Автомобил бозоридаги монополия: Ўзбекистон битта хатони иккинчи марта такрорлайдими?
1 майдан Ўзбекистонда утилизация йиғимининг оширилган ставкалари кучга киради. Натижада, мисол учун, божхона қиймати 22 800 доллар бўлган Changan Deepal S07 автомобилини олиб кириш нархи 3600 доллардан 6200 долларгача ошади. Икки хил двигателга эга, лекин фақат электрда юрадиган бу тоифа моделлар расман ҳибрид тоифага ўтказилиши билан, Deepal C07нинг божхона харажатлари 9600 доллардан ошиб кетади.
Ўзбекистонга келган хорижликнинг эътиборини тортадиган жиҳатлардан бири – йўллардаги машиналарнинг аксарияти битта брендга тегишли экани. Бундан 4 йил олдин машҳур влогер, Nas Daily саҳифаси муаллифи Нусаир Ёсин Тошкентга келиб, бу ердаги деярли ҳамма машиналар Chevrolet эканидан ҳайрон қолганди.
“Дўстлар! Мен шундай юртдаманки, бу ерда деярли ҳамма машиналар – Chevrolet! Беҳазил! 27 йилдан бери ҳукумат фақат битта машина тури сотилишига рухсат берган. Улар Chevrolet’ни танлашган. Мана, монополия қанақа бўлади”, деганди у.
Орадан анча вақт ўтди. Бу давр мобайнида дунё автомобилсозлик саноатида жиддий ўзгаришлар юз берди. Хусусан, Toyota ва Mercedes'га ўхшаган машҳур компаниялар ҳам анъанавий бензинда ҳаракатланадиган автомобиллар ўрнига электромобил ва гибрид машиналар ишлаб чиқаришга асосий урғуни қаратяпти. Бу борада хитойликлар моделлар сони бўйича ҳам, ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш тезлиги бўйича ҳаммадан бир бош устунликка эришди.
Умуман олганда, глобал бозорларда рақобат ва хилма-хиллик тобора ортиб боряпти. Аммо Ўзбекистонда яна янги монополлашув аломатлари тобора кўпроқ кўрина бошлаяпти.
Монополия нима?
Монополия – битта сотувчи ёки ўзаро келишиб ишлайдиган бир нечта сотувчилар гуруҳининг бозор устидан ҳукмронлик қилиши. Лекин монополиянинг юзага келишини ҳамиша ҳам ўта салбий ҳолат деб баҳолаб бўлмайди. Яъни монополиянинг ҳам монополиядан фарқи бор.
Масалан, мамлакатдаги қайсидир бир компаниянинг бозордаги улуши 70 фоиз бўлса, лекин у бу улушни ҳалол қўлга киритган бўлса ва бозорга киришга ҳеч қандай чекловлар бўлмаса, уни айблай олмаймиз. АҚШдаги Microsoft ёки Google'ни мисол қилиб олиш мумкин – улар очиқ рақобат шароитида пайдо бўлишган. Ҳозирги мавқейини суиистеъмол қилмаслигини эса монополияга қарши орган назорат қилади.
Аммо Ўзбекистондаги автомобилсозлик саноати билан боғлиқ вазият ундай эмас. Ўтган йил мамлакатда сотилган ҳар 100 та машинанинг 88 донаси UzAuto Motors ҳиссасига тўғри келган. Харидорлар маҳаллий ишлаб чиқарувчининг таклиф қилган маҳсулоти арзон ёки сифатли эканидан эмас, балки танлов имконияти жуда ҳам чекланганидан бунга мажбур бўлишган. Бу ерда асл муаммо бозорда UzAuto'нинг улуши жуда ҳам юқорилигида эмас, балки унга рақобатни чеклай олиш учун бозордан ташқари инструментлар берилгани билан боғлиқ. Рақобат давлат томонидан чекланган, нотенг қоидалар жорий этилган. Бу эса монополиянинг энг ёмон кўринишидир.
KPMG Uzbekistan халқаро аудит компанияси солиқ ва йиғимларнинг юқорилиги Ўзбекистонда автомобил бозорининг ривожланишини секинлаштираётганини қайд этганди. Уларнинг ҳисоб-китобига кўра, хорижий автомобилларни Ўзбекистонга олиб киришда двигател ҳажмига қараб, божхона тўловларининг умумий миқдори машина қийматининг 70 фоизи ва ундан кўпроғини ташкил этади.
Электомобиллар бозори ҳам “бир қўлли” бўладими?
2023 йилда “Ўзавтосаноат” ва Хитойнинг BYD компанияси ўртасида шартнома тузилганидан кейин, жамоатчиликда электромобиллар импортига тўсиқлар кўпайиши мумкинлиги бўйича хавотирлар бор эди. Кутилмалар ўзини кўп ҳам куттирмади. Дастлаб электромобилларни маҳаллийлаштириш бошлангани фонида автомобилларни фақат ишлаб чиқарувчи корхонанинг расмий дилери томонидан сотилишига оид талаб қайта тикланди. Кейин импорт машиналар учун техник синовлар божхона ҳудудидан Пискентдаги полигонга кўчирилди ҳамда электромагнит мослашувчанлик текшируви жорий қилинди.
2025 йилнинг 1 майидан бошлаб эса ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган электромобиллар учун утилизация йиғими БҲМнинг 30 бараваридан 120 бараваригача, яъни амалдаги 11 млн сўмдан 45 млн сўмгача оширилади. Бу эса BYD'нинг дилерлик тармоғидан ташқаридаги импорт электрокарлар нархи камида 2600 долларга қимматлашишини англатади. Масалан, божхона қиймати 22 790 доллардан ҳисобланадиган Changan Deepal S07 автомобилини Ўзбекистонга олиб кириш нархи айни пайтда 3605 долларни (2735 доллар ҚҚС, 870 доллар утилизация йиғими) ташкил этган бўлса, бу 1 майдан бошлаб 6213 долларгача ошади.
Ўзбекистонда ҳалигача электромобил аккумуляторларини қайта ишлаш инфратузилмаси мавжуд эмас. Импортёрлар ва истеъмолчилар нима учун шунча пул тўлаётганини ўзлари ҳам билишмайди. Шу жиҳатдан йиғим нархининг ақл бовар қилмас даражада оширилишини ички бозордаги ишлаб чиқарувчини ҳимоя қилишга қаратилган навбатдаги уриниш сифатида баҳолаш мумкин.
Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган, аммо расмий идоралар томонидан тасдиқланмаган маълумотларга кўра, энди “кенгайтирилган диапазонли электромобил” туридаги гибрид автомобиллар учун алоҳида божхона коди жорий этилиши ҳам режалаштириляпти. Шу пайтгача ушбу турдаги автомобиллар учун божхона божи ундирилмаган. Агар улар гибрид автомобил сифатида божхона расмийлаштирувидан ўтказиладиган бўлса, 15 фоиздан 30 фоизгача божга тортилади. Шунда Changan Deepal S07 автомобилининг божхона расмийлаштируви яна 3419 долларга қимматлашиб, 9631 долларгача етади. Бу автомобил қийматининг 42 фоизига тенг миқдор.
Шартли Lixiang, Deepal, AITO, Leapmotor каби брендлар ишлаб чиқарган автомобиллар Ўзбекистонга божхона божи ва утилизация йиғими тўламасдан олиб кириладиган BYD Uzbekistan автомобиллари билан рақобатлашиши керак. Ўтган йил Жиззахдаги BYD заводи директори Шафқатбек Алимов Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган BYDʼлар четдан олиб келинадиган BYDʼларга қараганда арзон бўлишини айтганди. Унинг кутилмалари ўзини оқлаши учун максимал даражада ҳаракат қилиняпти, фақат ташқи бозорлардан импорт қилишни қийинлаштириш ва қимматлаштириш эвазига.
Таъкидлаш лозимки, BYD Ўзбекистондаги ишлаб чиқаришни кенгайтириб, унинг бир қисми экспорт бўлишидан кўп ҳам манфаатдор эмас, чунки қўшни бозорларга автомобил етказиб беришда Хитой компаниясида ҳеч қандай логистик муаммолар мавжуд эмас. Асосий мақсад – ички бозор учун автомобил сотиш. Юқоридаги ўзгаришлар мамлакатда мавжуд автомонополиянинг кейинги даври бошланаётгани ҳақида муждалар беряпти.
Ўзбекистонга машина заводлари керакми?
Миллий автомобил ишлаб чиқарувчи заводимиз –UzAuto Motors'нинг фаолияти бўйича қарама-қарши фикрлар жуда ҳам кўп. Албатта, машинасозлик заводларининг бўлиши мамлакат саноати учун муҳим аҳамиятга эга. Бу тармоқда эришилган ютуқлар саноатнинг бошқа соҳаларига ҳам ёйилади, минглаб иш ўринлари яратилади. Лекин Ўзбекистонда бу борада ички ишлаб чиқарувчини ташқи бозорларга мослаштириш йўлидан борилмади.
Бошида “янги туғилган саноатни” қўллаб-қувватлаш мақсадида жуда катта солиқ имтиёзлари, субсидиялар, турли хил моддий қўллаб-қувватлашлар берилди. Бу энди йўлга қўйилган соҳани қўллаб-қувватлаш учун қилинаётган вақтинчалик чора сифатида тушунтирилди. Завод оёққа туриб олса, божлар олиб ташланади деб кутилди. Бу гўёки сузишни ўргансанг, бассейнга олиб бораман, дегандай гап эди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчи катта божлар ва имтиёзлар соясида катта бўлди ва бу ҳали ҳам давом этяпти. Вақтинча муҳофаза қилиш аргументи ҳам ўзини оқламади. Натижада миллий автомобилсозлик эски технологиялар асосида маҳсулот ишлаб чиқарувчи тармоққа айланиб қолди. Биргина мисол, Damas қарийб 30 йилдан бери сезиларли ўзгаришларсиз истеъмолчиларга етказиб бериляпти.
Охирги йилларда расмийлар ички ишлаб чиқарувчиларни кўпайтириш ҳисобига рақобат муҳитини яратиш ҳақида кўп гапирмоқда. Лекин бу нархларни арзонлаштириб, ҳақиқий “кураш”ни юзага келтираётгани йўқ. Янги ўйинчилар UzAuto’нинг сотув ҳажмини қисман камайтирди, лекин харидори энг кўп бозор – бюджет моделлар сегментида ўзгариш сезилгани йўқ. Боз устига, қолган ўйинчилар ҳам маҳаллий ишлаб чиқаришни ташкил этиш ниқоби остида янгидан янги имтиёзлар олишни хоҳлашади ва улар буни сўрай бошлашди ҳам.
Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган машинанинг қўшни Қозоғистонда арзонроқ сотилгани ажабланарли эмас, чунки у ерда рақобат бор. Маҳаллий аҳоли эса хорижий харидорларда бор имкониятдан маҳрум этилган.
Достон Аҳроров
Мавзуга оид

20:34 / 24.04.2025
Тошкентда автомобилни рўйхатдан ўтказиш учун онлайн ариза бериш мумкин бўлди

11:21 / 23.04.2025
UzAuto Motors хусусийлаштирилади. 3,4 миллиард долларга қурилган GTL заводи ҳам

19:56 / 22.04.2025
“Нархлар анча арзонроқ” — Қозоғистондан қайтаётган ўзбеклар ўзи билан нималар олиб киряпти?

17:24 / 22.04.2025