Мбаппе қизил олди, Салоҳ рекорд қўйишда давом этмоқда. Кун ўйинлари
«МЮ» ва «Тоттенҳэм» 4 тадан гол ўтказди, «Рома» ва Шомуродов Рим дербисида мағлубиятдан қутулиб қолди. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Getty Images
Англия: ворислар Фергюсондан «ўзиб кетишди»
«Ливерпул» — «Вест Ҳэм» 2:1
Голлар: Диас (18), Ван Дейк (89) — Робертсон (86, автогол).
«Ливерпул» — Алиссон, Брэдли (Кванса, 68), Конате, ван Дейк, Цимикас (Робертсон, 60), Гравенберҳ, Мак Аллистер, Салоҳ (Эндо, 84), Жонс (Собослаи, 68), Диас, Жота (Гакпо, 60).
«Вест Ҳэм» — Ареоля, Тодибо (Гиллерме, 78), Мавропаннос, Килман, Ван-Биссака, Солер (Фуллкруг, 78), Уорд-Проуз, Скарлес (Цоуфал, 57), Қуддус, Пакета, Боуэн.
Огоҳлантириш: Цоуфал (90+6).
«Арсенал» шанба куни дуранг ўйнаб қўйиб, «Ливерпул»ни чемпионлик сари янада яқинлаштирганди. Шу кунларда шартномасини янгилаган Салоҳ қанотда ўз услубида ҳимоячини ортда қолдириб кетди ва бутсасининг ташқи қисми билан тўпни жарима майдонига етказиб берди, у ерда эса Диас амалда бўш дарвозани ишғол қилди. Мисрлик футболчи бу голли пасидан кейин жорий мавсумдаги голли ҳаракатлари сонини 45 тага етказиб (27 гол ва 18 пас) АПЛнинг янги рекордини (бир мавсум 38 ўйиндан иборат бўлган даврда) ўрнатди.
Меҳмонлар эса биринчи бўлимдаёқ ҳисобни тенглаштириши мумкин эди, аммо Муҳаммад Қуддуснинг зарбасидан кейин тўп тўсинга борди. Иккинчи бўлим бошида эса дарвоза тўсини «Вест Ҳэм»нинг жонига ора кириб, Мак Аллистер ижро этган жарима зарбасини қайтарди. Аммо умуман олганда Арне Слот жамоаси катта куч сарфламасдан, ҳисобга қараб ўйнади. Фақат Алиссон бор имкониятларини ишга солишига тўғри келди, у аввалига Боуэн билан яккама-якка вазиятни бартараф этди, кейин эса Қуддуснинг ўткир бурчакдан йўлланган мураккаб зарбасига улгурди. Мезбонлар эҳтиёткорлиги учун ўйин охирида жазоланди, захирадан тушган Робертсон автогол муаллифига айланди, мерсисайдликларни захирадан тушган бошқа бир ҳимоячи ван Дейк қутқади, нидерландиялик футболчи корнердан кейин бошда урган голи билан «Ливерпул»га «болғачилар»га қарши қаторасига ўнинчи уй учрашувдаги ғалабани тақдим этди. Қўшимча дақиқаларда Фюллкругнинг зарбаси ҳам тўсинга тегиб, пешқадамнинг устунлиги сақлаб қолинди.
«Челси» — «Ипсвич» 2:2
Голлар: Туанзебе (46, автогол), Санчо (79) — Энсисо (19), Жонсон (31).
«Челси» — Санчес, Чалоба, Адарабиойо (Гюсто, 46), Колвилл, Кукуреля, Фернандес, Кайседо, К.Палмер, Мадуэке (Санчо, 68), Нету, Жексон (Нкунку, 87).
«Ипсвич» — Палмер, Туанзебе, О'Ши, Буржесс, Дэвис (Таунсенд, 62), Морси, Каюсте, Жонсон, Энсисо (Тэйлор, 76), Кларк (Филожен-Биденс 71, Бродҳед 76), Ҳирст (Делап, 71).
Огоҳлантиришлар: Палмер (38), К.Палмер (67), Морси (84), Жексон (87).
Қоғозда «Челси» яққол фаворит эди ва деярли ҳеч ким чемпионшипга қайтиб кетишга маҳкум бўлган «Ипсвич»дан уч очко олинишига шубҳа қилмаётганди. Амалда эса танаффусгача «тракторчилар» иккита намунали қарши ҳужум эвазига иккита гол уришди. Аввалига Энсисо Жонсоннинг қанотдан узатмасига бир тегинишда дарвозани ишғол этди, иккинчи ҳолатда парагвайлик футболчи жамоадошига қарзини қайтарди ва Жонсон ўткир бурчакдан туриб дарвозабонни доғда қолдирди. Аутсайдер бу билан биринчи даврадаги сенсацион натижани такрорлашни аҳд қилганини намойиш этди.
Бир кун олдин «Манчестер Сити» 0:2 ҳисобини 5:2 кўринишига ўзгартира олганди. Фақат «шаҳарликлар» жавоб голларидан учтасини биринчи бўлимнинг ўзидаёқ уришга улгурганди, аммо иккинчи бўлим бошланганида Туанзебе Кукурелянинг босими остида ўз дарвозасини ишғол этиб қўйгач, кўпчилик ўша ўйинни эслаб юборди. Фақат Энцо Мареска жамоаси муваффақиятини тезкорлик билан ривожлантира олмади ва Санчо захирадан тушишини кутишга тўғри келди. У Палмернинг узатмасидан кейин ҳисобни тенглаштирди, аммо «Челси» шу билан яна тўхтаб қолди, қўшимча дақиқаларда эса «Ипсвич» дарвозасидаги Палмер Энцо Фернандеснинг зарбасидан кейин фантастик сейв ижро этди. Натижада очко йўқотган кўклар Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи тўртинчи ва бешинчи ўринларга мос равишда «Нюкасл» ва «Сити»ни ўтказиб юборди, еттинчи ўриндаги «Астон Вилла» эса фақат тўплар нисбатига кўра ортда келмоқда.
«Вулверҳэмптон» — «Тоттенҳэм» 4:2
Голлар: Аит-Нури (2), Спенс (38, автогол), Ларсен (64), Куня (86) — Тел (59), Ришарлисон (85).
«Вулверҳэмптон» — Са, Доэрти (Буэно, 46), Агбаду, Тоти, Семеду, Андре, Гомес (Ҳван Ҳи Чан, 83), Аит Нури (Куня, 70), Манетзи, Белгард (Сарабия, 42), Ларсен (Гомеш, 70).
«Тоттенҳэм» — Викарио, Грей, Ромеро, Дэвис, Спенс, Сарр (Бергвалл, 55), Биссума (Бентанкур, 55), Мэддисон (Кулусевски, 75), Жонсон, Тел, Соланке (Ришарлисон, 75).
Огоҳлантиришлар: Биссума (8), Дэвис (70), Тоти (86).
Тур арафасида сўнгги беш ўйинда фақат бир ғалаба (лигани аллақачон тарк этиб бўлган «Саутҳэмптон» устидан)га эришган «Тоттенҳэм» яна бир нурсиз ўйин ўтказди. Турнир жадвалининг қуйи қисмида бораётган «Вулверҳэмптон» лондонликлар дарвозасини тўрт бор ишғол этди. Ҳисобни очган ҳимоячи Аит-Нурига «бўрилар»нинг АПЛдаги энг тезкор голи муаллифи бўлиш учун 85 сония етарли бўлди. Навбатдаги мағлубиятдан кейин Постекўғли жамоаси 15-ўриндан қимирлай олмади.
«Шпорлар» жорий мавсумда лиганинг 17 ўйинида ютқазди ва бу жамоанинг 2003/04 йиллар мавсумидан буён энг ёмон кўрсаткичи (19 мағлубият ва якунда 14-ўрин) бўлди. Жорий мавсумда фақат сўнгги ўринлардаги «Ипсвич» (19), «Лестер» (22) ва «Саутҳемптон» (26) АПЛнинг жорий мавсумида «Тоттенҳэм»га қараганда кўпроқ ўйинда ютқазган.
«Нюкасл» — «Манчестер Юнайтед» 4:1
Голлар: Тонали (24), Барнс (49, 64), Гимараес (77) — Гарначо (37).
«Нюкасл» — Поп, Триппиер (Крафт, 79), Берн, Шер, Ливраменто, Гимараес (Майли, 85), Тонали, Жоэлинтон (Лонгстафф, 85), Барнс, Мерфи (Гордон, 79), Исак (Уилсон, 79).
«Манчестер Юнайтед» — Байиндир, Мазрауи (Шоу, 79), Линделёф, Йоро, Далот, Угарте, Эриксен, Амасс (Доргу, 55), Фернандеш (Майну, 82), Гарначо (Маунт, 55), Зиркзе (Ҳойлунд, 55).
Огоҳлантиришлар: Угарте (17), Йоро (43).
«Нюкасл» бу ўйин арафасида шифохонага ётқизилган бош мураббийи Эдди Ҳаусиз қолди. «МЮ» эса «Сент-Жеймс Парк»ка асосий дарвозабони Онанасиз ташриф буюрди, Рубен Аморим Европа Лигасидаги голга сабаб бўлган хатолари ҳамда «Лион» яримҳимоячиси Матич билан интернетдаги айтишувлари сабабли уни ўйин қайдномасига киритмаганди. Шу тариқа, Олтой Байиндир АПЛдаги дебютини ўтказди.
Туркиялик посбон фақат биринчи бўлим ўрталарига қадар дарвозаси дахлсизлигини сақлаб турди, кейин эса манкунианликлар ўз жарима майдони атрофида тўп йўқотди, Исакнинг тўпга бир тегинишда ҳимоячилар ортига берган пасини Тонали чиройли зарбаси билан голга айлантирди. Бу вазиятда дарвозабонда қутқариш учун ҳеч қандай имконият йўқ эди, бошқа эпизодларда эса у «МЮ»ни ўйинда қолдирди. Қолаверса, Байиндирнинг навбатдаги сейвидан кейин бошланган ҳужумда Гарначо ҳисобни тенглаштирди.
Аммо «Юнайтед»нинг бундан ортиғига кучи етмади, Барнс меҳмонларни нокаут ҳолатига туширди. Аввалига у Мёрфининг узатмасидан кейин амалда тўпни ўзи билан дарвозага олиб кирди. Кейин эса Барнс марказдан рейд уюштириб, ўзи бошлаган ҳужумни ўзи якунлади. Бу вақтда «қизил иблислар» мудофааси нима билан машғул бўлгани — риторик савол. Бруну Гимараэснинг голи эса кучли рақибнинг кучсиз рақибни масхара қилишидек бўлди. Амалда ҳам ҳозирги «МЮ» шундай ҳолатда, Алекс Фергюсон пенсияга чиққанидан кейинги даврда жамоа АПЛнинг ўзида 115 бор мағлубиятга учраган. Бу эса шотландиялик мураббий бутун фаолияти давомида учралган мағлубиятлар сонидан кўпроқ. Фарқи шундаки, сэр Алекс бошқарувида манкунианликлар лигада 810 ўйин ўтказган, ундан кўпроқ мағлубиятли ўйинлар ўтказган кўп сонли ворислар учун эса 450 ўйин етарли бўлди.
Испания: Мбаппе «Реал»ни қийин аҳволда қолдирди
«Алавес» — «Реал» 0:1
Гол: Камавинга (34).
«Алавес» — Овоно, Теналя, Абкар (Диарра, 76), Моуринио, Санчес, Хордан (Гевара, 76), Бланко (Протесони, 84), Висенте, Аленя (Кабанес, 86), Мартин (Мартинес, 60), Гарсия.
«Реал» — Куртуа, Васкес, Асенсио, Рюдигер, Гарсия, Гулер (Винисиус, 62), Валверде (Себаллос, 90+2), Чуамени, Камавинга, Родриго (Беллингҳем, 62), Мбаппе.
Огоҳлантиришлар: Хордан (42), Мартин (56), Теналя (77), Камавинга (80), Васкес (88), Винисиус (90+6), Куртуа (90+7).
Четлатишлар: Мбаппе (38), Санчес (70).
Якшанба оқшомидаги асосий воқеа — Килиан Мбаппе Испанияга келганидан буён илк бор қизил карточка олиши бўлди. Француз ҳужумчиси биринчи бўлимдаёқ, бутсасининг остки қисми билан рақибнинг оёғини босиб олганидан кейин кийим алмаштириш хонасига юборилди. Энди, агар Килиан икки ўйиндан кўпроқ муддатга дисквалификация қилинса, у Испания кубоги финалида «Барселона»га қарши кечадиган учрашувни ўтказиб юборади.
Аммо ҳозирча бу борада тегишли қўмитанинг қарорини кутиш керак, якшанба оқшомидаги ўйинда эса «Реал»да ноодатий футболчилар қаҳрамонга айланди. Аввалига ҳимоячи Раул Асенсио дарвозани ишғол қилганди, аммо офсайд туфайли у бекор қилинди, кейин эса Камавинга узоқ масофадан йўллаган ажойиб зарбаси билан ҳисобни очди.
Иккинчи бўлим ўрталарида Ману Санчеснинг фолидан кейин жамоалар таркиби тенглашди, у яккама-якка вазиятга чиқиб кетаётган Винисиус Жуниорни тўхтатиб қолганди. Карло Анчелотти шогирдлари бир киши кам бўлиб ўйнаганида ҳам жиддий қийинчиликка учрамаганди, «10 га 10» форматида эса иккинчи гол урилиши ҳам мумкин эди. Сўнгги дақиқаларда Беллингҳэм узатмалар учун манзиллар бўлишига қарамай, барчасини ўзи ҳал қилишга уринди ва ҳисоб ўзгармай қолди. Лекин бу натижага таъсир кўрсатмади. ЕЧЛда мўъжиза кўрсатишдан умид узмаган мадридликларнинг хаёли аллақачон «Арсенал» билан ўйинда бўлса-да, керакли уч очко йўлга киритилди. Натижада пешқадам «Барселона» билан орадаги тўрт очколик фарқ сақлаб қолинди.
«Бетис» — «Вилярреал» 1:2
Голлар: Руибал (3) — Барри (26), Перес (48).
«Бетис» — Адриар, Руибал, Бартра, Лоренте (Натан, 45), Перро, Кардосо (Алтимира, 71), Форналс (Карвалю, 71), Антони, Иско, Родригес (Ло Челсо, 61), Кучо (Бакамбу, 61).
«Вилярреал» — Жуниор, Фемения, Фойт, Коста, Кардона, Пино (Пепе, 68), Комесаня, Парехо (Камбвала, 78), Педраса (Суарес, 68), Перес (Сола, 78), Барри (Байи, 90+1).
Огоҳлантиришлар: Фойт (8), Барри (12), Жуниор (52), Кардона (86).
Моҳиятан, «Бенито Вилямарин»даги ўйинда ЕЧЛ йўлланмаси учун ҳал қилувчи ўйин ўтказилди. Испания асосий еврокубок учун катта эҳтимол билан бешта йўлланмага эга бўлади ва бундай имконият «Бетис» ва «Вилярреал» тўқнашувини буткул бошқа даражага кўтарди. Мезбонлар ўйинни кучли бошлади, Руибал эса рақиб жарима майдонидан қайтиб чиққан тўпга ажойиб зарба бериб, ҳисобни очди. Аммо «сариқ субмариналар» ҳам муносиб ўйин кўрсатди ва кетма-кет ҳужумлардан кейин Барри мувозанатни тиклади. Қолаверса, меҳмонлар танаффусга ҳисобда устун ҳолда йўл олиш учун ҳам имкониятларга эга бўлишди.
Биринчи бўлимда бунинг уддасидан чиқилмаган бўлса-да, иккинчи бўлим бошланиши билан кутилган гол урилди. Дани Парехо «Бетис» жарима майдонига диагонал узатма берди ва Айосе Перес собиқ жамоадошларини ранжитди. Бир неча дақиқа ўтиб Парехонинг зарбасини дарвоза устуни қайтариб қолмаганида, вазият бундан ҳам ёмонроқ тус олиши мумкин эди. Кейин эса пеналти белгиланганида мезбонларнинг қувончи узоққа чўзилмади ва VAR бош ҳакамни қарорини ўзгартириш кераклигига ишонтирди: Логан Кошта фол қилмаган, Ло Челсо эса артистлик маҳоратини ишга солгани маълум бўлди. Аргентиналик футболчи шундан кейин ҳам жамоасига ёрдам бериш учун бор имкониятини ишга солди, аммо унинг ажойиб пасидан кейин Иско яккама-якка вазиятда туриб хато зарба йўллади.
«Атлетик» — «Райо Валекано» 3:1
Голлар: Сансет (58, пеналти, 90+4), Н.Уилямс (80) — Сисс (37).
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Диас (37).
«Атлетик» — Симон, Горосабел, Вивиан, Паредес, Боиро, Хаурегисар, Прадос (де Галаррета, 59), Жало (И.Уилямс, 59), Гомес (Сансет, 46), Беренгер (Н.Уилямс, 73), Гурусета (Саннади, 46).
«Райо Валекано» — Баталя, Рациу, Лежен, Эрнандес, Пача (Палазон, 85), Сисс (де Томас, 85), Гумбо, де Фрутос, Диас, Чавария, Гарсия.
Огоҳлантиришлар: Жало (12), Вивиан (36), Диас (50), Пача (57), Лопес (76), Боиро (84), И.Уилямс (87).
Қишда «Валядолид» устидан йирик ғалабага эришган (7:1)«Атлетик» шундан кейин гол уришни унутиб қўйгандек эди. Асосий эътибори ўз майдонида ўтадиган Европа лигаси финалига чиқиш билан банд бўлган басклар жамоаси ички чемпионатдаги беш турда атиги икки гол урди. Эрнесто Валверде «Рейнжерс» билан ҳам голсиз дурангдан кейин етакчиларни асрашга ҳаракат қилди ва уларни захирада қолдирди, аммо биринчи бўлимда гол ўтказиб юборилгач, иккинчи бўлимда ака-ука Уилямслар ва Сансетни жангга ташлашга тўғри келди. Айнан улар натижа келтирди. Нико ўзининг навбатдаги чиройли голини урди, Сансет эса дублни расмийлаштирди. Ушбу яримҳимоячи жорий мавсумдаги голлари сонини 15 тага етказди ва бу унинг фаолиятидаги энг яхши мавсум бўлмоқда. Басклар жамоасида XXI асрда 23 турда бунча кўп голни ҳеч бир футболчи, жумладан, жамоанинг яқин ўтмишидаги тўпурари Лиоренте ҳам ура олмаган.
Италия: «Аталанта» учун ҳаёт-мамот ўйини
«Аталанта» — «Болоня» 2:0
Голлар: Ретеги (3), Пашалич (21).
«Аталанта» — Карнезеки, Жимсити, Ҳин, Колашинац (Толой, 45), Белланова (Куадрадр, 81), де Рон, Эдерсон, Заппакоста (Ружери, 85), Пашалич, Лукман (Брешианини, 81), Ретеги (Малдини, 81).
«Болоня» — Раваля, де Силвестри (Ҳолм, 71), Бекема, Лукуми (Казале 46, Эрлич 77), Миранда, Побега, Фройлер, Орсолини (Домингес, 46), Фаббиан (Камбияги, 46), Ндойе, Даллинга.
Огоҳлантиришлар: Ҳин (7), Заппакоста (34), Ретеги (60), Толой (64), Миранда (90+3).
Италияда ўйин куни Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун кураш нуқтайи назаридан ўта муҳим учрашув билан очилди. Йил бошидан буён ўз уйида ғалаба қозона олмаётган «Аталанта» охирги уч турда ютқазганди. Аммо бергамоликлар турнир жадвалидаги қўшниси билан ўйинни бутунлай бошқача руҳда бошлади. Биринчи имкониятдаёқ Белланованинг намунали узатмасидан сўнг Ретеги тўпни дарвозага жойлаб қўйди. Кейин эса А сериясининг энг яхши мергани қанотдаги курашдан кейин мувозанатни сақлаб қолди ва жарима майдони марказига ажойиб узатма амалга ошириб, Пашаличга мезбонлар устунлигини икки баробарга оширишга ёрдам берди. Ҳимоя етакчиси Колашинац жароҳат олганидан кейин эса Карнесеккининг сейвлари ғалабани сақлаб қолишга ёрдам берди, иккинчи бўлимда эса «Болоня» тақдирга тан берди. Бу мағлубиятдан кейин меҳмонлар кучли тўртликни тарк этди, «Аталанта» учинчи ўринни қайтариб олди.
«Лацио» — «Рома» 1:1
Голлар: Романиоли (47) — Соуле (69).
«Лацио» — Мандас, Марушич, Жиго, Романиоли, Пеллегрини, Гендузи, Ровелла, Исаксен (Педро, 73), Деле-Баширу (Нослин, 80), Заккани (Белаҳиан, 80), Кастелянос (Диа, 73).
«Рома» — Свилар, Челик, Манчини, Ндика, Салемакерс (Ренч, 89), Коне, Паредес (Кристанте, 46), Анхелино, Соуле (Эл Шаарави, 89), Пеллегрини (Шомуродов, 59), Довбик (Балданзи, 84).
Огоҳлантиришлар: Паредес (5), Заккани (30), Исаксен (45+1), Манчини (55), Пеллегрини (63), Ровелла (88).
Биринчи бўлимда «бургутлар» яхшироқ кўринди. Бошқача айтганда, «бўрилар»нинг ўйини чиқмади. Романиоли эса Луки Пеллегринининг узатмасидан кейин бошда йўллаган зарбаси билан ҳисобни очди. Клаудио Раниери одатдагидек иккинчи бўлимда Шомуродовни майдонга ташлади ва кўп ўтмай ҳисоб тенглашди. Аввалига Манчинида яхши вазият бўлганди, аммо Мандас бурчакка кетаётган тўпни қайтариб қолди. Соуленинг узоқ масофадан йўллаган зарбаси қаршисида эса грециялик посбон ожиз қолди. Натижада дербида муросасиз рақибларнинг 62-дуранги қайд этилди. Бу жамоалар ҳеч ким билан бу қадар кўп очко бўлишиб олмаган, бу сафарги ўйин натижаси эса икки томонни ҳам қониқтирмайди. Мағлубиятсиз сериясини 16 ўйинга етказган бўлса-да, бу дуранг «Рома»нинг еврокубоклар йўлланмаси учун имкониятларини камайтириб юборди, «Лацио» эса ЕЧЛ йўлланмаси учун курашда янада ортда қола бошлади.
Германия: Франкфуртда «плюс 5»
«Айнтрахт» — «Ҳайденҳайм» 3:0
Голлар: Баҳоя (10), Кох (42), Экитик (71).
Мавсумнинг қайсидир палласида «Айнтрахт» бундеслигада кўп очко йўқотиб юборди ва ЕЧЛ йўлланмаси хавф остида қолди. Қишда асосий тўпурари Мармушни «Манчестер Сити»га сотган франкфуртликларга мувозанатни тиклаш учун вақт керак бўлди. Мавсум давомида бундай даражадаги ижрочининг ўрни сезилмаслиги мумкин эмасди. Лекин барибир «бургутлар» очко йўқотган тақдирда ҳам рақибларидан барқарорроқ кўринади. Сўнгги тўрт турдаги учта ғалаба бешинчи ўриндаги фарқни беш очкога етказиш имконини берди. Апрел ва май ойлари оралиғида тўғридан тўғри рақобатчилар - «Лейпциг» ва «Майнц» билан бўлиб ўтадиган учрашувлар эса муҳим аҳамият касб этади. Уларнинг иккиси ҳам якшанба куни йирик ҳисобда мағлуб этилан «Ҳайденҳайм»дан сезиларли даражада кучлироқ. Баҳоя ва Экитикенинг аниқ зарбалари французларнинг «Айнтрахт» муваффақиятларига қўшган ҳиссасини 26 тага етказди. Топ-5 лигаларда бу мамлакатдан келган легионерлар фақат «Реал» учун кўпроқ гол уришаган (36).
Мавзуга оид

14:08 / 14.04.2025
«Пахтакор» яна ютқазди, пешқадам яна ўзгарди

12:08 / 13.04.2025
«Сити»да суперкамбэк, «Барса» нурсиз ўйинида ҳам ғалаба қозонди. Кун ўйинлари

02:04 / 10.04.2025
«Барселона» «Боруссия»га 4 та гол урди, «ПСЖ»да ҳам ишончли ғалаба

11:29 / 09.04.2025