Жаҳон | 01:32
1520
2 дақиқада ўқилади

Америкалик собиқ конгрессмен Жорж Сантос фирибгарлик учун етти йилга қамалди

У сайловолди кампанияси учун тўпланган хайрия пулларини қимматбаҳо кийимлар сотиб олишга ва қарзларини тўлашга сарфлаган. Сантос АҚШ тарихида Конгрессдан четлатилган олтинчи Вакиллар палатаси аъзоси ҳисобланади.

Фото: AP

Ню-Йорк федерал округ суди АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг собиқ аъзоси, республикачи Жорж Сантосни фирибгарлик ва шахсий маълумотларни ўғирлашда айбдор деб топиб, уни озодликдан маҳрум этди. Бу ҳақда Politico хабар берди.

Суд қарорига кўра, Конгрессда бир йилдан камроқ ишлаган ва кўплаб ёлғонлар ҳамда сохталаштиришларга алоқадор Сантос етти йилу уч ой қамоқ жазосини ўтайди.

Жорж Сантос 2022 йилнинг кузида Вакиллар палатасига сайланган эди. 2022 йил декабрь ойида The New York Times газетаси унинг Конгрессга сайланиш учун ўз таржимаи ҳоли фактларини сохталаштиргани ҳақида суриштирув эълон қилган. Кейинчалик маълум бўлишича, у сайловолди кампанияси учун тўпланган хайрия пулларини қимматбаҳо кийимлар сотиб олишга ва қарзларини тўлашга сарфлаган. Шунингдек, у ўзини ишсиз деб рўйхатга қўйган ва нафақа олган, аслида эса инвестиция компаниясида ишлаган.

Прокуратура унга фирибгарлик, пул ювиш, бюджет маблағларини ўғирлаш ва Вакиллар палатасига ёлғон маълумот бериш бўйича айбловлар қўйган. У 2023 йил май ойида қўлга олинган, декабр ойида эса Конгрессдан четлатилган эди.

Жорж Сантос — АҚШ тарихида Конгрессдан четлатилган олтинчи Вакиллар палатаси аъзоси ҳисобланади. Бу борадаги овоз бериш жараёни 2023 йил декабрда — 20 йил ичида биринчи марта бўлиб ўтганди. 2024 йил август ойида у прокуратура билан келишувга бориб, баъзи айбловларни тан олган ва 370 минг доллар миқдорида жарима тўлашга рози бўлган эди.

Мавзуга оид