мингдан ортиқ киши яраланган. Ҳудудда кучли ёнғин икки кундан буён давом этмоқда.

Фото: EPA

Шанба куни Эрон жанубидаги Бандар-Аббос шаҳри ҳудудидаги Шаҳид-Ражоий портида кучли портлаш рўй берди. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 28 киши ҳалок бўлган, 1139 киши турли даражада тан жароҳати олган.

IRNA хабарига кўра, яна олти киши бедарак йўқолган, деб ҳисобланмоқда, яраланганларнинг кўпчилиги оғир аҳволда.

Портлаш сабаблари тўғрисида ҳозирча расмий маълумот берилмади, аммо бу Ўмонда АҚШ ва Эрон ўртасида ядро дастури бўйича музокараларнинг учинчи раунди бошланиши ортидан рўй берди.

«Ҳодисага Шаҳид-Ражоий порти бандаргоҳи ҳудудида сақланаётган бир нечта контейнерлар портлаши сабаб бўлган. Ҳозирда эвакуация ишларини олиб боряпмиз ва ярадорларни тиббиёт марказларига олиб кетяпмиз», – деди фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ҳудуддаги вакили давлат телевидениесига.

Ёнғин ўчирилгунига қадар порт фаолияти тўхтатилган ва портда ишчилар сони кўп бўлгани ҳисобга олинса, «катта эҳтимол билан, кўплаб ишчилар ҳодиса оқибатида яраланган ва ҳалок бўлган, дейилади агентлик хабарида.

Маҳаллий нашрларга кўра, портлаш оқибатида бир неча километр радиусдаги биноларнинг деразалари синиб кетган, интернетда тарқалган кадрларда портлашдан кейин осмонда қўзиқорин шаклидаги булут ҳосил бўлганини кўриш мумкин.

Эрон соғлиқни сақлаш вазирлиги Ҳўрмузгон вилоятида фавқулодда ҳолат режими эълон қилиб, аҳолидан уйларда қолиш ва деразаларни тамбалаб, ниқоб тақиб юриш сўралган.

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён портлаш бўйича текширув боришини назорат қилиш учун мамлакат ички ишлар вазири ушбу ҳудудга юборилганини маълум қилган. У портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар учун «чуқур ҳамдардлик» изҳор этган.

Бандар-Аббосдаги Шаҳид-Ражоий портидаги ёнғинни ўчириш жараёни
Razieh Pudat / ISNA / AP / Scanpix / LETA

Ёнғинни ўчириш ишларида самолётлардан фойдаланилмоқда. Бугун бутун шаҳар, жумладан, ўқув муассасалари, расмий идоралар бинолари ҳамда корхоналар ёпилиши кутилмоқда.

Мамлакат расмийлари портлаган контейнерларда айнан нима бўлганини очиқламаяпти.

New York Times нашрининг Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпусига алоқадор манбаси портда перхлорат натрий солинган контейнерлар портлаганини айтган. Бу модда қаттиқ ракета ёқилғиси ишлаб чиқаришда қўлланади.

Аввалроқ Эрон давлат ахборот агентлиги портда кимёвий моддалар солинган контейнерлар портлаганини айтган амалдорнинг сўзларидан иқтибос келтирган, бироқ гап қайси модда ҳақида кетаётганига аниқлик киритилмаганди.

Ўз навбатида, Associated Press агентлиги Ambrey хусусий қўриқлаш фирмасига таяниб хабар беришича, порт март ойида «перхлорат натрий асосидаги ракета ёқилғиси» партиясини қабул қилганди. Бу ёқилғи Хитойдан денгиз орқали Эронга жўнатилган. Январ ойида Financial Times нашри ёқилғи Ғазо секторида Ҳамас билан уруш пайтида Исроилга тўғридан тўғри ҳужумлар натижасида тугаб қолган Эроннинг ракета захираларини тўлдириш учун ишлатилиши кераклиги ҳақида хабар берганди.

Бандар-Аббос Форс кўрфазининг Ўмон кўрфази билан туташган жойида, Ҳўрмуз бўғози қирғоғидаги стратегик муҳим нуқтада жойлашган. Портлар ва кемачилик ташкилоти маълумотларига кўра, бу – Эрондаги энг йирик порт ҳисобланади. Ўтган йили мамлакатдаги контейнерларнинг 85 фоизи, шунингдек, Эрон нефтининг катта қисми шу порт орқали ўтган.

2020 йилда айнан шу портда турган компютерлар киберҳужумга учраган, бу мазкур объектга олиб борувчи қуруқлик ва сув йўллари фаолиятида кенг миқёсдаги узилишларга сабаб бўлганди.

Washington Post газетаси ўшанда бунинг ортида олдинги киберҳужумлар учун қасос олмоқчи бўлган Исроил турганини хабар қилганди.

Бандар-Аббосдаги портлаш оқибатлари
Mohammad Rasoul Moradi / IRNA / AP / Scanpix / LETA

19 апрел куни Римда Эрон ва АҚШ ўртасидаги музокараларнинг иккинчи раунди якунланганди. Эрон расмий нашрлари у «конструктив муҳит»да ўтганини хабар қилган, аммо қандайдир ютуқларга эришилгани ҳақида маълум эмас.

Бинямин Нетаняҳу бошчилигидаги Исроил ҳукумати буни хато деб билишини ва Эронга ҳарбий зарба берилгандан кейингина у билан музокараларга киришиш кераклигини бир неча бор таъкидлаган.

Норасмий маълумотларга кўра, Доналд Трамп маъмурияти Исроилнинг Эронга зарбасини қўллаб-қувватлашдан бош тортган. Аммо Исроил ҳукумати ўз кучлари билан Эроннинг ядровий ва ҳарбий инфратузилмасига зарар етказиш ниятидан воз кечмаган.

Фото: AFP

Мавзуга оид