Ижобий ва конструктив: Эрон ва АҚШнинг Трамп давридаги илк музокаралари қандай ўтди?
Ўмонда Эрон ва АҚШ ўртасида Теҳрон ядро дастури бўйича музокараларнинг биринчи раунди бўлиб ўтди – бу икки давлат 2018 йилдан бери бундай юқори даражада ҳамкорлик қилмаганди.

Фото: Getty Images
Ҳар икки томон учрашувни конструктив деб атади ва музокараларнинг иккинчи раундини келаси ҳафта ўтказишга келишиб олганини тасдиқлади. АҚШ эҳтимолий келишувга эришишда «тўғридан тўғри алоқа» муҳим рол ўйнашини маълум қилди.
Эрон номидан ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи, АҚШдан эса президентнинг махсус элчиси Стив Уиткофф иштирок этди (у аввалдан Трампнинг Яқин Шарқ бўйича маслаҳатчиси эди, аммо кейинроқ бошқа музокаралар жараёнларига, жумладан, Россия-Украина урушини якунлаш бўйича музокараларга ҳам қўшилганди).
2015 йилда президент Барак Обама даврида Эрон ва жаҳон давлатлари ўртасида тузилган аввалги ядровий келишувдан АҚШ 2018 йилда Трампнинг биринчи муддати пайтида бир томонлама чиқиб кетганди. Ўшандан бери Теҳрон шунга ўхшаш, аммо ўзлари учун фойдалироқ шартларда битим тузишга умид қилиб келади.
Музокаралар Ўмон пойтахти Маскатда асосан воситачи орқали бўлиб ўтди: Эрон ва АҚШ делегациялари турли хоналарда бўлиб, Ўмон ташқи ишлар вазири Бадр бин Ҳамад ал-Бусайдий орқали бир-бирларига хабарлар етказишди.
Бироқ Ароқчи ва Уиткофф бир неча дақиқа ал-Бусайдийнинг олдида юзма-юз кўришган. Эрон делегацияси ўз мамлакати раҳбариятидаги радикал қанот томонидан босимни ҳис қилиб, бу учрашувдан ҳеч қандай фотосурат бўлмаслигини сўраган.
Учрашувдан сўнг Эрон вазири учрашувни ижобий деб атади. «Фикримча, биринчисига бу тинч ва ҳурматли муҳитда ўтган конструктив учрашув бўлди, ҳеч қандай номақбул иборалар ишлатилмади», – деди Ароқчи Эрон давлат телевидениесига.
Оқ уй ўз баёнотида ҳам Ўмондаги муҳокамалар «жуда ижобий ва конструктив» деб баҳоланган. Қайд этилишича, Уиткофф Эрон делегациясига «агар иложи бўлса, келишмовчиликларни мулоқот ва дипломатия орқали ҳал қилиш» бўйича кўрсатма берилганини маълум қилган.
Доналд Трамп журналистларнинг музокаралар жараёни ҳақидаги саволига жавоб берар экан, шундай деди: «Менимча, улар яхши кетмоқда».
«Ниятингизга етмагунингизча ҳеч нарсанинг аҳамияти йўқ. Шунинг учун бу ҳақда гапиришни ёқтирмайман», – дея қўшимча қилди у.
Буёғига нима бўлади?
«Бизга ҳам, бошқа томонга ҳам самарасиз музокаралар, номига қилинадиган муҳокамалар керак эмас, – деди Ароқчи Эрон давлат телевидениесига берган интервюсида. – Вақтни беҳуда сарфлаб, музокаралар жараёнини чексиз чўзишни истамайман».
Ўз навбатида, Бусайдий ижтимоий тармоқларда «умумий мақсад – адолатли ва мажбурий келишув тузишга қаратилган» ушбу музокараларда воситачи бўлганидан фахрланишини ёзган.

Аниқлаштирилиши керак бўлган энг муҳим масала – бу қандай шартларда битим иккала томон учун ҳам мақбул бўлиши.
Ўтган ойда Доналд Трамп БАА воситачилигида Эрон диний раҳнамосига мактуб йўллаб, унда янги келишув – Эронда ядро қуроли яратилишининг олдини олиш ва шу тариқа Теҳронни АҚШ ва Исроилнинг эҳтимолий ҳарбий зарбаларидан ҳимоя қилиш учун зарурлиги айтилганди.
Эрон ядро дастурини бутунлай йўқ қилиш ҳақида эмас, балки уни чеклаш ҳақида келишиб олишга умид қилмоқда. Бундай ён беришлар орқали Теҳрон санкцияларни юмшатишга эришмоқчи.
«Биз тенглик асосида адолатли ва ҳурматга асосланган келишувга эришмоқчимиз, – деб тушунтирди Ароқчи. – Агар бошқа томон ҳам худди шундай позицияда бўлса, умид қиламанки, биз музокаралар олиб бориш имкониятини берадиган умумий истиқболни топишга муваффақ бўламиз».
Унинг сўзларига кўра, у билан Ўмонга келган бошқа эронлик делегатлар «айнан шу соҳада экспертлар ва бу масала бўйича музокаралар олиб бориш тажрибасига эга».

Нетаняҳу Эрон билан «Ливия битимига ўхшаш битим» тузишни таклиф қилмоқда, 2003 йилда Ғарб давлатлари билан эришилган келишув доирасида Ливия Муаммар Қаззофий даврида оммавий қирғин қуролларини яратиш дастуридан бутунлай воз кечишга рози бўлганди.
Эрон учун бундай вариант мутлақо номақбул бўлиб кўринади.
Эрон расмийлари музокараларда фақат ўз мамлакатининг ядровий дастурини муҳокама қилишга тайёрлигини, унинг мудофаа салоҳиятининг кенгроқ масалаларини, масалан, баллистик ракеталар яратиш дастурини муҳокама қилишга тайёр эмаслигини маълум қилган.
Музокаралар арафасида Трамп Эрон «ажойиб, буюк, бахтли мамлакат бўлишини истаётгани, бироқ унда ядро қуроли бўлиши мумкин эмаслиги»ни айтганди.
Трампнинг огоҳлантиришича, агар музокаралар барбод бўлса, АҚШ ҳарбий куч ишлатиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади, бироқ Эрон босим остида музокаралар олиб бормаслигини бир неча бор таъкидлаган.
Бироқ, ҳозирги музокаралар ҳам катта босим остида ўтмоқда.
Томонлар ушбу учрашувга тайёргарлик кўраётган бир пайтда Вашингтон Яқин Шарққа қўшимча равишда яна бир нечта ҳарбий кемалар ва бомбардимончи самолётларни юборди, шунингдек, Эронга қарши янги санкциялар киритди.

EPA-EFE/REX/Shutterstock
Душанба куни АҚШ президенти Овал кабинетда журналистларга агар музокаралар муваффақиятли якунланмаса, «бу Эрон учун жуда ёмон кун бўлиши»ни айтганди.
Эрон уранни бойитиш соҳасидаги фаолияти фақат тинч мақсадларга қаратилгани ва ҳеч қачон ядро қуролини ишлаб чиқариш ёки сотиб олишга интилмаслигини таъкидламоқда.
Бироқ, Трамп 2015 йилдаги келишувдан чиқиб, Теҳронга қарши санкцияларни қайта тиклаганидан бери, Эрон амалдаги шартнома билан ўрнатилган чекловларни тобора кўпроқ бузмоқда ва аллақачон бир нечта атом бомбаларини ишлаб чиқариш учун етарли даражада юқори бойитилган уран тўплаган.
2015 йилги келишув шартларига кўра, Эрон уранни фақат 3,67 фоиз тозалик даражасигача бойитиши мумкин. Бироқ феврал ойида Атом энергияси бўйича халқаро агентлик Теҳрон 60 фоизгача бойитилган уран захираларини тўплашга муваффақ бўлгани ва унинг тозалигини нисбатан тезроқ 90 фоизга етказиши мумкинлигини, бу эса ядро қуролини яратиш учун етарли эканини маълум қилди.
2015 йилда ядровий келишув тузилишидан олдин деярли икки йил давомида қизғин музокаралар олиб борилган.
Келишувга эришиш учун янги уриниш бошланган пайтда Эрон дастури аллақачон 10 йил олдингига қараганда анча ривожланган ва мураккаб, бутун Яқин Шарқ минтақаси эса анча беқарор.
Мавзуга оид

14:00 / 13.04.2025
WSJ: Эрон АҚШ билан музокараларда ядровий дастурини чеклаш эвазига санкциялар юмшатилишини талаб қилди

21:19 / 12.04.2025
Эрон ва АҚШ Уммонда ядровий келишув бўйича илк музокараларни ўтказди

00:11 / 11.04.2025
Стив Уиткофф Эроннинг юқори мартабали вакиллари билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказади

09:49 / 10.04.2025