Жаҳон | 18:01
4161
2 дақиқада ўқилади

Перуда 5 минг йиллик мумиё топилди

Мумиёланган аёлнинг ёши 25-30 ёш атрофида бўлган. Орадан 5 минг йил ўтган бўлса ҳам унинг териси, сочлари ва тирноқлари сақланиб қолган.

Фото: AP

Перуда археологлар юқори ижтимоий мавқега эга бўлган ёш аёлнинг мумиёланган қолдиқларини топди, деб хабар берди мамлакат Маданият вазирлиги.

Ҳозирга қадар сақланиб қолган мумиё қарийб 5 минг йил олдинги даврга тегишли экани тахмин қилинмоқда. У қадимги Карал-Супе цивилизациясининг (милоддан аввалги 3000–1800 йиллар) марказларидан бири бўлган Асперо ҳудудидаги қазишмалар вақтида топилган.

Аёлнинг ёши 25-30 ёш атрофида бўлган. Орадан 5 минг йил ўтган бўлса ҳам унинг териси, сочлари ва тирноқлари сақланиб қолган. Мумиёнинг жасади бир нечта матога ўралган — жумладан, пахта ва қамишдан тўқилган бўйрага.

Бундан ташқари, қабрда археологлар томонидан «аёлга тақдим этилган ҳадялар» деб атаётган кўплаб артефактлар мавжуд. Улар орасида — тўрт дона қамишдан ясалган сават, нақшлар туширилган игна, Амазония чиғаноғи, ранг-баранг тақинчоқлар билан безатилган тукан тумшуғи, жун мато, балиқ овлаш тўри, 30 га яқин ширин картошка тугунаги ва тўқув асбоблари мавжуд.

Қабрга қўйилган буюмлар ва мумиёнинг дафн либосини таҳлил қилган археологлар бу аёл жамиятда юқори мавқега эга бўлган деган хулосага келишган. Бунгача Асперода яна тўртта «элита»га тегишли қабр топилган эди. Олимларнинг фикрича, бу топилмалар қадимги Карал-Супе цивилизацияси шаклланиш даврида жамиятда ижтимоий ташкилот мавжуд бўлганидан далолат беради.

Мавзуга оид