25 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
БАА билан таҳдид остида қолган визасиз режим, Самарқанддаги мудҳиш автоҳалокат, Дубай шоколадидаги хавфли бактериялар ва Ўзбекистонга судда ютқазган Туркия компанияси — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
БААга визасиз режим тугатиладими?
20 апрел куни Дубайда ўзбекистонликлар ўртасида содир бўлган пичоқбозлик оқибатида 15 нафар фуқаро қўлга олинди. Можаро икки жиноий гуруҳ ўртасида келиб чиққан бўлиб, гуруҳ етакчиларидан бири ўлдирилган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновнинг маълум қилишича, мазкур воқеа юзасидан дипломатлар Дубай жиноят қидирув бошқармаси раҳбарияти билан учрашув ўтказган.
Унда жанжалга алоқадор Ўзбекистон фуқаролари қўлга олингани ва БАА томони тергов олиб бораётгани маълум қилинган.
Сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқаролари томонидан содир этилаётган қонунбузарлик ҳолатлари кўпаяётгани икки давлат ўртасидаги визасиз тартибга таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳам таъкидланган.
Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларимизни хорижда ўзи ва юртдошлари шаънига доғ туширувчи ҳаракатлардан қатъиян тийилишга чақирди.
Самарқанддаги мудҳиш автоҳалокатда 33 ёшли аёл ўлди
Самарқанд шаҳрида Lacetti ҳайдовчисининг юқори тезликда ҳаракатланиши оқибатида саккиз нафар пиёда уриб юборилди. Ҳодиса 11 апрел куни шаҳарнинг Рўдакий кўчасида содир бўлган. Бироқ ҳодисанинг тасвири интернетда тарқалиши ортидан расмийлар бугунга келиб воқеага ўз муносабатини билдиришга мажбур бўлишди.
Ҳайдовчи аввал пиёдалар ўтиш жойида тўхтаб турган Labo’га урилган, сўнг бошқарувни йўқотиб, пиёдалар ўтиш йўлагида одамларни уриб ўтган. Оқибатда 33 ёшли аёл вафот этган, унинг уч фарзанди онасиз қолди. Жабрланганлар орасида уч ёшли бола ҳам бор.
Ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми бўйича иш қўзғатилди. У 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Дастлабки тергов ишлари бошланган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ҳайдовчи пиёдаларни катта тезликда уриб юборгани акс этган. Вилоят ИИБ жамоатчиликни ҳушёрликка ва қоидаларга амал қилишга чақирди.
Шукрулло Исроилов автомобилини олиб қочган йигит қамалди
Таниқли артист Шукрулло Исроиловга тегишли Mercedes-Benz автомобилини ўғирлаб кетган 1998 йилда туғилган Шерзод исмли йигит 2 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Маълум бўлишича, автомобил Исроиловнинг фарзанди номида бўлган. Ҳодиса вақтида транспорт воситаси очиқ ҳолда қолдирилган ва калити ичида бўлган. Шерзод бу имкониятдан фойдаланиб, машинани олиб қочган.
«Машинани ҳайдаб кўришга қизиқдим», — деди у судда ва қилган ишидан афсусда эканини билдирди. Йўл-патрул хизмати ходимлари уни Учтепа туманида ушлаб қолган.
Шукрулло Исроилов ҳам машина топилганини тасдиқлаб, фуқароларни автомобилларини очиқ қолдирмасликка чақирди. Судда Исроиловнинг ўғли судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини билдирди.
Ўқитувчилар аттестациясида баҳсли ҳолатлар кузатилди
Самарқандда ўқитувчи тестдан чиққан бўлса-да, онлайн эфирда ҳали бино ичида кўрингани муҳокамага сабаб бўлди. Мактаб вазирлиги бу ҳолатни интернет узилиши ва кадрларнинг браузер хотирасида сақланиши билан изоҳлади.
Вазирликнинг маълум қилишича, эфирда узилиш бўлган ва натижада экранда сал аввалги кадрлар кечикиб узатилган. Қинғирликда гумон қилинаётган номзод эса 52 балл тўплаб аттестациядан ўта олмаган. Барча жараён видеоёзувлар орқали тасдиқланган.
Андижонда эса имтиҳон чоғида телефондан фойдаланган номзод тест натижасидан маҳрум этилди. Ҳодиса 19 апрел куни аниқланган ва шу куниёқ чора кўрилган.
Умуман, ҳозиргача тоифа синовларида 24 нафар номзод алоқа воситаларидан фойдалангани учун аттестациядан четлаштирилган.
Вазирлик барча жараён тўлиқ назорат қилинётганини ва тартиббузарликларга нисбатан кескин чоралар қўлланаётганини маълум қилди.
Ўзбекистон Туркия компаниясини судда ютди
Инвестицион низоларни ҳал қилиш халқаро маркази (ICSID) арбитраж трибунали Bursel Tekstil компаниясининг Ўзбекистонга нисбатан барча даъволарини рад этди. Даъво миқдори тахминан 700 млн долларни ташкил қилган.
Трибунал компанияни Ўзбекистоннинг арбитраж харажатларини қоплаб беришга ҳам мажбур қилди. Арбитраж иши 2017 йилда бошланган бўлиб, қарийб 7 йил давом этди. Bursel ҳукуматни пахта экспорти ва солиқ имтиёзлари бўйича ваъдаларга риоя қилмаганликда айблаганди.
Ўзбекистон манфаатларини Адлия вазирлиги ва White&Case юридик фирмаси ҳимоя қилди. Қарор якуний ва мажбурий ҳисобланади.
Bursel Tekstil — 2000 йиллар бошида Ўзбекистонда тўқимачилик саноатига йирик сармоя киритган турк компанияси эди.
«Дубай шоколади»даги хавфли бактериялар
Fix Dessert Chocolatier бренди остида сотилаётган «Дубай шоколади» инсон саломатлиги учун хавфли деб топилди. Техинспекция мутахассислари назорат хариди орқали намуналарни UzTest лабораториясида текширди ва жиддий қоидабузарликлар аниқлади.
Текширув натижасида маҳсулот таркибида мезофил аэроб ва факултатив анаэроб бактериялар, ачитқи замбуруғлар, коли гуруҳи бактериялари ҳамда салмонелла мавжудлиги қайд этилди. Бу бактериялар қатъий тақиқланган ҳисобланади.
Инспекция маълумотларига кўра, шоколад инсон саломатлиги учун хавфли бўлиб, айниқса, аллергик касалликларни келтириб чиқариши мумкин.
Шунингдек, маҳсулотнинг ташқи кўриниши ва ёрлиқлаш қисми ҳам техник регламент талабларига жавоб бермаган.
Ҳарорат +39 даражагача кўтарилиши кутилмоқда
Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат айрим жойларда +36…+39 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.
Ўзгидромет маълумотига кўра, шамол шарқдан сониясига 7–12 метр тезликда эсади, баъзи ҳудудларда чанг-тўзон билан 15–20 метргача кучайиши мумкин. Кундуз кунлари ҳарорат +27…+30 даража бўлиб, якшанбага бориб +32…+35 даражагача етади.
Шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида айрим жойларда ҳарорат +36…+39 даражагача исийди. Кечалари ҳаво ҳарорати +15…+18 даража атрофида бўлади.
Мавзуга оид

23:21 / 24.04.2025
24 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

20:58 / 23.04.2025
23 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:15 / 22.04.2025
22 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:55 / 21.04.2025