Ўзбекистон | 23:21 / 24.04.2025
788
5 дақиқада ўқилади

24 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Тошкентда янги тузилаётган тиббиёт университети, ижарадаги автомобиллар бўйича депутатлик сўрови, божи тўланмаган товарлар тақдири ва хусусийлашаётган стоматология поликлиникалари — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Тошкентда тиббиёт университети ташкил қилинади

Тошкентдаги учта олийгоҳ — Тиббиёт академияси, Педиатрия институти ва Стоматология институти тугатилиб, улар негизида ягона Тошкент давлат тиббиёт университети ташкил этилди.

Янги университет 2025/2026 ўқув йилидан иш бошлайди. Ҳозир мазкур учта олийгоҳда таҳсил олаётган талабалар ўқишини ушбу университетда давом эттиради. Яъни уларга қўшимча ҳужжат топшириш ёки ўқишни қайта танлаш талаб этилмайди.

Энг муҳим жиҳат — 2024/2025 ўқув йили битирувчиларига ҳам айнан янги университетнинг дипломи топширилади. Бу — уларнинг дипломи автоматик равишда янги ташкил этилган университетга тегишли ҳисобланишини англатади.

Ушбу янгилик тиббиёт таълимидаги ислоҳотлар доирасида амалга оширилмоқда ва бош мақсад — юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини марказлаштиришдир.

Ижарадаги автомобиллар: вазирларга депутат сўрови

Наманганда содир бўлган фожиа ортидан «Адолат» партияси вакили Дилмурод Исмоилов Транспорт ва ИИВ раҳбарларидан ноқонуний ижара ҳолатлари юзасидан ҳисобот сўради.

У сўровда Telegram-гуруҳлари орқали ҳайдовчилик гувоҳномасисиз, ҳатто вояга етмаганларга ҳам автомобиллар ижарага берилганини таъкидлади. Бу ҳолат 2 октябр куни Gentra иштирокида 3 ўсмирнинг ўлими билан тугаган автоҳалокат билан боғланган.

Фракция бу каби ижара фаолияти фақат рўйхатдан ўтган юридик шахслар орқали амалга оширилиши шартлигини эслатди. Аммо амалда бу талаблар четлаб ўтилаётгани хавотир уйғотмоқда.

Сўровда қонунбузарларни аниқлаш, уларга нисбатан чора кўриш ва бу ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган тадбирларга ойдинлик киритиш сўралган.

Шунингдек, транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва ИИВ раҳбари Азиз Тошпўлатовдан шахсий муносабат ҳам сўралмоқда.

Махсус хизматлар раҳбарлари Тошкентда йиғилди

Тошкентда Марказий Осиё давлатлари махсус хизматлари раҳбарларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди.

Йиғилишда минтақавий хавфсизликни таҳлил қилиш ва замонавий таҳдидларга қарши ягона ёндашув ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Махсус хизматлар ўртасидаги ҳамкорлик самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Терроризм, экстремизм, наркотик ва қурол-яроғ айланмаси, киберхавфсизлик ҳамда трансмиллий жиноятчиликка қарши кураш мавзулари кун тартибидан ўрин олди.

Ушбу йиғилиш Ўзбекистоннинг Марказий Осиё раҳбарлари Маслаҳат учрашувидаги раислиги доирасида ўтказилди.

Учрашув махсус хизматлар раҳбарлари ўртасида доимий мулоқот тизимини йўлга қўйишга ва минтақада барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Божи тўланмаган товар қай ҳолатда олиб қолинади?

1 майдан бошлаб Ўзбекистонга шахсий эҳтиёж учун олиб кириладиган товарлар учун божсиз лимит пасайтирилади. Энди самолётда келаётган фуқаролар 1000 доллар, поездда — 500 доллар, пиёда ёки автомобилда — 300 долларгача бож тўламасдан товар олиб кириши мумкин.

Божсиз лимитдан ошган товарлар учун ягона божхона тўлови ундирилади — товар қийматидан 30 фоиз ёки ҳар бир килограмми учун камида 3 доллар. Агар йўловчи буни тўлай олмаса, товар вақтинча сақлаш омборида қолдирилади ва 30 кун ичида бож тўланган ҳолда ёки товарни қайта олиб чиқиш орқали қайтарилиши мумкин.

Товар қиймати чек, квитанция ёки бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланмаса, божхона органи қийматни мустақил белгилаши мумкин. Тўловдан қочиб бўлмайди — ҳар бир ҳолат юзасидан аниқ қоидалар жорий этилган.

Хусусийлаштирилаётган стоматология поликлиникалари

2025 йил учун хусусийлаштириш дастури доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги барча давлат стоматология поликлиникалари сотувга қўйилади. Президент фармонига мувофиқ, ушбу муассасаларнинг 100 фоиз улуши оммавий савдога чиқарилади.

Рўйхатга кўра, хусусийлаштириш жараёни Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Хоразм вилоятлари, Тошкент вилояти ва пойтахтдаги 30 дан ортиқ болалар ва катталар стоматология муассасаларини қамраб олади.

Бундай қарор стоматология соҳасида рақобатни кучайтириш, хизматлар сифатини ошириш ва давлат харажатларини қисқартириш мақсадида қабул қилинган. Тиббий хизматлар хусусий секторга ўтиш орқали кўпроқ сармоя жалб қилиниши ва хизмат кўрсатиш шароитлари яхшиланиши кутилмоқда.

Мавзуга оид