Ўзбекистон | 19:09 / 26.04.2025
9190
3 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони Ҳаж мавсумида ўзбекистонликларга электрон виза беришни тўхтатиб қўйди

Саудия Арабистони Туризм вазирлигининг Kun.uzʼга маълум қилишича, ўндан ортиқ давлатлар, хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари учун электрон визага мурожаат қилиш хизмати вақтинчалик тўхтатилган. Бу – саёҳат ёки Умра мақсадида қиролликка бориб, ноқонуний Ҳаж қилишнинг олдини олиш учун кўрилган чора сифатида баҳоланмоқда.

Фото: Kun.uz

Саудия Арабистони Туризм вазирлиги Ўзбекистон фуқаролари учун онлайн портал орқали электрон виза олиш имконини ёпиб қўйди. Қироллик расмийлари бу борада изоҳ бермаган.

Осиё давлатлари ичидаги рўйхатдан Ўзбекистон олиб ташланган

Kun.uz мухбири Саудия Арабистони туризм вазирлиги онлайн мурожаатлар марказига мурожаат қилиб, ҳолат юзасидан расмий изоҳ сўради. Маълум қилинишича, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари учун электрон визага мурожаат қилиш вақтинчалик – Ҳаж мавсумида тўхтатилган.

«23 апрелдан 9 июнга қадар электрон визага мурожаат қилиш хизмати вақтинча тўхтатилади. Бу муддат ичида Саудия Арабистонига саёҳат қилишни хоҳловчилар ўз мамлакатларидаги элчихоналар ёки ваколатли виза идоралари орқали виза олишга ариза топширишлари мумкин. Бундан ташқари, амалдаги Шенген, Буюк Британия ёки АҚШ визаларига эга саёҳатчилар, шунингдек, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ёки АҚШ резидентлари Саудия Арабистонига кириш пунктларида виза олишлари мумкин», дейилади Саудия Туризм вазирлиги Kun.uz'га тақдим қилган маълумотда.

Жорий йил 13 апрелда Саудия Арабистони 14 та мамлакат (Ҳиндистон, Миср, Покистон, Яман, Тунис, Марокаш, Иордания, Нигерия, Жазоир, Индонезия, Ироқ, Судан, Бангладеш ва Ливия) фуқаролари учун ҳам электрон виза олиш имкониятини ёпган эди.

Бундай тартибга юқорида саналган давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистондан Умра учун бориб, рухсатсиз Ҳаж учун қолиб кетаётган фуқароларнинг кўплиги сабаб бўлгани айтилмоқда. Хусусан, Саудия Арабистони жорий йилда ноқонуний равишда, тегишли визасиз Ҳаж зиёратини амалга ошираётган фуқароларга ҳам, ширкатларга ҳам жуда катта жарималар белгилаган.

2025 йилги Ҳаж мавсумда Ўзбекистон фуқаролари учун 15 минг дона квота ажратилган. Ўзбекистон Ҳаж зиёрати, ҳукумат қарорига кўра, фақат Дин ишлари бўйича қўмита ва Мусулмонлар идораси томонидан амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони 2023 йил 6 августда Ўзбекистон ва яна 7 та давлат фуқаролари учун подшоҳликка кириш визасини электрон виза портали орқали олиш имкониятини очган эди. Подшоҳлик туризм вазирлиги визалар беришни кенгайтириш мақсадида очилган ушбу тизимдан жами 57 та давлат фуқаролари фойдаланиши мумкин.

Саудия Арабистони E-visa'си бир йиллик, кўп марталик кириш визаси бўлиб, сайёҳларга мамлакатда 90 кунгача бўлиш имконини беради. Шунингдек, ушбу виза Ҳаж қилиш, Саудия Арабистонида доимий яшаш ҳамда ишлаш ҳуқуқини бермайди.

Ўзбекистон 2023 йил 1 январдан бошлаб Саудия Арабистони фуқаролари учун қайтиш ёки учинчи давлатга жўнаб кетиш чипталарини тақдим этган ҳолда 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий этган эди.

Эслатиб ўтамиз, 25 апрел куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сўнгги вақтларда фуқароларимиз БАА ҳудудида содир этаётган қонунбузарлик ҳолатлари кўпаяётгани амирлик билан визасиз тартибга таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Мавзуга оид