Жаҳон | 23:43 / 23.04.2025
1024
2 дақиқада ўқилади

Кашмирда сайёҳларни ўққа тутган террорчилар ҳақидаги маълумот учун мукофот эълон қилинди

Пахалгам шаҳри яқинида содир бўлган отишма оқибатида 26 нафар сайёҳ ҳалок бўлган. Ҳужум учун масъулиятни «Кашмир қаршилиги» қуролли гуруҳи ўз зиммасига олган.

Фото: Global Look Press

Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штати полицияси сайёҳларга ҳужум қилган террорчиларни қўлга олишга ёрдам берадиган ҳар қандай маълумот учун мукофот эълон қилди.

Қайд этилишича, террорчилар тўғрисида маълумот тақдим этганларнинг шахсий маълумотлари махфийлиги кафолатланади, шунингдек, уларга 200 минг рупий (2,3 минг долларга яқин) пул берилади. Полиция теракт уюштирган жиноятчиларга қидирув эълон қилинганига оид хабарларни ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлаштирди.

Қидирувга берилган шахслар 22 апрел куни Кашмирнинг Ҳиндистондаги қисмида қуролланган шахслар сайёҳлар гуруҳини ўққа тутиши оқибатида 26 киши ҳалок бўлди, 17 киши яраланди. Ҳодиса Пахалгам шаҳри яқинида — мамлакатнинг энг машҳур сайёҳлик нуқталаридан бирида юз берди.

Ҳинд куч тузилмаларининг тахминича, ҳужумни олти нафар жангари уюштирган. Улар Байсаран водийсидаги сўқмоқ бўйлаб ҳаракатланаётган сайёҳларга ўт очган. Ҳужум учун масъулиятни «Кашмир қаршилиги» қуролли гуруҳи ўз зиммасига олган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Кашмир ҳудудида содир бўлган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб инсонлар нобуд бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Ҳиндистон президенти Драупади Мурму ва бош вазири Нарендра Модига таъзия йўллагани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид