Ўзбекистон | 13:02
1438
2 дақиқада ўқилади

Автомобилларнинг ноқонуний ижараси билан боғлиқ ҳолат бўйича депутат сўрови юборилди

Транспорт вазири Илҳом Махкамов ва Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовдан бир қанча масалаларга ойдинлик киритиш сўралган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракцияси транспорт воситаларини қисқа муддатга ижарага бериш фаолиятини ноқонуний амалга ошириш ҳолатлари ва бунинг оқибатида келиб чиқаётган оғир ҳолатлар юзасидан жиддий ташвиш билдириб, Транспорт вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигига депутат сўрови билан мурожаат қилди.

Фракция аъзоси Дилмурод Исмоилов томонидан юборилган сўровда айрим «тадбиркорлар» инсон ҳаёти ва соғлиғидан ўз манфаатларини устун қўйиб, белгиланган қоидаларни четлаб ўтаётганига» эътибор қаратилган.

Қайд қилинишича, транспорт воситаларини ижарага бериш фаолияти билан фақат қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган юридик шахслар шуғулланиши ва ижарачидан, албатта, тегишли ҳайдовчилик гувоҳномаси тақдим этилиши шарт.

Бироқ, амалда бу талабларга ҳар доим ҳам риоя этилмаяпти. Бунга мисол сифатида сўнгги кунларда Наманган вилоятида юз берган бир қатор аянчли ҳодисалар келтирилган.

Маълум бўлишича, бир қанча телеграм гуруҳлари орқали юқоридаги қарор талабларига зид равишда, ҳатто вояга етмаган ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларга ҳам автомобиллар ижарага берилмоқда.

Бу эса, ўз навбатида, оғир йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлмоқда. Жумладан, 2024 йил 2 октябрь куни Наманган шаҳрида ноқонуний ижарага берилган Gentra автомашинаси иштирокидаги ЙТҲ оқибатида 3 нафар ўсмир ҳаётдан кўз юмган.

Шу муносабат билан, Транспорт вазири Илҳом Махкамов ва Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовдан қуйидаги масалаларга ойдинлик киритиш сўралган:

Биринчидан, автомототранспорт воситаларини қисқа муддатга ижарага бериш фаолиятини ноқонуний амалга оширувчи шахсларни барвақт аниқлаш борасида қандай ишлар қилинмоқда?

Иккинчидан, аниқланган қонунбузарларга нисбатан қандай чоралар кўрилмоқда?

Учинчидан, бу каби ҳуқуқбузарликлар келиб чиқишининг олдини олиш бўйича қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

Тўртинчидан, мазкур масала юзасидан вазирларнинг шахсий нуқтаи назари қандай?

Мавзуга оид