14 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Андижонда радарларни нишонга олган мерган, Туркиядаги иш фирибгарликларидан огоҳлантириш, Қаршида уйга кириб қолган илон ва кунига 1700 нафарга кўпаяётган Ўзбекистон аҳолиси — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Андижонда 52 радар милтиқда отилди
Андижон шаҳрида 49 ёшли ҳайдовчи Маҳмуджон Сирожиддинов пневматик милтиқ билан шаҳар марказидаги кўчаларга ўрнатилган йўл ҳаракати қоидабузарликларини қайд этувчи 52 та камерага шикаст етказгани аниқланди.
Моддий зарар миқдори 1,1 млрд сўмга баҳоланмоқда.
ИИБ маълумотига кўра, у 29 та чорраҳада жойлашган «Hikvision» русумли 51 та камера ва 1 та радарга ўқ узиб, уларни қасддан шикастлаган. Фуқаро ижтимоий тармоқда мурожаат қилиб, устма-уст жарималар туфайли қаттиқ аччиқланиб ҳаракат қилганини айтди ва зарарни қоплашда одамлардан ёрдам сўради.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 173- (қасддан мол мулкка зарар етказиш) моддаси билан иш очилган. Ҳозирча айбланувчига нисбатан бирор эҳтиёт чораси қўлланмаган. Камералар «O‘zbektelekom» АЖга қарашли «TELECOM SOFT» МЧЖга тегишли экани айтилмоқда.
Туркиядаги иш фирибгарликларидан огоҳлантириш
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси фуқароларни Туркиядаги ёлғон иш таклифларидан огоҳлантирди. Сўнгги вақтларда айрим шахслар ортиқча маош ва қулай шарт-шароит ваъдаси билан ўзбекистонликларни фирибгарлик йўлида алдаётгани аниқланган.
Фирибгарлар уй-жой, ҳужжат ва иш билан таъминлашни ваъда қилиб, одамларни оғир аҳволга солмоқда. Бундай ҳолатларда иш ҳақи тўланмаслиги, оғир меҳнат ва таҳқирга учраш, ҳатто депортация ва жаримага дуч келиш ҳоллари учрамоқда.
Энг хавфлиси — расмий ҳужжатлар мавжуд эмаслиги туфайли фирибгарларни жавобгарликка тортиш қийин бўлади. Бош консулхона чет элда ишлаш учун фақат расмий иш рухсатномаси (Çalışma İzni) бўлган ҳолда сафар қилишни тавсия этмоқда.
UzAirways жавобгарликка тортилди
Истанбул–Тошкент рейсида парвоз қилган Туркия фуқароси Uzbekistan Airways’дан махсус овқат ва санитария талаблари бажарилмагани учун Рақобат қўмитасига шикоят қилди. У чипта сотиб олаётганда глютенсиз овқат талабини олдиндан келишган, бироқ рейс вақтида бу шарт бажарилмаган.
Йўловчи шунингдек, ўзи ўтирган жойда олдинги рейсдан қолган чиқиндилар бўлганини қайд этган. Рақобат қўмитаси мурожаатни ўрганиб, пассажир талаблари асосли эканини тасдиқлади.
Бу масалада Uzbekistan Airways тўлиқ айбдор эмаслиги, махсус таом Туркия аэропортидаги кейтеринг хизмати орқали ўз вақтида етказиб берилмагани ойдинлашди. Компенсация сифатида йўловчининг кейинги парвозида хизмат синфи бизнес-классга кўтарилди.
Шу билан бирга, санитар ҳолат бўйича авиакомпанияга назоратни кучайтириш бўйича кўрсатма берилди.
Малайзия кичик ГЭСлар қуришни режалаштирмоқда
Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг Malakoff Corporation Berhad компанияси раҳбари Анвар Шахрин Абдул Ажиб билан учрашиб, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Суҳбат чоғида айниқса гидроэнергия бўйича фойдаланилмаётган имкониятлар қайд этилди.
Ўзбекистон томони Малайзияга дарё ва каналлар бўйлаб кичик гидроэлектр станцияларини қуриш, йирик гидроиншоотлар барпо этиш лойиҳаларида иштирок этишни таклиф қилди. Malakoff — Малайзиядаги энг йирик мустақил энергия ишлаб чиқарувчи компания бўлиб, 8,9 GW қувватга эга.
Компания раҳбари Ўзбекистондаги ислоҳотлардан катта таассурот олганини билдириб, йил давомида Тошкентга ташриф буюришни ва ҳамкорлик йўналишларини ўрганишни режалаштирмоқда.
Қаршида уйга кирган илон ушланди
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги Мағзон маҳалласида уйнинг ичига кириб олган илон Фавқулодда вазиятлар бўлими қутқарувчилари томонидан зарарсизлантирилди.
Қарши шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари зудлик билан воқеа жойига етиб борган. Уй эгалари илон туфайли уйга кира олмагани маълум бўлди. Тахминан 1 метр узунликдаги илон ушланиб, табиат қўйнига қайтарилган.
ФВВ маълумотига кўра, фуқароларга зарур амалий ёрдам кўрсатилган ва ҳеч ким жабрланмаган. Қутқарувчилар бундай ҳолатларда эҳтиёткорликка ва махсус хизматларга мурожаат қилишга чақиради.
Ўзбекистон аҳолиси кунига 1,7 минг кишига кўпаймоқда
Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йил 1 апрел ҳолатига Ўзбекистонда доимий аҳоли сони 37,7 млн кишини ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 фоиз кўпдир.
Йил бошидан буён мамлакат аҳолиси 154,6 минг кишига кўпайган. Бу ҳар ойда ўртача 51,5 минг, ҳар куни эса 1,7 минг кишига ўсишни англатади. Шаҳар аҳолиси сони 19,2 млн, қишлоқларда эса 18,4 млн кишини ташкил қилмоқда.
Жами аҳолининг 18,7 млн нафари аёллар, 18,9 млн нафари эркаклардир. Демак, аҳоли ўсиши барқарорлик касб этмоқда ва мамлакатда демографик фаоллик юқори даражада сақланмоқда.
Мавзуга оид

20:43 / 15.04.2025
15 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:07 / 11.04.2025
11 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:02 / 10.04.2025
10 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

23:18 / 09.04.2025