Жаҳон | 16:50 / 25.04.2025
1555
2 дақиқада ўқилади

Гуржистон собиқ бош вазири ва ҳукмрон партия раиси Ираклий Гарибашвили сиёсатдан кетишини эълон қилди

Гарибашвили хусусий секторда ишлашда давом этади, бироқ у тафсилотларни ошкор қилмади. Шунингдек, у партия раислиги лавозимини ким эгаллашига ҳам аниқлик киритмади.

Фото: AP/ТАСС

Ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси раиси Ираклий Гарибашвили лавозимни тарк этиб, сиёсатдан кетишини эълон қилди.

Мен энди партия раиси лавозимида ва умуман сиёсатда қолиш заруратини кўрмаяпман, шунинг учун «Гуржистон орзуси» раислиги ва сиёсатдан кетишга қарор қилдим. Ватанимга бошқа позициядан хизмат қилишда давом этаман», — дейди Гарибашвили.

Гарибашвилининг сўзларига кўра, у хусусий секторда ишлашда давом этади, бироқ тафсилотларни ошкор қилмади. Шунингдек, у партия раислиги лавозимини ким эгаллашига ҳам аниқлик киритмаган. Шу билан бирга, Гарибашвили сиёсатга «Гуржистон орзуси»га мухолиф сифатида қайтиш эҳтимоллигини ҳам рад этиб, «Бидзина Иванишвили жамоаси ва мамлакат учун содиқ аскарлигича қолишини» маълум қилди.

«Гуржистон орзуси» партияси ҳокимият тепасига келганидан кейин Ираклий Гарибашвили икки марта мамлакат бош вазири лавозимини эгаллаган (2013-2015 йиллар ва 2021-2024 йиллар), ички ишлар вазири (2012-2013) ва мудофаа вазири (2019-2021) бўлган. 2024 йил февралдан бери Гарибашвили «Гуржистон орзуси» раиси лавозимида фаолият юритиб келаётганди.

«Гуржистон орзуси» партияси Гуржистонни 2012 йилдан бери бошқариб келади, у мунтазам равишда россияпараст қарашлари ва Кремлга яқинлиги учун айбланади. 2024 йил октябрда партия парламент сайловларида ғалаба қозонган. Мухолифат овоз бериш натижаларини тан олмаган.

Мавзуга оид