Жаҳон | 00:22
1043
2 дақиқада ўқилади

Нидерландия қироли мамлакатни «тиш-тирноғигача қуроллантиришга» чақирди

Нидерландия 2025 йилда мудофаа учун 1,1 млрд евродан ортиқ инвестиция йўналтиришни режалаштирмоқда. 

Фото: ANP

Нидерландлар тинч ва хавфсизликда яшаш имкониятига эга бўлиши учун «тиш-тирноғигача қуролланиши» керак. Бу ҳақда мамлакат қироли Виллем-Александр Лимбург провинциясида жойлашган ҳарбий базадаги чиқишида маълум қилди.

«Биз, эҳтимол, эркинлик ва тинчлик ҳар доим ўз-ўзидан мавжуд бўлади, деб ҳаддан ташқари кўп ўйлагандирмиз. Афсуски, Украина ва бошқа можаролар бундай эмаслигини ва биз бунга тайёр туришимиз кераклигини исботламоқда», — дейди Нидерландия қироли Виллем-Александр.

Қиролнинг таъкидлашича, Нидерландияни қайта қуроллантириш учун мамлакат мудофаа саноатини ҳам тубдан ўзгартириш лозим. «Биз ишлаб чиқаришни тиклай олиш имкониятига эга бўлишимиз керак», — дея қўшимча қилган у.

Ўтган ҳафта ҳокимиятдаги коалицияга кирувчи Озодлик ва демократия учун халқ партияси етакчиси Дилан Ешилгёз-Зегериус Нидерландия мудофаа ва хавфсизлик соҳасига 1,1 миллиард евродан ортиқ сармоя киритишни режалаштираётганини маълум қилганди. 2024 йил ноябр ойида мамлакат мудофаа вазири Рубен Брекелманс таҳдидлар ортиб бораётгани фонида мудофаа учун қўшимча 716 миллион евро ажратилишини эълон қилган эди.

Мудофаа саноатини мустаҳкамлаш билан бир қаторда, Нидерландия Украинани ҳам молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда. 2025 йилда қироллик Киевга ҳарбий ёрдам сифатида 2 миллиард евро ажратишни режалаштирган. Брекелманснинг айтишича, ушбу маблағнинг 500 миллион евроси дронлар ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Феврал ойида Украина Франциянинг Mirage 2000 ва Нидерландиянинг F-16 қирувчи самолётларининг илк партиясини қабул қилиб олганди.

Шу билан бирга, Нидерландия Европа комиссиясининг 800 миллиард евролик қайта қуролланиш режасига қарши чиқмоқда. VRT маълумотига кўра, нидерландиялик расмийлар бу дастурда иштирок этиш давлат қарзининг ортишига олиб келишидан хавотирда, чунки Еврокомиссия аъзоларига бюджет қоидаларидан четга чиқишга рухсат берилиши мумкинлиги айтилган.

Мавзуга оид