Ўзбекистон | 23:01 / 20.04.2025
10728
3 дақиқада ўқилади

Собиқ депутат Расул Кушербаев ИИБ чақирилди

Қонунчилик палатаси собиқ депутати, экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев Янгийўл туман ИИБга чақирилиб, телефони олиб қўйилганини билдирди. Тошкент вилояти ИИББ бунга фуқаро томонидан берилган ариза сабаб бўлганини маълум қилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси собиқ депутати, экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев 19 апрел куни Тошкент вилояти Янгийўл тумани ИИБга чақирилганини маълум қилди.

У «иш учун аҳамияти бўлмасада» мобил телефони олиб қўйилганини, ИИБ ходимлари ўзи ҳақида қўшниларидан ҳам маълумот тўплаганини таъкидлади.

Тошкент вилояти ИИББ ҳолатга муносабат билдириб, собиқ депутат фуқаро Р.Ф.нинг Янгийўл тумани ИИБга киритган шикоят аризаси асосида чақиртирилганини маълум қилди. Аризада Кушербаев унга нисбатан ижтимоий тармоқлар орқали шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда ҳақорат қилувчи маълумотлар тарқатгани баён қилинган.

Ушбу иш доирасида ҳозирги вақтда терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётгани муносабати билан 19 апрел куни Расул Кушербаев қонунда белгиланган тартибга кўра, ИИБга чақиртирилган ва тегишли процессуал ҳаракатлар амалга оширилган.

Тошкент вилояти ИИББга кўра, Жиноят-процессуал кодексининг 157, 159-моддаларига асосан терговга қадар текширувни ҳар томонлама тўлиқ ва сифатли олиб борилишини таъминлаш ҳамда аризачи баён этган ҳолатларга аниқлик киритиш учун тергов бўлинмаси томонидан қарор чиқарилиб, Кушербаевга тегишли мобил телефони вақтинча олиниб, кўздан кечирилган.

Баёнотда таъкидланишича, мазкур иш доирасида процессуал ҳаракатлар давом эттирилмоқда.

ИИББ Кушербаев ва «айрим жамоатчилик фаоллари» томонидан тарқатилаётган гўёки асоссиз ариза бўйича ушлаб турилиши, мобил телефоннинг аҳамиятсиз олиб қўйилиши ёки қандайдир алоҳида суриштирувлар олиб борилаётгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатдан йироқ эканини таъкидлади.

«Фуқаронинг аризаси мамлакатимизнинг қонун ҳужжатларига кўра, тўлиқ текширилиши ва ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, идора ҳар бир процессуал ҳаракатнинг асослилиги ва қонунийлиги устидан ўрнатилган тартибда шикоят келтирилиши ҳам мумкинлигини эслатиб ўтди.

ИИББ жамоатчилик ва ОАВни асоссиз маълумот тарқатмасликка чақириб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг фаолиятига аралашиш ва маълум бир мақсадда ишни кўриб чиқиш натижаларига, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали таъсир қилишга уриниш, белгиланган тартибда жавобгарлик келтириб чиқаришини эслатди.

Кейинроқ Расул Кушербаев устидан киритилган аризага ижтимоий тармоқларда қолдирган пости сабаб бўлгани ҳақида маълум қилди. «Алкашнинг ҳам гапига муносабат қилиш мумкин, лекин ҳақиқий итга муносабат қилиш керакмас, гарчу у ўзини ҳуқуқшунос ҳисобласа ҳам», дейилади ушбу постда.

«Бу фикрдан ўзини ҳақоратланган деб ҳисоблаган кимдир ариза ёзган экан. Қачондан бери матнни экспертиза қилиш учун шахснинг телефони олиб қўйиладиган бўлган, буниси тушунарсиз», — деб ёзади экология вазири маслаҳатчиси.

 

 

Мавзуга оид