Жаҳон | 20:09
2984
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда юз берган отишма оқибатида 25 нафар турист ҳалок бўлди

Гувоҳлар туристларга ҳарбий формада бўлган бир неча киши ҳужум қилганини айтмоқда. Улар воқеа жойидан яширинишга муваффақ бўлган.

Фото: The Hindu

Ҳиндистон шимолидаги Кашмир штатида юз берган отишма оқибатида камида 25 нафар турист ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда The Hindu.

Қайд этилишича, отишма оқибатида 20 дан ортиқ одам яраланган. Ҳиндистон ҳукумати қурбонлар сони расман қанчани ташкил этаётганини ҳозирча эълон қилмаган.

Отишма Пахалгам шаҳрида юз берган. Номаълум шахслар Байсаран водийсидаги сўқмоқ бўйлаб ҳаракатланаётган туристларни ўққа тутган. Маҳаллий ҳукумат содир бўлган ҳолатни теракт деб атамоқда.

«Терроризмга қарши курашдаги қатъиятимиз букилмасдир ва у янада кучаяди», — деб ёзади Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Гувоҳларнинг айтишича, туристларга ҳарбий формада бўлган бир неча киши ҳужум қилган. Улар воқеа жойидан яширинишга муваффақ бўлган. Ҳинд куч тузилмалари ҳудудни қуршовга олган, ўт очган шахсларни қидириш ишлари амалга оширилмоқда.

Кашмир минтақаси — Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги баҳсли ҳудуд. Ню-Деҳли Исломобод минтақадаги экстремистларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаб келади. Покистон эса айбловларни рад этади. Ҳиндистон томони маълумотларига кўра, 2024 йил апрелдан бери Кашмирда юз берган ҳужумлар оқибатида 44 киши ҳалок бўлган.

Мавзуга оид