1 июлдан бирорта товар экспортига чеклов бўлмаслиги эълон қилинди

Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселекторда стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимидаги эскирган талаблар ва бюрократия тадбиркорларнинг «қўлини боғлаётгани», соҳада коррупцияни келтириб чиқараётгани кўрсатиб ўтилди.
25 мингдан ортиқ стандарт, 41 та техник регламент халқаро бозор талабларига мос келмайди. Ҳозирда 13 мингга яқин турдаги товарнинг 6,5 минги мажбурий сертификатланади, бу эса таннархни оширади.
«Вазирлар, ҳокимлар қачон тадбиркорларни эшитиб, қайси стандартни янгилаш, қайси бирини бекор қилиш, нима маҳсулотни мажбурий сертификация рўйхатидан чиқаришни ўйлаб кўрди? Афсуски, бунга ижобий жавоб йўқ», - дея қатъий эътироз билдирди президент.
Хусусан, инвесторлар мамлакатдаги кўп лабораториялар талабга жавоб бермаслиги, ривожланган давлатлар стандартлари эса тан олинмаётганини айтмоқда.
Ҳозирги тизимда сертификатлаш органлари бир пайтнинг ўзида бозор назоратини ҳам олиб бораётгани, бу эса манфаатлар тўқнашувига олиб келаётгани қайд этилди.
Президент сертификатлаштириш тизимидаги айрим муаммоларни санаб, уларнинг ечимларини айтди.
Сут ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ўз маҳсулотига Санэпидқўм хулосасини олиш тизимидан норози экани таъкидланди.
Масалан, йилига 100 миллион долларлик болалар озуқаси импорт бўлмоқда. Лекин замонавий ускуна келтириб, завод қурган тадбиркор Санэпидқўм хулосаси йўқлиги учун ишлаб чиқаришни бошлай олмаяпти. Хулоса бериш учун эса стандарт йўқ.
Қўмита раҳбарияти «бу маҳсулотга бизда стандарт йўқ», деб кутиб ўтирмасдан, ўзи ташаббус қилиб, тадбиркор билан бирга стандарт ишлаб чиқмаётгани танқид қилинди.
Айрим туман санэпидхизматлари ҳалигача тадбиркордан битта маҳсулотнинг ҳар хил қадоқланган партиясини алоҳида синовдан ўтказишни талаб қилмоқда. Бу қўшимча вақт, қўшимча харажат талаб қилади.
Бир вақтда тайёрланган маҳсулотнинг ҳар хил ҳажмда қадоқланиши сифатга нақадар алоқадор экани савол уйғотади.
Шунингдек, минерал сув ишлаб чиқарувчилар 45 та кўрсаткич бўйича хулоса олиши керак. Тадбиркорлар шунинг 43 таси учун Санэпидқўм тизимидаги лабораторияларга, қолган 2 таси бўйича бошқа лабораторияга бормоқда.
Қўмитага ҳамма текширувни битта жойда ташкил қилиш топширилди.
Мева-сабзавот ва дуккакли экинлар сифатини текшириш учун ҳам 3 та ташкилотнинг лабораториясига бориш керак. Энг ёмони, бу лабораторияларнинг хулосаси ривожланган давлатларда тан олинмайди.
Шу боис, экспортчилар қиммат бозорга чиқишдан олдин сертификат олиш учун хорижга намуна жўнатяпти.
Мутасаддиларга шу пайтгача бирорта халқаро тан олинган лабораторияни олиб келмагани, эскирган устма-уст сертификатлаш амалиёти ҳалигача давом этаётгани кўрсатиб ўтилди.
Салқин ичимлик ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар четдан келадиган витринали совуткичларни сертификациялаш жараёни 3 ойгача чўзилаётганини айтмоқда.
Курьерлик хизмати корхоналари мопед олиб келиб, одамларни ишли қилаётгани, лекин мопеднинг ўзи 300 доллар турса, уни стандартдан ўтказиб, сертификат олишга яна шунча маблағ кетаётгани кўрсатиб ўтилди.
Хусусий клиникалар «Ўзбекистонга илк бор олиб келинаётган айрим тиббий ускуналарни Фармқўмитада рўйхатдан ўтказиш харажати уларнинг нархидан 10 карра қиммат», демоқда. Шунингдек, қўмитада оддий термометрни ҳам, МРТ ускунасини ҳам рўйхатдан ўтказишга 4-5 ой вақт кетмоқда.
Давлат раҳбари бундай тўлов ва тартиботлар мутасаддилар томонидан нақадар чуқур ўйланганини савол остига қўйди.
«Бу ёндашув тўғрими? Албатта йўқ. Мураккаблиги ва хавфлилик даражасига қараб, тиббий ускуна, тиббий буюм ва дори-дармон учун алоҳида-алоҳида муддат белгилаш керак», - деди президент.
Президент сертификатлаштириш ва стандартлаштириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирларини белгилаб берди.
Алоҳида фармон билан Техник тартибга солиш агентлиги, Санэпидқўм, Ветеринария қўмитаси, Карантин агентлиги каби идораларнинг маҳсулотга хулоса бериш ваколатлари аниқ белгилаб берилади.
Бунда такрорланувчи ва устма-уст тартиблар босқичма-босқич бекор қилинади. Масалан:
- озиқ-овқат маҳсулоти сифати ва хавфсизлиги назорати билан фақат Санэпидқўм шуғулланади;
- озиқ-овқат учун техник регламентлар ва стандартлар мажбурийлиги бекор қилинади;
- қўмита асосий озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича санитария қоидалари ва нормаларини халқаро талабларга – Кодекс Алиментариусга мувофиқлаштиради.
Бошқа тизимлар ҳам худди шу тартибда қайта кўриб чиқилади.
Шунингдек, хавф даражаси юқори бўлган 7 та товар гуруҳидаги маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш амалиёти бекор қилинади.
Сертификат олиш мажбурий бўлган товарлар рўйхатини кескин қисқартириб, маҳсулот мувофиқлигини декларациялаш амалиёти жорий қилинади.
Асбоб-ускуна, хомашё, махсус техника, транспорт импортида мамлакатимизда тан олинадиган хорижий юқори сифат ва назорат тизимлари мезонлари ишлаб чиқилади, улар импорт қилинаётганда миллий сертификат олиш талаб қилинмайди.
«Бир сўз билан айтганда, биз маҳсулотларнинг бозорга киришини енгиллаштириб, уни реализациясидаги назоратни кучайтирамиз. Бу халқаро амалиётда ўзини оқлаган», – деди президент.
Мутасаддиларга «Бозор назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.
Умуман, синов ва сертификатлаштириш бўйича давлат лабораториялари хусусий секторга инвестиция киритиш шарти билан берилса, соҳада сифат ва рақобат бўлиши, хизмат нархи тушиши кўрсатиб ўтилди.
Президент бизнес учун тенг шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
«Маҳаллий корхоналаримизга йўл очиб, ишлаб чиқаришни кўпайтириш, қиммат бозорларга янги-янги маҳсулотлар билан киришига шароит яратишимиз зарур», – деди давлат раҳбари.
Лекин айрим товарлар бозорларимизга сунъий пасайган нархда кириб келаётгани маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ўрнини заифлаштираётгани кўрсатиб ўтилди.
Масалан, ўзимизда чиқаётган таннархи 220 долларлик кичик музлаткич бозорда ўртача 250 доллардан сотилаётгани учун 30 доллар ҚҚС тўланади.
Худди шундай музлаткичнинг импорт нархи сунъий пасайтирилиб, 25 доллар кўрсатилгани учун бор-йўғи 3 доллар ҚҚС олиняпти. Яъни, ишлаб чиқарувчи импортга нисбатан 10 карра кўп солиқ тўлаяпти.
Янги фармон билан эндиликда четдан олиб келинаётган товарларни божхона қийматини аниқлаш тартиби тўлиқ халқаро қоидаларга мослаштирилади.
Салқин ичимликлар, маиший техника, фармацевтика, алкоголь ва тамаки каби маҳсулотларни маркировкалаш тизими жорий қилинган.
Лекин, барча қонун-қоидаларга мос ишлаётган тадбиркорларнинг маҳсулотлари билан бир вақтда маркировкасиз товарлар ҳам бемалол сотилаётган ҳолатлар кузатилмоқда. Ҳамма дўконлар ҳам маркировка билан ишламагани учун назорат занжири узилиб қолмоқда.
Солиқ ва Божхона қўмиталарига маркировкалашнинг ишлаб чиқариш ҳажмига салбий таъсирини камайтириш чораларини ишлаб чиқиш, маркировкалаш талаби бажарилиши устидан назоратни кучайтириш топширилди.
Қиммат бозорларда талаб юқори бўлган айрим товарлар экспортига чеклов қўйилгани учун кўплаб имкониятлар қўлдан бой берилаётгани қайд этилди.
Эндиликда, 1 июлдан бошлаб бирорта товар экспортига чеклов бўлмаслиги эълон қилинди. Фақат 86 та товар гуруҳига кирган хомашё ва ижтимоий аҳамияти юқори маҳсулотларга нисбатан экспорт божлари жорий қилинади.
Бу тадбиркорларимиз учун янги имконият экани таъкидланди.
«Бир нарсани аниқ тушуниш керак. Агар тадбиркорлар қиммат бозорларга ишласа, уларда маҳсулотни кўпайтириш, сифатни яхшилашга интилиш, иштиёқ ортади, манфаат бўлади», – деди президент.
Мавзуга оид

20:45 / 18.04.2025
Тагликлар, тиш чўткалари ва бошқа “хавфли” товарларни рўйхатдан ўтказиш бекор қилинади

16:59 / 16.04.2025
Ўзбекистон расмийлари Хитойга бориб, Leapmotor заводида “техник аудит” ўтказади

20:36 / 15.04.2025
Гўшт нархи ошиши: қўшни мамлакатларда вазият қандай?

15:16 / 04.04.2025