23 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Президентнинг хусусийлаштиришга оид фармони, акциялари сотувга чиқарилган UzAuto Motors ва UzGTL, Самарқандга келган Лавров ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишга 5 йиллик мораторий — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Лавров билан Самарқандда ўтказилган музокаралар
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров расмий ташриф билан Самарқандга келди. Унинг ташрифи доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув ўтказилди. Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Президент матбуот хизматига кўра, мулоқотда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш, товар айирбошлаш, инвестициялар ва саноат кооперацияси, шунингдек, таълим, маданият, спорт ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Ташриф доирасида Сергей Лавров Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан музокаралар ўтказди. Унда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди.
2025 йилда хусусийлаштириш кенг қулоч ёзади
Президент фармонига кўра, 2030 йил 1 январгача давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишга мораторий жорий қилинди.
Шунингдек, бозорлар ва савдо мажмуаларида маҳаллий ҳокимликнинг мажбурий иштирок этиши талаби бекор қилинди.
2025 йилда 30 трлн сўмлик давлат активлари ва ер участкалари сотилиши, 10 трлн сўм тушум олиниши белгиланди. Шунингдек, 115 та жамиятдаги давлат улушлари, 659 та кўчмас мулк ва 6,1 минг гектар ер савдога чиқарилади.
Қўшимча равишда, камида 30 та фойдали қазилма конлари аукционга қўйилади. Моҳиятли янгилик сифатида 2030 йилгача давлат иштирокидаги янги корхоналар ташкил этилишига мораторий жорий қилинди.
10 минг метр квадратгача бўлган давлат объектлари юқори технологияли ишлаб чиқариш йўналишидаги тадбиркорларга 5 йилгача текин фойдаланишга берилади. Шартлар бажарилса, объект баҳоланган қийматда сотилади.
UMS, UzAuto Motors акциялари сотувга чиқарилади
Президент қарорига мувофиқ, давлат иштирокидаги йирик корхоналардаги акциялар пакети халқаро ва маҳаллий бозорларда оммавий савдоларга чиқарилади. Бу жараёнга халқаро миқёсдаги консалтинг компаниялари жалб этилади.
Қарорга кўра, 29 та йирик корхона устав капиталидаги улушлар оммага таклиф этилади. Шундан 12 таси халқаро ва маҳаллий фонд бозорларида IPO ёки SPO шаклида амалга оширилади.
Сотувга чиқариладиган корхоналар қаторида UMS, UzAuto Motors, Uzbekistan GTL, Ўзагросуғурта, Тошкент трактор заводи ва иссиқлик электр станциялари бор.
Шунингдек, 2025 йил 1 декабргача давлат корхоналарини 2030 йилгача ислоҳ қилиш ва хусусийлаштириш стратегияси ишлаб чиқилади.
Ижарага берилмаган мулк нархи туширилади
Президентнинг 2025 йил учун хусусийлаштириш дастурига оид фармонига кўра, аукционда 6 ой давомида ижарага берилмаган давлат мулки объектлари бошланғич нархи 50 фоизга пасайтирилади.
Агар бунда ҳам ижарага берилмаса, аукцион 1 иштирокчи билан ҳам ўтказилган деб ҳисобланади. Шунингдек, ижара шартномаси тузилган кундан бошлаб 1 ой ичида йиллик тўловни амалга оширган тадбиркорга асосий ставка миқдорида чегирма берилади.
Фармонга мувофиқ, 1 июлдан бошлаб Савдо-саноат палатаси давлат мулки объектларини электрон аукционга чиқариш аризаларини мустақил тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Ташкилотлар тугатилаётганда уларнинг солиқ ва пенялари тўхтатилади. 1 октябрдан эгасиз мулк объектлари давлат рўйхатига фақат суд орқали олинади.
Ўзини ўзи банд қилувчи риэлторлик
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Лойиҳага кўра, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга «кўчмас мулк бўйича агент» сифатида расмий риэлторлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи берилиши мумкин.
Бу орқали хуфиёна фаолият юритувчи маклерлар легаллаштирилиши, яширин иқтисодиёт қисқартирилиши ва риэлторлик хизматларининг шаффофлиги оширилиши мақсад қилинган.
Шунингдек, электрон савдолар, онлайн ҳисоб-китоб тизимлари ва «Ягона реестр» ахборот базаси жорий этилиши кўзда тутилмоқда. Бу соҳадаги профессионал бирлашмаларнинг ваколатлари ҳам кенгайтирилади.
Қонун риэлторлик бозорини расмийлаштириш ва сифатни оширишга қаратилган.
Мавзуга оид

22:15 / 22.04.2025
22 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:55 / 21.04.2025
21 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:39 / 18.04.2025
18 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:37 / 17.04.2025