Жаҳон | 20:19 / 11.04.2025
3061
2 дақиқада ўқилади

Трамп Россияни Украина билан урушни тугатиш учун «ҳаракатни бошлашга» чақирди

Баъзи манбалар Трамп Россия расмийлари Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни «чўзиб юбормоқда», деб ҳисоблашини таъкидламоқда.

Фото: REUTERS

АҚШ президенти Доналд Трамп Truth ижтимоий тармоғида Россияни Украинадаги урушни тугатиш учун «ҳаракатни бошлашга» чақирди.

«Россия ҳаракатни бошлаши керак. Даҳшатли ва маъносиз урушда жуда кўп одамлар ҳалок бўлмоқда, ҳафтасига минглаб. Агар президент бўлганимда бу уруш ҳеч қачон бошланмаслиги керак эди ва бошланмас эди!!!», деб ёзди Трамп.

Fox News манбасига кўра, Трамп Россия расмийлари Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни «чўзиб юбормоқда», деб ҳисоблайди. Телеканал суҳбатдошининг таъкидлашича, Трамп Россия президенти Владимир Путиндан «ҳафсаласи пир бўлган». Шу муносабат билан Оқ уй чекловларни четлаб ўтиб, нефтни ташувчи Россиянинг «махфий флотига» зарба берадиган «агрессив санкцияларни қўллаш» вариантини кўриб чиқмоқда.

11 апрель куни АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф Россияга борди. У Путин билан музокаралар олиб боради. Россия президенти матбуот котибининг сўзларига кўра, учрашув мавзулари «Украина келишувининг жиҳатлари» бўлади ва музокаралар «президент Путинга маъқул бўлган вақтгача» давом этади. Шу билан бирга, Песков Уиткоффнинг навбатдаги ташрифини «ҳал қилувчи деб аташ мумкин эмаслиги» ва учрашувдан ҳеч қандай ютуқ кутмаслик кераклиги ҳақида огоҳлантирди.

Мавзуга оид