Трампнинг ортга тисарилиши. У нега божларни 90 кунга музлатиб қўйди?
Савдо уруши уч ойдан кейин қайта бошланадими? АҚШ ва Хитой ўртасидаги зиддият кучайишидан нима кутиш мумкин?

Jabin Botsford / The Washington Post / Getty Images
10 апрел куни, АҚШ ўнлаб мамлакатлардан товар импортидан қўшимча божхона тўловларини йиғишни бошлаши керак бўлганидан бир неча соат ўтиб, Доналд Трамп савдо сиёсатида яна бир кескин бурилиш ясади – ва тарифлар оширилишини 90 кунга музлатиб қўйди. Бўйсунмас Хитой бундан мустасно бўлиб, у учун ставка яна бир бор ошди – шундоқ ҳам ҳаддан ташқари даражада бўлган 104 фоиздан 145 фоизгача. Шунга қарамай, инвесторлар Трампнинг муросага келишга тайёрлигидан хурсанд бўлишди ва сўнгги ҳафтадаги «айиқ» тренди бир зумда фонд индексларининг рекорд даражадаги ўсиши билан алмашди. Трампни ўз қарорини қайтиб олишга нима мажбур қилди? Ва уч ойдан кейин савдо уруши қайтадан бошланишини кутиш керакми? Вашингтон ва Пекин ўртасидаги тирашув дунёга қандай таъсир қилади? «Медуза» шу саволларга жавоб излади.
Трамп нега танаффус қилди?
АҚШ президенти молия бозорларининг мамлакатнинг барча асосий савдо ҳамкорларига қарши тариф тўлқинларига реакциясини пайқамай қолмагани аниқ. Биржалар можаро кучайишининг ҳар бир янги босқичида шиддат билан қулади; ҳатто республикачининг нуфузли партиядошлари ва Уолл-стритнинг оғир вазнли вакиллари – масалан, JPMorgan Chase бош директори Жейми Даймон ҳам танқидий чиқиш қилди.
Амалда Вашингтон учун асосий огоҳлантириш сигнали, катта эҳтимол билан, АҚШ давлат облигациялари бозоридаги муаммолар бўлган. АҚШ давлат қарзини молиялаштиришнинг асосий воситаси бўлган қимматли қоғозларнинг даромадлилиги – бутун қимматли қоғозлар бозорининг қулаши билан бирга юқорига кўтарила бошлади. Келажакда бу тобора кўпроқ инвесторларни давлат облигацияларини сотиб юборишга ундаши мумкин. Бундай активларнинг энг йирик эгалари эса тарифлардан «ранжиган» Япония ва Хитой давлатларидир. Америка президенти эса айнан давлат қарзи юкини енгиллаштиришни ўз сиёсатининг стратегик вазифаларидан бири сифатида белгилаганди.
Шу билан бирга, Трамп йўналишни нотўғри олганини тан олмади ва фақат давлат облигациялари бозорини кузатаётгани ҳамда «баъзида мослашувчан бўлишга тўғри келиши»ни таъкидлади. The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб ёзишича, АҚШ молия вазири Скотт Бессент сўнгги лаҳзада президентни «мослашувчан бўлиш лозимлиги»га ишонтирган бўлиши мумкин. Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, айнан у инвесторлар шикоятларининг асосий манзили бўлган ва саҳна ортида туриб бу борадаги сиёсатни юмшатишни лобби қилган. Энди ушбу расмий Трампга ўзининг ҳақлигини исботлаши ва яқин келажакда савдо ҳамкорлари билан Америка экспорти учун янада қулай шартлар бўйича келишиб олиши керак бўлади.
Оқ уйда ҳукмронлик қилишда давом этаётган хаоснинг иллюстрацияси Конгрессдаги мунозара бўлди. Трамп божларни музлатиш тўғрисида эълон қилган пайтда, унинг маслаҳатчиси Жемисон Грир Вакиллар палатаси аъзоларининг саволларига жавоб бериб, ҳозиргина президент томонидан рад этилган позицияни ҳимоя қилди. «Жин урсин, буларнинг барчаси учун ким жавоб беради?» – деб қичқирди Грирга палатанинг Невада штатидан сайланган аъзоси, демократ Стивен Ҳорсфорд. «Америка Қўшма Штатлари президенти», – деди давлат раҳбари маслаҳатчиси лўнда қилиб.
Хитойга қарши тарифлардан ташқари барча тарифлар музлатилганми?
Йўқ. АҚШ дастлабки рўйхатда кўрсатилган барча 180 та давлат ва ҳудудлар учун импорт божларини бирдек 10 фоизга ошириш ғоясидан воз кечмади. Шу билан бирга, бир қатор товар тоифалари ушбу тарифлар таъсиридан чиқарилди: чиплар, мис, ёғоч материаллари, фармацевтика маҳсулотлари, олтин қуймалари, энергия ресурслари ва АҚШда захиралари йўқ бўлган фойдали қазилмалар.
Шунингдек, автомобиллар ва автомобил эҳтиёт қисмлари ҳам янги чекловлар остида эмас – аммо март ойидан бери улар Америка чегарасини кесиб ўтишда 25 фоизлик божга тортилмоқда. Баъзи ҳолларда тарифларнинг худди шундай даражаси мамлакат даражасида (Мексика ва Канадага нисбатан) ва товар даражасида (пўлат ва алюминийга нисбатан) сақланиб қолди. Маълумки, Оқ уйда мис, ёғоч материаллари, чиплар ва фармацевтика маҳсулотларига 25 фоизлик ставкани қўллаш масаласи муҳокама қилинмоқда.
«Акс эттирувчи» тарифлар ҳам уч ойдан кейин қайтадими?
Ҳозирча бундай сценарий эҳтимолдан йироқ кўринади. Трампнинг таъкидлашича, 70 дан ортиқ давлат АҚШ билан 2 апрелдан кейин божларнинг индивидуал шартлари ёки ҳатто уларни ноллаштириш бўйича музокаралар учун навбатга турган. Financial Times таъкидлашича, Оқ уйнинг ўзи ҳам ҳеч бўлмаганда Япония ва Жанубий Корея каби йирик савдо ҳамкорлари ҳамда АҚШ корхоналари учун саноат қувватларини инфратузилма билан таъминлай оладиган Ветнам ва Камбоджа каби давлатлар билан тезроқ муросага келишдан манфаатдор.
Ҳатто расмий равишда Вашингтон билан божлар бўйича «отишма»га киришга улгурган контрагентлар ҳам можарони юмшатишга тайёр. Масалан, Европа Иттифоқи аллақачон АҚШ импортига қарши 15 апрелдан кучга кириши керак бўлган тарифлар пакетини музлатиб қўйишини эълон қилди.
SEC Newgate консалтинг фирмаси таҳлилчиси Элли Ренисоннинг фикрича, кўплаб музокараларни параллел равишда олиб бориш учун АҚШ расмийларига барча товарлар импортини ялпи солиққа тортишдан қочиш ҳамда фақат муайян тоифалар ёки алоҳида истиснолар учун божларни муҳокама қилиш қулайроқ бўлади. Бундай мулоқот бозор томонидан анча конструктив қабул қилинади ва Вашингтонга АҚШнинг бошқа мамлакатларга экспортига қарши ҳақиқий адолатсиз божхона амалиётларини бартараф этишга ёрдам беради, дея хулоса қилган эксперт.
АҚШ ва Хитой савдо урушидан нима кутилади?
Афсуски, ҳеч қандай яхши нарса йўқ – агар бу ҳолатда ҳам муроса топилмаса. 2024 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 580 миллиард доллардан ошган. Савдо баланси Американинг Хитойдан импорти фойдасига ўзгарди: АҚШ деярли 439 миллиард долларлик товарларни импорт қилди ва 143,5 миллиард долларлик товарларни тескари йўналишда етказиб берди. Мамлакатлар, шубҳасиз, бир-бирига жуда боғлиқ ва савдо алоқалари узилиши осон кечмайди.
Сўнгги кунларда асл ҳолатни акс эттирувчи дастлабки муаммолар ва хавотирлар ҳақида кўплаб янгиликлар пайдо бўлди: масалан, Apple тарифлар жорий этилиши арафасида АҚШга айфонлар билан тўлдирилган бешта самолёт олиб келган, Хитойдаги арча ўйинчоқлари ишлаб чиқарувчилар эса ёзги мавсумда америкалик мижозларни йўқотиб, буюртмаларсиз қолиш хавфи остида. Таъминотга боғлиқ компаниялар бизнес жараёнларини қайта қуриш билан шуғулланаркан, яқин келажакда бундай янгиликларни яна кўп эшитиш мумкин.
Табиийки, бу Хитой иқтисодиёти учун оғриқли зарба бўлади. Goldman Sachs таҳлилчиларига кўра, жорий ва келгуси йилда АҚШ билан савдо можароси мамлакат иқтисодиёти ўсишини 0,5 фоизга секинлаштириши мумкин (инвестбанкнинг янги прогнози – 2025 ва 2026 йиллар учун олдинги прогнозга кўра кутилган 4,5 ва 4 фоиз ўрнига 4 ва 3,5 фоиз).
Хитой ўз экспортини диверсификация қилишга мажбур бўлади ва етказиб беришнинг бир қисми Россия бозорига йўналтирилиши мумкин. РБК билан суҳбатлашган экспертлар ҳатто Россия ҳукумати мамлакатга Хитой маҳсулотлари кириб келган тақдирда, айрим товар тоифалари бўйича ўз протекционизм чораларини кўришига тўғри келишини истисно қилишмади.
Глобал савдо уруши хавфи муқаррар дейиш мумкинми?
Биз билиб бўлмайди. Буни ҳеч ким билмайди. Кўплаб экспертлар энди айнан шуни асосий муаммо сифатида кўрсатмоқда: Трамп ўзининг беқарорлиги билан ишончсизлик ва ноаниқлик тўлқинини келтириб чиқарди. «Иқтисодиётга оид [академик] адабиётларда ноаниқлик таъсири баъзан [ҳаддан ташқари] тарифлардан кам бўлмаган даражада зарарли деб таърифланади. Ҳозир эса жуда катта ноаниқликни кўряпмиз. Агар Трамп бугун тарифларни жорий қилмаслик учун битимлар тузса ҳам, эртага у яна фикрини ўзгартириши [ва яна божларни жорий қилиши] мумкин», – деди Сассекс университетининг савдо сиёсати бўйича тадқиқотчиси Николо Тамбери Financial Times нашрига берган шарҳида.
Ҳозирча, бозорга қисқа муддатли оптимизм тўлқинидан сўнг, кўплаб инвесторлар кутиш позициясини эгаллаб, уч ой давомида фаол харидлардан воз кечишлари мумкин, деди Santander US Capital Markets инвестиция компанияси стратеги Стивен Абрамс: «Биз барчамиз биринчи „озодлик куни“ни кўрдик. Шубҳасиз, кимдир иккинчиси ҳам бўлиши мумкинлигига қарамай, сармоя киритишга қарор қилади. Лекин кўпчилик кутишни маъқул кўради».
Мавзуга оид

23:45 / 13.04.2025
Трамп космик тадқиқотлар бюджетини икки баробарга қисқартиришга қарор қилди

20:51 / 13.04.2025
АҚШ савдо борасида Хитой билан «юмшоқ мулоқот» бошланганини маълум қилди

20:00 / 13.04.2025
Хитой узлуксиз 30 соатгача парвоз қилишга қодир дронни тақдим этди

17:24 / 13.04.2025