Ўзбекистон | 11:36 / 11.04.2025
1540
2 дақиқада ўқилади

Наманган текстил маҳсулотлари Сейшел оролларига экспорт қилинади

Наманган вилояти делегацияси Германия пойтахтида бўлиб ўтган ITB Berlin 2025 халқаро сайёҳлик ярмаркасида иштироки доирасида самарали учрашув ва музокаралар ўтказди.

Фото: dunyo.info

Унда Наманганнинг бой тарихий ва маданий меросини тарғиб этиш, 3000 йиллик Ахсикент археология ёдгорлиги ва 64-Халқаро гуллар фестивали ҳақида халқаро медиа платформаларда кенг қамровли маълумотлар тарқатиш, шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича қатор келишувларга эришилди.

Ярмарка доирасида Сейшел ороллари ташқи ишлар ва туризм вазири Луи Сильвестр Радегонд ва "Ахсикент" археология парки раҳбари Анвар Икром ўртасида музокара ўтказилди. Унда туризм, текстил маҳсулотлари экспорти ва инвестициявий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. "Мен Наманганга алоҳида эътибор билан қарайман. 2023 йилдаги ташрифим чоғида илк ҳамкорлик юзасидан келишувларга эришган эдик. Бугун эса уларни амалий босқичга олиб чиқиш вақти келди", – деди вазир.

Учрашув давомида Сейшел оролларидаги 700 та меҳмонхона ва 2000 та меҳмон уйига Наманганда ишлаб чиқарилган текстил маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятлари, 64-Халқаро гуллар фестивалига ушбу мамлакатдан туристларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди. Луи Силвестр Радегонд жорий йил май ойида расмий делегация билан Наманган вилоятига ташриф буюришини маълум қилди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Германиядаги туризм вакили, Nüma агентлиги раҳбари Даля Алтунтепе Наманган вилоятининг расмий туризм элчиси этиб тайинланди ҳамда агентлик ва Ziyarah Travel компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Мавзуга оид