«Сити»да суперкамбэк, «Барса» нурсиз ўйинида ҳам ғалаба қозонди. Кун ўйинлари
Ҳусанов яна захирада қолди, «Арсенал» яна очко йўқотди, мухлисларини голлар шоусига ўргатиб қўйган каталонияликларга аутсайдерга қарши ўйинда автогол ёрдам берди. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: 0:2 ҳисоби 5:2 га ўзгартирилди
«Манчестер Сити» — «Кристал Пэлас» 5:2
Голлар: Де Брюйне 33, Мармуш 36, Ковачич 47, Макейти 56, О'Райли 79 — Эзе 8, Ричардс 21.
«Манчестер Сити»: Эдерсон (Ортега, 71), Люис, Диаш, Гвардиол, О’Райли, Гонсалес, Ковачич (Грилиш, 87), Гундўған, Де Брюйне (Доку, 87), Макейти (Савинио, 82), Мармуш (Бобб, 82).
«Кристал Пэлас»: Ҳендерсон, Ричардс, Лакруа (Клайн, 63), Лерма, Мунйос, Уортон (Девэнни, 80), Камада, Митчелл (Чилвелл, 63), Сарр, Эзе (Франча, 80), Матета (Ҳьюз, 46).
Огоҳлантиришлар: Камада 31, Гонсалес 40, Лакруа 54, Макейти 68, Лерма 90+4.
Гвардиола Гвардиол аввалига марказий ҳимоячи бўлганини эслаб қолгач, у ва Диашдан иборат жуфтликни туширмоқда, хорватиялик ҳимоячининг ўрнига чап қанотда О’Райли ҳаракатланмоқда, Абдуқодир Ҳусанов эса захирада қолмоқда.
«Кристал Пэлас» 21-дақиқагача икки гол уриши «Манчестер Сити» мухлисларини шок ҳолатига туширди. Эзе (ҳисоб 0:2 ҳолатида унинг яна бир голи офсайд туфайли ҳисобга олинмади) ва Ричардснинг муваффақиятли ҳужумлари оралиғида мезбонлар пеналти талаб қилишди: Гвардиола бурчак зарбасидан кейин Мармушга қўполлик ишлатилган деб ҳисоблаб, норозилик билдирди. Аммо де Брюйне камбэк учун пеналтига ҳожат қолдирмади. «Этиҳад» билан хайрлашаётган белгиялик футболчи жарима зарбасини айёрона тарзда ижро этиб, Ҳендерсонни доғда қолдирди.
Кевиннинг бу ижроси ўйинни 180 даражага ўзгартириб юборди. «Кристал Пэлас» очиқчасига сочилиб кетди, аввалига Макэйти меҳмонларни кечирганди, аммо Мармуш ўзига келиб қолган тўпни куч билан дарвоза тўрига йўналтирди. Бу ҳужумда ҳам де Брюйне муҳим ролни ўйнади: у тўпни Гундўғанга ташлаб бергач, унинг муваффақиятсиз зарбаси голли узатмага айланиб кетди. Лондонликлар танаффусгача чидаб беришди, аммо иккинчи бўлим бошида О'Райли ўз қанотидан жарима майдонига ёриб кириб, тўпни марказга оширди, ундан тўпни қабул қилиб олган де Брюйне эса янада қулайроқ вазиятда турган Ковачичга голли узатма берди.
Шанба кунги шоуни Эдерсон давом эттириб, Макэйтини рақиб дарвозабони билан бирга-бир вазиятга чиқариб юборди ва АПЛ тарихидаги энг сермаҳсул посбон (7 голли узатма)га айланди. Аммо бу ўйин ҳам «шаҳарликлар» учун муаммосиз кечмади ва бразилиялик посбон йўқ жойда жароҳат олиб, майдонни тарк этди.
«Ноттингҳэм Форест» – «Эвертон» 0:1
Голлар: Дукуре 90+4.
Огоҳлантиришлар: Дукуре 16, Брентвейт 39, Гуйе 87.
«Астон Вилла» – «Саутҳэмптон» 3:0
Голлар: Уоткинс 73, Мален 79, Макгинн 90+4.
Аниқ ижро этилмаган пеналтилар: Асенсио 69, 90+4.
Огоҳлантиришлар: Фернандес 38, Беднарек 38, Ҳарвуд-Беллис 88.
Кейинги турда «Манчестер Сити» «Ҳудисон Парк» сеҳрига қарши туриши керак бўлади, жорий мавсумда бу ерда «катта олтилик»нинг бирор жамоаси ғалаба қозона олмаган. Дэвид Мойес қайтганидан кейин «Эвертон» амалда деярли барча жамоалар учун ўта ёқимсиз рақибга айланган. Бу турда «ирислар» «Ноттингҳем»ни унинг майдонида мағлубиятга учратган ҳолда, амалда имконсиз ишни уддалашди. «Ўрмончилар» жамоаси уйда кетма-кет ўн учрашув давом этган мағлубиятсиз сериясини тўхтатди, қўшимча дақиқаларда Муриллонинг аҳмоқона тарзда тўп йўқотиши ўйин тақдирини ҳал қилди. Тўпни бразилиялик ҳимоячидан олиб кетган Макнил Дукурени яккама-якка вазиятга чиқариб юборди ва турнир жадвалининг юқори қисмида интригани кучайтирди.
Учинчи ўринни ўзида сақлаб қолган «Ноттингҳэм» энди «Сити»дан атиги икки очкога олдинда бормоқда. «Челси» ҳам якшанба кунги ўйинда ғалаба қозониб, яқинлашиб олиши мумкин. Ҳозирча эса Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи бешинчи ўринга «Астон Вилла» кўтарилиб олган. Бирмингҳэмликлар АПЛни тарк этаётган «Саутҳэмптон» майдонида бир соатгача дарвозага йўл тополмади. Асенсио эса шу куни икки бор пеналтидан фойдалана олмади. Қўшимча дақиқалардаги иккинчи ҳолатда эса Рамсдэйл қайтарган тўпга барибир Макгинн биринчи бўлиб етиб келди. Испаниялик яримҳимоячининг ҳисоб 0:0 ҳолатидаги биринчи хатоси эса барчасини барбод қилиши ҳам мумкин эди. Уоткинс захирадан майдонга тушиши ўйинда бурилиш ясади, у Тилеманснинг узун пасидан кейин тўпга бир тегинишда уни дарвозабон устидан ошириб тўрга йўллади.
«Арсенал» – «Брентфорд» 1:1
Голлар: Парти 61 – Висса 74
«Арсенал» — Райя, Салиба, Парти (Тимбер, 69), Кивер, Тирни (Люис-Скелли, 62), Зинченко (Эдегор, 62), Жоржинио, Райс (Мерино, 75), Нванери (Сака, 63), Троссар, Мартинелли.
Ўйин куни «Арсенал» ва «Брентфорд» ўртасидаги дуранг билан якунланди. «Канонирлар» бир неча кундан кейин ЕЧЛ чоракфиналида «Реал»га қарши кечадиган жавоб учрашувини биринчи ўйинга қўймоқда. Аралаш таркиб туширилган (Эдегор, Сака, Скелли, Мерино захирада қолдирилди) ўйиннинг биринчи бўлимида мезбонлар сон жиҳатдан устунликка эришиши мумкин эди, Мартинелли қулай вазиятга чиқиб кетиши мумкин бўлган ҳужумда Норгард уни ўта қўполлик билан тўхтатди, аммо ҳакам сариқ карточка билан кифояланди.
Биринчи бўлимда Микел Артета жамоаси ўнта бурчак зарбасидан наф чиқара олмади. Иккинчи бўлимда лондонликлар рақиб томонидан амалга оширилган бурчак зарбасидан кейин муваффақиятли қарши ҳужум амалга оширилди. Ҳаводаги тўпни илиб олган дарвозабон Райя уни тезлик билан Райсга етказиб берди, мадридликларга қарши биринчи ўйин қаҳрамони эса уни рақиб жарима майдонига қадар олиб борди ва ўнг қанотда очилган ва ҳеч ким қўриқламаган Партига ассистентлик қилди. Инглиз яримҳимоячиси бу мавсумда барча турнирлар доирасида 16-голли ҳаракатини амалга ошириб, шахсий рекордини такрорлади. Аммо Висса қизил-оқларни ғалабадан маҳрум этди, меҳмонларнинг бу сафарги бурчак зарбаси жамоанинг ўзига муваффақият келтирди, ҳужумни иккинчи темпда давом эттирган Мбемо тўпни жарима майдонига ошириб берди ва Висса ҳимоядаги палапартишликдан фойдаланиб, «асаларилар» жамоасидаги 50-голли ҳаракатини амалга оширди (41 гол ва 9 пас). «Арсенал» бу мавсумда ҳисобда олдинда борган ўйинларида йўқотган очколари сони 16 тага етди. Бу эса олдинги икки мавсумдагидан атиги биттага кам. Бу эса лондонликлар чемпионлик учун курашни «Ливерпул»га нега бу қадар эрта бой берганини изоҳлайди.
Испания: Мартинес халоскор
«Леганес» – «Барселона» 0:1
Гол: Саэнс 48 (автогол)
«Леганес» – Дмитрович, Розе, Саэнс, Гонсалес, Эрнандес, Тапиа, Алтимира, Родригес, Сиссе, Диоманде, Раба.
«Барселона» – Шесни, Араухо (Де Йонг, 46), Мартинес, Балде (Мартин, 41), Гарсия (Кубарси, 80), Педри, Ямал, Лопес (Гави, 67), Рафиня, Левандовски (Торрес, 67)
«Барселона» бор ҳиссиётларини Чемпионлар лигаси ўйинида қолдиргандек тасаввур ҳосил бўлди. «Леганес» майдонида кўк-анорранглар танаффусга қадар бирор марта голли вазият ярата олмади ва рақиб дарвозасига тўғри борган бирорта зарба йўлланмади. Танаффусдан кейин эса Мартин тўпни олиб қўйиши билан бошланган ҳужумни Рафиня давом эттирди ва тўпни Левандовски томон узатди, Саэнс эса уни тўсишга уриниб, ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. Лекин Фермин Лопесга бундай омад етишмади, у бир неча ҳимоячини ортда қолдириб, бир неча метрдан зарба берди, аммо тўп хато кетди. Натижада ғалабали ҳисобни катта қийинчилик билан сақлаб қолишга тўғри келди, ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Иниго Мартинес яккама-якка вазиятга чиқиб бораётган Мунирни тўхтатиб қолиб, қаҳрамонлик кўрсатди. Энди чемпионлик пойгасида бундай ғалабалар йирик ҳисоблардан ҳам муҳимроқ. Камида «Реал»нинг якшанба кунги ўйинига қадар Ҳанси Флик жамоаси мадридликлардан етти очкога олдинда бўлади.
Италия: «Интер» хатосини такрорламади
«Интер» – «Каляри» 3:1
Голлар: Арнаутович 13, Мартинес 26, Биссек 55 – Пикколи 48
«Интер» — Зоммер, Биссек, де Вриж, Аугустон, Залески (Бастони, 67), Фраттези, Чалханўғли, Барелла, Димарко (Дармиан, 59), Мартинес (Тюрам, 67), Арнаутович (Корреа, 59).
«Каляри» — Каприле, Паломино, Мина, Заппа (Оберт, 72), Зортеа, Адопо, Макумбу (Марин, 62), Дейола (Гаэтано, 72), Аугелло, Коман (Лувумбо, 62), Пикколи
«Интер» бу ўйинни ҳам кучли бошлади, бошланғич таркибда майдонга тушган Арнаутович нафақат ҳисобни очди, балки миланликларнинг устунлигини оширган Лаутаро Мартинесга голли пас ҳам берди. Иккинчи бўлим бошида Пикколи ҳисобдаги фарқни қисқартирганида кўпчилик нерадзуррилар бир ҳафта олдин «Парма» майдонида биринчи бўлимдаги икки гол устунлиги бой берилганини (2:2) ёдга олди. Аммо бу сафарги ўйинда чемпионат пешқадамлари тезда ҳисобни яна мустаҳкамлади. Бурчак зарбасидан кейин Биссек том маънода тўпни боши билан дарвоза тўрига олиб кирди ва Симоне Индзагининг А серия доирасида Миланда кечган ўйинлардаги 54-ғалабасини таъминлади. Ушбу мутахассис «Интер» бошқарувига келганидан буён Италияда ҳеч бир клуб ўз стадионида бундай натижа қайд этмаган. Агар шу давр учун топ-5 лигалардаги кўрсаткичлар олинса, фақат «Манчестер Сити» (56) ва «Ливерпул»да (55) яхшироқ, «Реал»ники эса бир хил.
«Ювентус» – «Лечче» 2:1
Голлар: Копмейнерс 2, Йилдиз 33 – Баскиротто 87
«Ювентус» — Ди Грегорио, Калулу, Вейга, Келли, Гонсалес (Конйсейсау, 76), Локателли, Тюрам, Маккенни, Копмейнерс (Веа, 67), Йилдиз (Савона, 90+1), Влаҳович (Коло-Муани, 67).
«Лечче» – Фалконе, Вейга, Баскиротто, Гаспар, Галло (Сала, 46), Жиен, Кулибали, Перотти, Пиеррет, Крстович (Ребич 46), Тете.
Игор Тудор мавсум давомида жамоани қабул қилганда тез натижа кўрсатадиган мураббий сифатидаги мақомини яна бир бор тасдиқлади. Хорватиялик мураббий қўл остидаги «Ювентус» 3 турда 7 очко жамғариб, 3-ўринга кўтарилиб олди. Қолаверса, «кекса синиора» чемпионлик квартетида қолиши аниқ, чунки унинг асосий рақобатчилари - «Болоня» ва «Аталанта» якшанба куни ўзаро ўйнайди. «Лечче»га қарш ўйинда эса Влаҳовичнинг ҳаракатларини алоҳида таъкидлаш керак. Сербиялик футболчи Италиядаги фаолияти давомида (247 та ўйинда) илк бор бир ўйинда иккита голли узатмани амалга оширди.
Германия: немис классикасида кучлар тенг
«Бавария» – «Боруссия» Д 2:2
Голлар: Геррейру 65, Гнабри 69 – Байер 48, Антон 75
«Бавария» — Урбиг, Лаймер, Дайер, Станишич, Киммих, Мин-Жэ (Геррейру, 54), Горецка (Павлович, 63), Олисе, Мюллер (Коман, 81), Сане (Гнабри, 63), Кейн.
«Боруссия» Дортмунд — Кобел, Зюле, Свенссон, Жан, Антон, Риерсон, Ўзжан (Чуквуэмека, 71), Гросс, Брандт (Нмеча, 70), Байер (Адееми, 81), Гирасси.
Немис классикаси анъанага кўра турнинг қолган барча ўйинларини сояда қолдирди, «Бавария» эса ЕЧЛдаги муваффақиятсизликдан сўнг «Боруссия» билан ажойиб ўйин кўрсатди. Айниқса, Дортмунд сценарийси асосида бошланган иккинчи бўлимда. Биринчи бўлимда Кобелнинг сейвлари «асаларилар»ни ўйинда қолдирганди, у қулай вазиятларга эга бўлган Олисе ва Кейнга гол уришга имкон бермади. Иккинчи бўлим бошида эса сўнгги ҳафталарни кўтаринки руҳда ўтказаётган Байер меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Рюерсоннинг узатмаси вақтида Ким Мин Жэ ортида очилган рақибни кўрмай қолгач, тўп Уриганинг оёқлари орасидан ўтказилди.
Венсан Компани футболчи алмаштиришлар билан ўйинни ўзгартирди, голда хато қилган кореялик ҳимоячи ўрнига тушган Рафаэл Геррейру собиқ жамоасини ранжитиб, ҳисобни тенглаштирди. Унга эса шу куни 29-марта немис классикасида майдонга тушиб, Ҳуммелснинг рекордини такрорлаган Мюллер ассистентлик қилди. Яна бир жокер — Гнабри ҳам ажойиб ҳаракат қилди. Айнан у биринчи голли ҳужумда жарима майдони ичидаги Мюллерни тўп билан таъминлаганди, кейин эса ўзи мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Аммо шу куни «Боруссия» мағлубиятга лойиқ ўйин кўрсатмаганди ва Гирассининг саъй-ҳаракатлари билан мағлубиятдан қутулиб қолди. Унинг ноқулай ҳолатда йўллаган зарбасини Урбиг қайтарганди, аммо тўп Антоннинг оёғига бориб тушди.
«Байер» — «Унион» 0:0
«Байер» — Градецкие, Та, Тапсоба (Артур, 74), Инкапиэ, Фримпонг, Гарсия (Вирц, 57), Жака, Грималдо (Бонифасе, 74), Телла, Паласиос (Ҳофманн, 86), Шик
«Ҳоффенҳайм» — «Майнц» 2:0
Голлар: Крамарич 4, 32
«Байер»нинг «Унион» билан ўйинда дуранг ўйнаши эса «Бавария» фойдасига хизмат қилди. Мюнхенликлар очко йўқотганига қарамай, иккинчи ўрин билан орадаги фарқи ҳамон олти очколигича қолмоқда. «Майнц» эса мавсум охирига келиб пасаймоқда ва кучли тўртликдан чиқиб кетди. Айни вақтдаги ҳолатга кўра, жума куни «Волфсбург» устидан қозонилган ғалаба (3:2) билан турни очиб берган «Лейпциг» ЕЧЛга йўлланма оладиган тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. Лекин турнир жадвалида жамоалар тиғиз жойлашган — тўртинчи ва Менхенгладбаҳнинг «Боруссия» жамоаси эгаллаб турган еттинчи ўрин орасидаги фарқ атиги тўрт очко.